Қувват улашади, уйқуни қочиради, аммо организмни шифоламайди: энергетик ичимликлар ҳақиқатан ҳам хавфлими?
Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ва талабалар ўз кунлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун энергетик ичимликларга мурожаат қилади. Чунки улар тез ва қувватли таъсир кўрсатади, уйқуни қочиради ва иш самарадорлигини вақтинча оширади. Аммо соғлиқ учун улар ҳеч қандай фойдали таъсир кўрсатмайди, аксинча, яширин хавфни олиб келади.
Энергетик ичимликлар асосан кофеин ва шакарга бой. Кофеин марказий асаб тизимини фаоллаштириб, мия ҳужайраларини “уйғотади”, уйқуни қисқа муддатга йўқ қилади ва сергаклик беради. Бироқ доимий истеъмол уйқусизлик, чарчоқ ва руҳий беқарорликка олиб келади. Мутахассислар эслатадики, бир шиша (250–330 мл) энергетик ичимликдаги кофеин миқдори икки-уч стакан қаҳвадан ҳам кўп бўлиб, юрак уриши тезлашиши, қон босими ошиши ва ҳатто юрак ритми бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Ёшлар ва юрак-қон томир касаллиги борлар учун бу ҳолат алоҳида хавфли ҳисобланади.
Шакар ҳам жиддий муаммолар келтириши мумкин. 0,5 литрлик ичимликда тахминан 15–18 чой қошиқ шакар бор. Бу эса ЖССТ тавсия қилган кунлик меъёрдан бир неча баробар кўпдир. Шу сабаб, энергетик ичимликлар орқали инсон қисқа муддатли энергия олади, лекин соғлиқ учун салбий оқибатлар узоқ муддатда сезилади: семириш, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари ва тиш эмали емишиши.
Бундан ташқари, энергетик ичимликларда таурин, гуарана ва В гуруҳи витаминлари ҳам мавжуд, лекин уларнинг миқдори организм учун сезиларли таъсир кўрсатишга етарли эмас. Бу қўшимчалар фойдадан кўра маркетинг воситаси сифатида ишлатилади ва истеъмолчиларни хавфлардан чалғитиши мумкин.
Ичимликларнинг ярқин ранги ва таами ҳам сунъий қўшимчалар ҳисобига бўлиб, узоқ муддатли истеъмолда аллергия, терида излар пайдо бўлиши, бронхиал астма ва ҳатто болаларда гиперактивликка сабаб бўлиши мумкин. Таъм кучайтирувчилар эса ҳазм тизимига салбий таъсир кўрсатади, кўп ҳолларда кўнгил айнишини келтириши эҳтимоли бор.
Дунё тажрибаси кўрсатадики, энергетик ичимликларнинг меъёрдан ортиқ истеъмоли ёшлар орасида тез-тез шошилинч тиббий ёрдам талаб қилиш ҳолатларини кўпайтирмоқда. АҚШ ва Европада ҳатто ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилган. Шу сабаб, айрим мамлакатларда уларнинг сотилиши ёшлар учун тақиқланган. Ўзбекистонда эса ҳозирча ҳар қандай чекловларсиз, исталган ёшда харид қилиш мумкин.
Шу боис, мутахассислар тавсия қиладилар: инсоннинг энг катта энергия манбаи — сунъий ичимликлар эмас, балки соғлом уйқу, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик бўлиши керак. Қисқа муддатли тетиклик ва тез қувват ҳисси қўлланилса ҳам, узоқ муддатда юрак-қон томир касалликлари, асабий бузилишлар ва уйқусизлик каби салбий оқибатлар пайдо бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, энергетик ичимликлар инсон организми учун фойдали энергия манбаи эмас, балки яширин хавф ва саломатлик учун ортиқча юкдир. Шунинг учун улардан эҳтиёткорона фойдаланиш ва асосий энергияни табиий усуллар орқали олиш керак.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!