![Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан туз истеъмоли бўйича янги тавсиялар](/uploads/posts/2025-02/7213b2e96d_140523-saltshaker-jsw-326p.webp)
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) туз истеъмоли бўйича янги тавсиялар берди. Йилига 1,9 миллионта ўлим ҳолати юқори натрий истеъмоли билан боғлиқ деб ёзади Дарё нашри.
Шунга қарамай, дунё бўйлаб кунлик ўртача натрий истеъмоли 4,3 граммни ташкил этмоқда. Бу ЖССТнинг 2 граммлик тавсиясидан 2 баробар юқоридир. Мақсадга яқинлашиш учун ЖССТ энди одамларга уй тузини натрий миқдори кам бўлган муқобилга алмаштиришни тавсия қилмоқда.
Натрий муҳим минерал ҳисобланади, лекин бошқа барча моддалар сингари уни ҳам ортиқча истеъмол қилиб бўлмайди. Асосий хавф юрак касалликлари ва қон босими билан боғлиқ.
Гарвард жамоат саломатлиги мактабига кўра, ортиқча натрий, аввало, буйракларни ҳаддан ташқари зўриқтиради. Организм натрийни суюлтириш учун кўпроқ сув сақлаб қолади, бу эса қон ҳажмини ва у билан бирга қон босимини оширади. Юрак шунча кўп қонни ҳайдаш учун кучлироқ ишлашга мажбур бўлади. Вақт ўтиши билан бу қон томирларига шикаст етказади ва юрак хуружлари, инсульт ҳамда юрак етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, пешоб билан кальций йўқотилиши туфайли сурункали буйрак касаллиги ва остеопороз хавфи ҳам мавжуд. Шунингдек, Бутунжаҳон саратон тадқиқотлари жамғармаси тузланган гўшт каби туз миқдори юқори бўлган маҳсулотларнинг ошқозон саратони билан боғлиқлигини аниқлаган.
Аслида, натрий нафақат тузда, балки бошқа кўплаб маҳсулотларда ҳам мавжуд, шу сабабли унинг истеъмолини назорат қилиш жуда қийин.
Янги таклиф шундан иборатки, одамларга оддий натрий хлориднинг бир қисми калий хлорид билан алмаштирилган, калий билан бойитилган тузни ишлатиш тавсия этилмоқда.
Калий ҳам организм учун фойдали минерал ҳисобланади, аммо кўпчилик уни етарли миқдорда истеъмол қилмайди. Бу гиперкалиемияга кўпроқ мойил бўлган буйрак муаммолари бор кишиларга тўғри келмаслиги мумкин.
ЖССТ илк бор туз ўрнини босувчилардан фойдаланиш бўйича глобал тавсияларни эълон қилди. Шунингдек, ташкилот натрий истеъмолини камайтириш учун бир нечта фойдали маслаҳатларни келтириб ўтди:
- ўта ишлов берилган озиқ-овқатлардан сақланиш;
- дастурхонлардан туздонларни олиб қўйиш;
- овқат тайёрлашда камроқ туз ишлатиб, кўпроқ зиравор қўшиш;
- калий билан бойитилган тузга ўтиш;
- маҳсулотларда натрий миқдори кам кўрсатилган белгиларни излаш;
- ёдланган туздан фойдаланиш.
2024 йил ЖССТ экспертлари тузни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш гипертония ва бошқа юрак-қон томир касалликларининг ривожланишига олиб келишини айтганди. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 30 ёшдан 69 ёшгача бўлган юрак-қон томир касалликларидан ўлиш эҳтимоли Ғарбий Европага қараганда деярли 5 баравар юқори.
Гипертония Европа минтақасида барча ўлимларнинг деярли тўртдан бир қисмини ва ногиронларнинг 13 фоизини ташкил қилади. Аксарият европаликлар кўп туз истеъмол қилади ва 30-79 ёшдаги ҳар учинчи одам гипертониядан азият чекади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар