
Чемпионлар Лигасидаги шиддатли тўқнашувдан сўнг “Тоттенхэм” бош мураббийи Томас Франк ўз жамоасининг ПСЖга қарши 3:5 ҳисобидаги мағлубияти юзасидан ўз фикрларини билдирди. Париж клуби устун келган ушбу баҳс нафақат голларга, балки индивидуал маҳорат намойишларига ҳам бой бўлди.
Франк эътиборни айниқса бир футболчига — ўйинда хет-трик муаллифига айланган ярим ҳимоячи Витиньяга қаратди. Мураббийнинг айтишича, португалиялик футболчининг ўйини бугунги Европадаги энг юксак даражада, ундаги ҳаракат, фаросат ва ўйинни ўқиш қобилияти эса алоҳида эътирофга лойиқ.
“Витинья ҳозирги замон футболининг энг мукаммал ярим ҳимоячиси. Унинг интеллектуал ўйини, тайминг ва ижодкорлиги ўзига хос. Ишонч билан айта оламан — у кейинги ‘Олтин тўп’ соҳибига айланиши мумкин”, — дея таъкидлади Франк.
Лондон жамоаси охирги 5 турда 8 очко тўплаб, гуруҳдаги рақобатни қизитиб қўйган. Эндиликда “шпорлар” навбатдаги турда ўз майдонида “Славия”ни қабул қилади. Франкнинг қайд этишича, жамоа вақт ўтиши билан ўйинини топяпти ва мақсад — плей-оффда муносиб иштирок этиш.
Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, 2025 йилги “Олтин тўп” ПСЖ ҳужумчиси Усмон Дембелега топширилган эди. Бироқ Франк фикрича, Витиньянинг бу мавсумдаги ўсиши ва ўйин жараёнидаги аҳамияти уни номзодлар орасида етакчига айлантириши мумкин.
Футбол экспертлари ҳам португалиялик футболчининг потенциалини юқори баҳоламоқда. Агар у мавсумнинг қолган қисмида ҳам шу тарзда ўйнашда давом этса, жорий йил футбол саҳнасининг бош қаҳрамони бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.