15:10 / 05.11.2021
2 045

«Фақат оқибатларга қарши курашиб юраверамизми?» – инсон қадри учун хизмат қилмайдиган қонун ҳақида

«Фақат оқибатларга қарши курашиб юраверамизми?» – инсон қадри учун хизмат қилмайдиган қонун ҳақида
Фото: Kun.uz
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистонда Интернет платформаларининг блокланиши ортидан юқори лавозимли ҳукумат амалдорларини ишдан олиш билан иш битмаслиги ҳақида ёзиб чиқди.

Хушнудбек Худойбердиев ижтимоий тармоқларнинг блокланиши аслида аввалроқ қабул қилинган хато қарорнинг оқибати эканлигини, фақат оқибатлар билан курашилаётганини таъкидлаган. Блогер 150 нафар депутат ва 100 нафар сенаторлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун киритилган ўзгартиришни маъқуллаши ортидан унинг жабрини бошқалар тортаётганига эътибор қаратган.

«2021 йилда, яъни жорий йилнинг январь ойида ушбу қонунга битта кичкина модда қўшилди. Янги қўшилган 27-1-моддада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари билан ишлайдиган тизимлар серверларини Ўзбекистонга ўрнатиши талаб қилинадиган бўлди. Ким серверини Ўзбекистонга ўрнатишга рози бўлмаса, унда блокланадиган бўлди.

Кўряпсизми, кечаги машмашаларнинг барчаси аслида қайсидир Ғолибшер исмли ижрочининг ўзбошимчалигидан эмас, балки 150 нафар депутат қабул қилиб, 100 нафар сенатор маъқуллаб, кейин имзоланган қонун сабабли бўлмоқда.

Хўп, «Ўзкомназорат» раҳбарини кеча «юқоридагилар» билан келишмагани учун ишдан бўшатишди. Аммо бу оғриқ қолдирувчи дори холос, касалликнинг ўзини тузатмайди. Эртага «Ўзкомназорат»га Валишер, Ғанишер, Алишер раҳбар бўлиб келса ҳам, барибир қонун ўз кучида турибди-ку! Унга кўра, телеграм серверини Ўзбекистонга олиб келмаса, уни блоклаш керак, тамом.

«Ўзкомназорат» бу ерда қонунни ижро қилди ва аҳолининг шунча эътирозига сабаб бўлди. Демак, ўша қонуннинг ўзи адолатсиз ва бир ёқлама ўйлаб қабул қилинган бўлмайдими? Кўрпага қараб оёқ узатиш керак эди, шекилли.

Мантиқан олганда депутатлар ва сенаторлар серверини Ўзбекистонга олиб келмаган тармоқларни блоклаш тарафдори бўлишган ва буни қонунда акс эттиришган
», – дейди блогер.

Постда кейинчалик депутатлар қонун ижросини тезроқ бажариш, яъни серверини Ўзбекистонга ўрнатмаганларни тезроқ блоклашни талаб қилишгани эслаб ўтилган.

Қонунчилик палатаси сайтидан скриншот
Икки хил стандартлар ҳақида
Яна бир қизиқ жойи, жорий йилнинг июнь ойида Twitter, TikTok, Skype, Wechat каби тармоқларни худди шу қонунга асосланиб, худди ўша «Ўзкомназорат» блоклаган эди. Мана, бир неча ойдан буён ушбу тармоқлар ҳалиям блокда турибди. Аммо кечагидек резонанс бўлмаганди.

Telegram, Facebook, YouTube, Instagram блоклангандан кейин даҳшатли ваҳима кўтарилди ва тезда уларнинг блоклари ечилди. Лекин кечаги қий-чувларда ҳам Twitter ва TikTok’дан блок олиб ташланмади.

Хўп, агар интернетни ва айрим тармоқларни блоклаш Янги Ўзбекистон сиёсатига тўғри келмас экан, унда нега барчасидан блок олинмади? Ёки агар қонун талабини бажармаган компанияларни блоклаш аслида тўғри бўлса, унда нега кечаги блокланганлардан тақиқ олиб ташланди? Қанақадир ягона битта принцип бўлиши керак эмасми? Ва бу принцип одамларга муаммолар туғдирмаслиги керак-ку?

Хулоса
Қиссадан ҳисса шуки, кеча бизнинг қуртлаган тишимиз қаттиқ безовта қилгани учун вақтинча оғриқ қолдирадиган дори ичдик. Аммо қуртлаган тиш ҳали турибди. У ҳали яна оғриши мумкин. Бунга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Кеча ижтимоий тармоқлар нега блокланди?
Қонун ижроси учун

Кеча ижтимоий тармоқлардан нега блок олиб ташланди?
Инсон қадри учун

Демак, барча қонунлар ҳам инсон қадри учун хизмат қилавермайди. Ўзбекистонда инсон қадрига зид бўлган қонунлар бор ва уларни тезда қайта кўриб чиқиш керак. Ҳар ҳолда Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқатан янгилиги шунда кўринади. Буларнинг барчаси ИМҲО, албатта.

Биз олдин аниқ бир қарорга келиб олайлик: фақат оқибатларга қарши курашиб юраверамизми ёки сабабларни ҳам ўйлаб кўрамизми?

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » «Фақат оқибатларга қарши курашиб юраверамизми?» – инсон қадри учун хизмат қилмайдиган қонун ҳақида