date

Арбелоа тан олди: "Реал"нинг барқарорлигида жиддий муаммолар бор

Арбелоа тан олди: "Реал"нинг барқарорлигида жиддий муаммолар бор

Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа жамоанинг жорий мавсумдаги натижалари юзасидан фикр билдирди. Мутахассис сўзларида очиқликни сақлаган ҳолда, айрим учрашувларда йўқотилган очколар жамоа учун энг катта муаммо эканини таъкидлади.

— Менимча, умумий баҳо беришни журналистлар амалга ошириши керак. Мен эса ўз ишим ҳақида гапиришга тайёрман. Ҳа, биз бир қатор ўйинларда ғалаба қозона олмадик, айниқса, очко йўқотмаслигимиз шарт бўлган рақибларга қарши баҳсларда. Айнан шундай ўйинлар энг кўп афсус уйғотади, — деди Арбелоа.

Унинг таъкидлашича, жамоа кучли рақибларга қарши учрашувларда яхши ўйин намойиш этмоқда. Бироқ пастроқ даражадаги жамоаларга қарши кераксиз очко йўқотишлар чемпионлик пойгасида жиддий муаммога айланмоқда.

— Биз тенг ва кучли рақибларга қарши энг яхши ўйинларимизни кўрсатяпмиз. Лекин Ла Лигада чемпионлик учун курашмоқчи бўлсак, “Реал” баъзи ўйинларда очко йўқотишга ҳақли эмас. Шу жиҳат биз учун оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда, — дея қўшимча қилди мураббий.

Арбелоа шунингдек, жамоада назорат қилиш қийин бўлган ҳолатлар тез-тез такрорланаётганини ҳам тан олди. У бу ҳолатни сўнгги ўйинлар мисолида тушунтирди.

— Баъзи вазиятлар борки, уларни тўлиқ назорат қилиш мушкул ва улар такрорланяпти. Буни ўтган ҳафта “Бетис” (1:1) ва “Жирона” (1:1)га қарши баҳсларда ҳам кўрдик. Бошқа ўйинларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар учради. Лекин бу бизда ўсиш ва ривожланиш учун ҳали имкониятлар борлигини кўрсатади, — деди у.

Мураббийнинг бу очиқ баёноти “Реал”да ҳали ечим талаб қиладиган муаммолар мавжудлигини англатади. Энди жамоа олдидаги асосий вазифа — барқарорликни тиклаш ва ҳал қилувчи паллада очко йўқотмаслик.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Арбелоа тан олди: "Реал"нинг барқарорлигида жиддий муаммолар бор