07:37 / 05.08.2024
222

Чекишни ташлаган инсонда қандай ўзгаришлар бўлади?

Чекишни ташлаган инсонда қандай ўзгаришлар бўлади?
Чекишни ташлагандан сўнг дастлабки ўзгаришлар бир неча дақиқа ичида бошланади. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров маълум қилди.

Таҳлилларга кўра, тамаки чекиш оқибатида дунёда ҳар йили ўртача 8 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Чекиш инсон умрини тахминан 10 йилга қисқартириши ҳам олимлар томонидан исботланган факт.

Сигаретдан воз кечгандан кейин организмда қандай ўзгаришлар рўй беради?

Чекишни ташлагандан сўнг дастлабки ўзгаришлар бир неча дақиқа ичида бошланади. Хусусан, 20 дақиқадан кейин пульс ва артериал босим нормаллашиб, қон айланиши яхшиланади. 8 соатдан сўнг қондаги углерод моноксид миқдори камаяди, кислород эса нормал кўрсаткичга қайтади. Бу, ўз навбатида, тўқималарда гипоксия пайдо бўлишининг олдини олади”, — дейди мутахассис.

Чекиш қон томирларининг торайиши ва артериал босимнинг кўтарилишига сабаб бўлади. Сигаретдан воз кечгандан 24 соат ўтиб, миокард инфаркти хавфи пасая бошлайди, юрак ва қон томирлари меъёрда ишлаши тикланади.

Сигарет таркибидаги никотин ва бошқа кимёвий моддалар асаб тизимига зарар етказиши туфайли инсонда таъм ва ҳид сезиш қобилияти ёмонлашади. Чекишни ташлаган одамда 48 соатдан кейин бу ҳислар яхшиланади. Никотин ва бошқа токсинлар бронхларда спазмлар келтириб чиқариб, нафас олиш тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. 72 соат ичида бронх мушаклари бўшашиб, нафас йўллари шиллиқ ва бошқа ифлосланишлардан тозаланади”, — деди Ашуров.

Қайд этилишича, 2-12 ҳафта ичида тамакидан воз кечган инсонда қон айланиши ва ўпка фаолияти яхшиланади. Бу эса органлар ва тўқималарнинг кислород ва озуқа моддалари билан тўйинишига хизмат қилади. 3-9 ой ўтиб, йўтал ва нафас қисиши камаяди.

Шунингдек, 1 йилдан кейин юрак ишемик касаллигига чалиниш хавфи икки баробарга камаяди. Чекиш инсультнинг асосий сабабларидан бири эканлиги сир эмас. Сабаби у қон томирларнинг торайишига олиб келиб, тромб ҳосил бўлиш эҳтимолини оширади. Бу зарарли одатдан воз кечган одамда 5 йилдан сўнг инсульт хавфи чекмайдиганлар даражасига тушади.

Тамаки тутунидаги токсинлар ҳужайраларда мутацияларни келтириб чиқариши сабабли улар саратон ривожланишига олиб келиши мумкин. Аммо чекишни ташлаш канцерогенлар таъсирини камайтиради ва ҳужайраларнинг тикланишига ёрдам беради — 10 йилдан сўнг ўпка саратони хавфи чекувчиларга қараганда икки баробарга камаяди. Бунинг натижасида оғиз бўшлиғи, томоқ, ошқозон раки эҳтимоли ҳам пасаяди.

15 йил ўтиб, юрак ишемик касаллиги ва миокард инфаркти хавфи чекмайдиганлар даражасига қайтади. Юрак ва қон томирлари чекиш оқибатида етказилган зарардан тўлиқ тикланади. Артериал гипертензия, атеросклероз ва бошқа юрак-қон томир касалликлари хавфи камаяди”, — дейди мутахассис.

Айтилишича, чекишни ташлаш ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан осон кечмайди. Никотинга қарамликдан қутилиш учун вақт, сабр ва ирода керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Чекишни ташлаган инсонда қандай ўзгаришлар бўлади?