11:34 / 19.11.2024
4

Таъсирчанлик, безовталик, ҳорғинлик... неврологик касаллик аломатими?

Таъсирчанлик, безовталик, ҳорғинлик... неврологик касаллик аломатими?
Миллий тиббиёт марказининг неврология бўлими шифокори, невропатолог Алексей Белобородов билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

“Жиззаки бўлиб қолдим”, “Кечлари уйқум келмайди”, “Тез-тез бошим айланяпти”, “Негадир паришонхотирман”, “Ҳолсизланиб қоляпман” деган шикоятлар аслида шундай касалликлар тури — неврастения белгилари бўлиши мумкин.

— Неврастения асабнинг ортиқча зўриқишидан келиб чиқади, — дейди шифокор. — Ақлий ва жисмоний меҳнатнинг номутаносиблиги ҳам бу хасталик ривожланишига туртки бўлади. Доимий ҳиссий зўриқиш, оила ва ишхонадаги келишмовчиликлар, давомли қўрқув ва хавотир ҳам бу дардни пайдо қилиши мумкин.

Мазкур касаллик болаларда ҳам учрайди. Бунинг илдизи оилавий муҳит, ота-она, яқинлар ўртасидаги жанжаллар, кичик ёшда олинган турли руҳий жароҳатларга бориб тақалади. Шунингдек, витаминлар етишмовчилиги, камқонлик, сурункали ва оғир касалликлар ҳам неврастенияга олиб келиши мумкин бўлган омиллар сирасидан.

Дастлаб бемор таъсирчан, серзарда, безовта, кейинчалик ҳорғин, тушкун бўлиб қолади. Бора-бора бетоқатлик кучайиб, руҳий ва жисмоний толиқиш, диққат ва хотиранинг пасайиши кузатилади.

Тез-тез бош оғриб туриши ҳам неврастенияга хос аломатлардир. Кундузи уйқу босади, тунда эса сал шовқинга ҳам уйғониб кетиш, бедорлик ҳолатлари такрорланади. Ҳатто бемор уйқудан турганида ҳам кучли ҳорғинликни ҳис қилади.

Қолаверса, иштаҳа йўқолиши, оғиз қуриши, кекириш, кўнгил айниши, ич дам бўлиши, қабзият, кўп терлаш, томир уриши ва артериал босимнинг ўзгарувчанлиги, кўз қовоқлари ва бармоқлар титраб туриши, пай рефлекслари кучайиши ҳам бу хасталикнинг симптомларидир.
Неврастенияни даволашда уни келтириб чиқарган сабаблар аниқланиб, беморга кўпинча жисмоний ва маданий ҳордиқ чиқариш, иш соатларини қисқартириш, овқатланиш тартибига риоя қилиш тавсия этилади. Дори-дармонларни танлашга эса индивидуал ёндашилади.

Бу жараёнда турли транквилизаторлар, седатив дорилар ва психостимуляторлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Аммо седатив таъсирга эга бўлганлиги боис уларни ишлаб юрган беморларга тавсия қилиб бўлмайди. Шунингдек, умумий массаж, игна билан даволаш, эрталабки бадантарбия ва жисмоний фаоллик ҳам муолажа жараёнида қўл келади.

Миллий тиббиёт маркази матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Таъсирчанлик, безовталик, ҳорғинлик... неврологик касаллик аломатими?