Ўзбеклар иссиқ чой, кўмирда пиширилган кабоб каби овқатларни яхши кўради. Лекин бу таомлар, қайноқ тарзда ичимлик истеъмол қилиш саратон хавфини келтириб чиқариши мумкин.
Қандай қилиб хавфдан ҳимояланиш мумкинлиги ҳақида Буюк Британиянинг Суонси университетида саратонни эрта аниқлаш бўйича тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик Дениз Акин муҳим маълумотларни бериб ўтди.
Овқатланиш ва саратон хавфи ўртасидаги боғлиқлик тадқиқотларда ўрганилган. Бироқ бу яхши кўрган овқатларимиз саратон касаллигига олиб келади дегани эмас. Фақат, энг муҳими, меъёр – яхши ва мувозанатли овқатланиш саратон хавфини камайтиради.
Баъзи пишириш усуллари саратонга сабаб бўлувчи модда ишлаб чиқарилишига олиб келади. Карсиногенлар – ДНК билан алоқада бўлиб, мутацияларни келтириб чиқарадиган, саратон касаллигига чалиниш хавфини оширадиган моддалар. Юқори ҳароратда пишириш усуллари, масалан, барбекю ёки очиқ оловда гўштни пишириш, баъзи кимёвий моддалар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.
Булар орасида гўштдаги ёғ оловга томиб, гўштга қайтадиган тутун сабаб ҳосил бўладиган полициклик ароматик углеводородлар (ПАУ) ва гўшт ичидаги мураккаб реакциялар натижасида кучли иссиқлик остида ҳосил бўладиган ҳетероциклик аминлар (ҲCА) бор.
Яна бир зарарли кимёвий модда акриламиддир. У асосан картошка каби қандолатли озиқ-овқатларда, уларни қовурганда ёки узоқ вақт давомида юқори ҳароратда пиширганда ҳосил бўлади. Акриламид нон, қаҳва ва дон маҳсулотлари каби озиқ-овқатларда ҳам учраши мумкин.
Бу маълумотларни билиш саратондан хавотирга тушиб яшаш учун эмас, балки у ҳақида маълумот олиш учун керак.
Маълумотларни ўқигач ўзингиз ёқтирган таомлардан бутунлай воз кечишингиз шарт эмас. Бу кимёвий моддалар саратон хавфини оширса-да, озиқ-овқатларни истеъмол қилиш билан боғлиқ хавф, чекиш ёки кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиш каби асосий хавф омиллари билан таққослаганда нисбатан паст. Шунга қарамай саратон моддалари ҳосил бўладиган тарзда таом пиширишдан қочган маъқул. Қайнатиш, буғлаш каби пишириш усулларини танлаш зарарли бирикмалар ҳосил бўлишини сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Бундан ташқари, гўштни ёқмаслик ва пишириш пайтида гўштни вақти-вақти билан айлантириш бу хавфларни камайтиришга бироз ёрдам беради.
Иссиқ чой ҳам хавфлими?
Иссиқ чойнинг хавфли экани ҳақида ўтказилган тадқиқотлар бунга аниқ жавоб топмаган, лекин ўрганишлар давомида керакли хулосалар берилган.
Қизилўнгач саратони – қизилўнгачга, томоқни ошқозон билан боғлайдиган узун найчага таъсир қилувчи жиддий касалликдир. Бу турдаги саратон қизилўнгачдаги ҳужайралар ДНКда генетик ўзгаришга учраганида ривожланади. Вақт ўтиши билан мутациялар баъзи ҳужайралар назоратсиз ўсишига олиб келиши мумкин, бу эса ўсимта шаклланишига олиб келади.
Ўзбекистонда 2000-2018 йилларда қизилўнгач саратони билан касалланиш ҳар 100 000 кишига 2,8 ҳолатни ташкил этган.
Қизилўнгач ракининг асосий сабаби тамаки чекишдир, аммо бошқа хавф омиллари ҳам рол ўйнайди. Бундай омиллардан бири - иссиқ ичимликларни истеъмол қилишдир. Одатда бу 60 даража ёки ундан юқори бўлган ҳароратдаги ичимликлардир.
Дунё бўйлаб энг севимли ичимликлардан бири чой ҳисобланади. Чой ичиш, айниқса, иссиқ чой кўплаб Осиё мамлакатларида кенг тарқалган ва маданиятининг бир қисми даражасига чиққан. Лекин юқори ҳароратдаги ичимликларни истеъмол қилиш ошқозонни иссиқлик билан шикастлаши мумкин.
Иссиқ суюқлик томоқдан ўтиши билан, қорин бўшлиғини қиздиради ва бундай юқори ҳароратга дуч келиш организмга сезиларли даражада зарар етказиши ва саратон хавфини ошириши мумкин. Аммо шуни таъкидлаш керакки, фақат иссиқ чой ичиш саратон касаллигини келтириб чиқариши ҳақида аниқ далиллар йўқ, бу ёрдам берувчи омил бўлиши мумкин, лекин бевосита сабаб эмас.
Саратон касаллигини даволаш мумкинми?
Ҳа, саратоннинг кўп турларини даволаш мумкин, айниқса улар эрта аниқланганда бунинг имкони юқори бўлади. Даволашнинг муваффақияти кўпинча саратон тури, ташхис қўйилган босқич ва беморнинг умумий саломатлиги каби омилларга боғлиқ.
Жарроҳлик, кимётерапия, радиация терапияси ва иммунотерапия каби муолажалар саратон касаллигини даволашда самарали эканлиги исботланган.
Абу Али ибн Сино касалликнинг ўзидан кўра унинг сабабини даволаган маъқул, деганди. Саратон ҳам худди шундай, унга қанчалик эрта ташхис қўйилса, омон қолиш имконияти шунчалик юқори бўлади.
Бунда инсоннинг ўзига бўлган эътибори ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Скрининг текширувларидан ўтиб туриш, соғлом турмуш тарзи ва саратон ҳақида хабардорлик ҳар бир инсонга керак.
Болалар саратони ҳақида
Афсуски, саратон болаларни четлаб ўтмайди. Уларга мутациялар ота-онадан мерос бўлиб ўтиши, баъзилари эса бачадонда содир бўлиши ҳам мумкин.
Болаларни саратон касаллигидан ҳимоя қилиш учун профилактика чоралари ҳомиладорлик даврида онанинг соғлиғидан бошланиши керак. Бўлажак оналар тамаки ва алкогол каби зарарли моддалардан узоқ бўлиши, атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддалар ва кимёвий моддаларнинг ҳомиладор аёлларга таъсирини минималлаштириш жуда муҳимдир. Мева, сабзавот ва донларга бой тўйимли овқатланиш, мунтазам жисмоний фаол бўлиш эса профилактикадан ташқари бола иммунитетини ҳам мустаҳкамлайди.
Шунингдек, эмлашлар саратон касаллигининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди, ҲПВ (бачадон бўйни саратони) ва гепатит Б (жигар саратони) га қарши вакциналар айниқса муҳим. Мунтазам равишда педиатрик текширувлар боланинг соғлиғидаги ҳар қандай ноодатий ўзгаришларни эрта аниқлаш ва эрта ҳаракат бошлаш имконини беради. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Starlink учун яна 20 та сунъий йўлдош орбитага учирилди
Баҳодир Жалолов: “Менга чемпионлик жангини беришса, ҳар қачон уни бажонидил қабул қиламан”