Хотира инқирози Маc минига ҳам таъсир қилмоқда

MacRumors'нинг хабар беришича шу ҳафтада Apple бутун дунё бўйлаб Маc мини учун 256 ГБ хотира вариантини таклиф қилишни тўхтатди. Натижада, ушбу иш столи компьютерининг бошланғич нархи кўтарилди.
Масалан, АҚШда М4 чипли, 16 ГБ оператив хотира ва 512 ГБ доимий хотирага эга Маc мини эндиликда 799 доллардан сотилмоқда. Ҳолбуки, аввалроқ М4 чипли, 16 ГБ оператив хотира ва 256 ГБ хотирали модел 599 доллардан сотилаётган эди.
Гарчи 512 ГБ хотирали конфигурация доим 799 доллардан бошланган бўлса-да, Apple'дан 599 долларга янги Маc мини сотиб олмоқчи бўлган мижозларда энди бундай имконият йўқ. М4 Про чипли Маc мини моделлари аллақачон камида 512 ГБ хотира билан чиқарилаётган эди, шунинг учун ушбу конфигурациялар нархида ўзгариш бўлмади.
256 ГБ хотирали базавий Маc мини моделига буюртма бериш ўтган ҳафтадан бери имконсиз бўлиб қолган эди, энди эса у Apple конфигураторидан бутунлай олиб ташланди.
Шу ҳафтадаги ҳисобот йиғилишида Apple бош директори Тим Кук Маc мини ва Маc Студио етказиб беришда чекловлар борлигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатга эришиш учун Apple'га "бир неча ой" керак бўлиши мумкин. Кук ҳар иккала Маc'ни ҳам "сунъий интеллект ва агентлик воситалари учун ажойиб платформалар" деб атади ва бу кутилганидан юқори талабга сабаб бўлганини таъкидлади.
Март ойида Apple Маc Studio'нинг 512 ГБ оператив хотирали вариантини таклиф қилишни ҳам тўхтатган эди.
Маc мини ва Маc Studio конфигурациясидаги ушбу ўзгаришлар сунъий интеллект серверларини қураётган компаниялар туфайли юзага келган глобал хотира чиплари танқислиги фонида содир бўлмоқда. Кукнинг айтишича, Apple жорий чоракда "хотира нархлари сезиларли даражада ошишини" кутмоқда ва оператив хотира етишмовчилиги компанияни қийин бизнес қарорларини қабул қилишга мажбур қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!