18:45 / 15.10.2024
53

Буйрак касалликлари, унинг аломатлари, истеъмол қилса бўладиган ва бўлмайдиган маҳсулотлар

Буйрак касалликлари, унинг аломатлари, истеъмол қилса бўладиган ва бўлмайдиган маҳсулотлар
Буйрак касалликларининг дастлабки аломатлари қандай?

Буйрак касаллиги билан оғриганлар нималарнинг истеъмолидан тийилиши керак?

Буйраклар фаолиятида муаммо борлигидан огоҳлантирувчи хавфли аломатлардан хабардормисиз?

Миллий тиббиёт маркази нефрологи Искандар Ўтаназаров маълумотлари орқали юқоридаги барча саволларга жавоб олинг.

Буйраклар танада жуда муҳим вазифани бажаради. Бир дақиқа ичида улардан бир литр қон ўтади, доимий равишда токсинлар ва зарарли моддалардан тозаланади. Биологик фаол, хусусан, ренин – қон босимини тартибга солувчи, эритропоэтин – эритроцитларнинг ҳосил бўлиш тезлигини тартибга солувчи моддалар ишлаб чиқаради. Сув мувозанатини ва қондаги натрий, калий, фосфор каби минераллар концентрациясини назорат қилишга ёрдам беради.

Буйраклар касалланганда организмнинг заҳарланиш жараёни бошланади. Организмни токсинлар ва заҳардан тозалашга ичаклар, тери, ўпка ва жигар ёрдам бера бошлайди, лекин бу аъзолар бунга мослашмагани туфайли ўзи ҳам касалланади.

Буйрак касаллигининг дастлабки белгилари:
• пешоб миқдорининг кўпайиши ёки камайиши, ранги тўқ жигарранг ёки рангсиз бўлиши;
• шиш пайдо бўлиши, кўпинча қўл, оёқ, тўпиқ, юз ва кўз остида терининг сарғайиши;
• мунтазам чарчоқ ва заифлик;
• бел ва қориннинг пастки қисмида оғриқлар;
• терида тез-тез тошмалар тошиши, яллиғланиш, қичишиш;
• кўнгил айниши, иштаҳанинг бўғилиши;
• камқонлик.

Буйрак касаллигининг белгилари барчаси бир вақтда кузатилмайди. Юқорида кўрсатилган белгилар тўпламда ҳам, жадаллигида ҳам фарқ қилиши мумкин. Буйрак касаллиги бошланғич даврда пешоб, қон таҳлили ва ультратовуш ёрдамида текшириш орқали аниқланади.

Буйрак касаллиги бўлган одамларнинг овқатланиши мувозанатланган бўлиши лозим. Унга ҳар куни сабзавот ва меваларни витаминлар, микроэлементлар, клетчатка манбаи сифатида киритилиши зарур.

Буйрак касаллиги билан оғриган инсонлар истеъмол қиладиган маҳсулотлар турфа-хил, муҳим озиқ моддалар таркиби жиҳатидан мувозанатланган бўлиши керак.

Мутахассис кунига 5-6 марта кам миқдорда овқатланишни тавсия қилади.
Рацион хилма-хил, муҳим озиқ моддалари таркиби жиҳатидан мувозанатланган, баъзи ҳолларда – оқсиллар чекланган бўлиши керак. Оқсил манбалари сифатида асосан қайнатилган ҳолда гўшт ва ёғли бўлмаган парранда ва сут, ёғи кам бўлган маҳсулотлар, тухум, кам миқдорда балиқ кунлик рацион таркибида бўлиши лозим”, - дейди у.

Шифокор кунлик рационда туз миқдорини чеклаш кераклигини таъкидлади, яъни кунига 5 граммгача ёки ундан кам.

Биринчи навбатда, тузланган бодринг, маринадлар, дудланган гўшт, консерва маҳсулотлари истеъмол қилишдан чекланиш лозим.

Соғлигингизга эътиборли бўлинг!

Миллий тиббиёт маркази Матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Буйрак касалликлари, унинг аломатлари, истеъмол қилса бўладиган ва бўлмайдиган маҳсулотлар