
Айрим чақалоқлар ҳаётининг илк кунларидаёқ ичак муаммолари билан дуч келишади. Баъзида эса бу оддий қабзият эмас, балки жиддий касаллик — Гиршпрунг синдроми бўлиши мумкин. Бу касаллик йўғон ичакнинг бир қисмининг туғма нуқсони бўлиб, чақалоқларда ахлат чиқариш жараёнини издан чиқаради.
Гиршпрунг нима? Касалликнинг асл моҳияти
Гиршпрунг касаллиги — бу ичак деворларида жойлашган асаб тугунларининг (Мейснер ва Ауербах плехуслари) ривожланмаслиги ёки умуман бўлмаслиги натижасида юзага келадиган туғма патология. Бу эса ичаклар ҳаракатининг (перисталтика) издан чиқишига олиб келади. Натижада, нажас ичакда тўпланиб қолади, ич қотади ва қорин шишади.
Тиббий кузатувларга кўра, бу муаммо асосан янги туғилган чақалоқларда аниқланади. Айниқса, ўғил болаларда учраши эҳтимоли юқори бўлиб, ҳар 4 та ҳолатдан 3 таси айнан ўғил болаларда кузатилади.
Сабаблар: Гиршпрунг қандай вужудга келади?
Олимлар ушбу касалликни она ҳомиладорлиги давридаги айрим омиллар билан боғлашади:
- Ҳомиладорликни стресс ёки касалликлар билан ўтказиш;
- Бўйида бўлганда етарли миқдорда витаминлар (айниқса, В гуруҳи) олмаслик;
- Дастлабки ҳафталарда ўткир инфекцион касалликларга чалиниш;
- Авитаминоз ва овқатланишдаги носоғлом одатлар.
Бу омиллар бола асаб тизимининг тўлақонли шаклланишига тўсқинлик қилиб, ичакларда нерв импульсларини етказувчи ҳужайраларнинг йўқлигига олиб келади.
Асоратлар: Боладаги огоҳлик белгиларига эътибор беринг
Касалликнинг илк белгилари орасида:
- Туғилганидан сўнг 48 соат ичида нажас чиқмаслиги;
- Қорин бўшлиғининг шишиб кетиши;
- Тез-тез қусиш, айниқса яшил тусли суюқлик билан;
- Бола иштаҳасининг йўқолиши ва тез чарчаши.
Йиғилиб қолган нажас вақтида ташқарига чиқмаса, токсинлар ичак деворидан сўрилиб, бутун организмни заҳарлай бошлайди. Бундай ҳолда бола лоҳас, озғин бўлиб қолади, териси қурийди, кўз атрофи чўкади, оёқлари ингичкалашади.
Даво йўллари: Ҳар доим ечим бор
Гиршпрунг касаллигининг даволаш усуллари икки турда олиб борилади:
1. Консерватив усул — агар ҳолат енгил бўлса, болага дори-дармонлар, физиологик ҳуқна, тўғри овқатланиш ва парҳез белгиланади. Бу орқали ичаклар мунтазам тозаланиб, боланинг умумий ҳолати яхшиланади.
2. Жарроҳлик аралашуви — оғир ҳолатларда эса кенгайган ва ишдан чиққан ичак қисми олиб ташланади. Операциядан сўнг ичакларнинг табиий функцияси тикланади, бола нормал ҳаёт тарзига қайтади.
Операциядан кейинги парвариш: эътиборли бўлиш зарур
Жарроҳликдан кейин болаларда колит — йўғон ичакнинг яллиғланиши кузатилиши мумкин. Шунинг учун:
- Қовурилган ва ёғли овқатлардан тийилиш керак;
- Буғда пиширилган, энгил ҳазм бўладиган бўтқалар ва шўрвалар афзал;
- Боланинг овқатланиши ва дам олиш режими қатъий назоратда бўлиши лозим.
Ўз вақтида ташхис — ярим даволаш!
Гиршпрунг синдроми дастлабда оддий ич қотишдек туюлса-да, уни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас. Бу касаллик фақат ичак фаолиятига эмас, балки бутун организмга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун фарзандингизда шубҳали аломатлар пайдо бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар