Бугун IoT-технологияларга асосланган жуда кўплаб лойиҳалар тиббиёт билан боғланган. Биз уларнинг бир неча энг қизиқарли ва муҳимлари ҳақида ёзишга қарор қилдик, деб ёзади Xabar.uz.
Нарсалар интернети барчасини ўзгартиради
Замонавий тиббиёт сўнгги ўн йилликларда илгари эришиб бўлмайдиган даражага кўтарилди. Бугунги соғлиқни сақлаш тизими, бу — бир пайтлар умидсизликка тушган беморлар ҳаётини сақлаб қолаётган трансплантология ва травматология, пластик жарроҳлик ва онкология, нейрожарроҳлик, офталмология, гинекология ва бошқа соҳалардан иборат юқори технологик тармоққа айланди.
Тиббиёт муассасалари техник асбоб-ускуналарининг сезиларли яхшиланиши натижасида касалликларни дастлабки босқичидаёқ тўғри ташхислаш ва бемор иш қобилиятини қисқа муддатларда тиклаш имконияти пайдо бўлди. Муолажалар давомида одатий эндоскопик аппаратуралар, микрожарроҳлик ва кўриш қобилиятининг лазер коррекцияси, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш кабилардан фойдаланиш турли туғма ва орттирилган нуқсонларни тузатишда оддий ҳолга айланди. Аммо, айрим муаммолар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Ва уларни ҳал этиш учун нарсалар интернети (Internet of Things – IoT) ёрдамга келади.
Беморларни роботлар даволайди…ми?
Тиббиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш нарсалар интернетининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Ушбу йўналишда алоҳида атамалар ҳам мавжуд – масалан, «Тиббий ашёлар интернети» ёки «Нарсалар интернети ва соғлиқни сақлаш». Тадқиқотчилар хомчўти бўйича, бир неча йилдан сўнг ушбу бозор ҳажми тахминан 117 миллиард долларни ташкил қилар экан.
Демак, бу 2020 йилга бориб, одамларни бемор ҳолати ҳақидаги маълумотларни таҳлил қиладиган роботлар даволайди, деганими? Йўқ, ундай эмас. Даволаш билан аввалгидек марказлашган ҳолда мутахассислар – шифокорлар ва тиббиёт ходимлари шуғулланишади. Нарсалар интернети фақат улар ишини самарали бўлишига ёрдам беради. Ҳали бу технологиялар дунё бўйича кам қўлланиляпти, ривожланган мамлакатларда, асосан, АҚШда кенг татбиқ этилган.
Кузатувчи бейжиклар
«Florida Hospital Celebration Health» саккиз йилдан буён клиника бўйича ходимлар ва беморларни кузатувчи бейжиклардан фаол фойдаланиб келмоқда. Тиббиёт ходимлари ҳаракатини кузатиш орқали, барчага қулай бўлиши учун, клиника ишини ташкиллаштириш, масалан, дори-дармон захирасидан иборат шкафларни қаерга жойлаштириш маъқуллигини таҳлилчилар яхши тушунишади. Клиника маъмурияти маълумотлар ёрдамида у ёки бу санитар ёки ҳамширани мунтазам кузатиб, ўз ишидан батамом чарчаганларини олдиндан аниқлаши мумкин ҳамда уларга ишини бироз ўзгартиришни, масалан, қайта тайёрлаш курсларига боришларини вақтида таклиф қила олади.
Бейжиклар клиника беморларига ҳам берилади. Қариндошини кўргани шифохонага келган одамлар доим электрон таблони кузатиб, бемори айни дамда қаерда — жарроҳлик хонасида, палатада ёки бошқа жойда эканлигини билиб олиши мумкин. Таблодаги маълумотлар бемор фамилияси қаршисида пайдо бўлади.
Баъзи клиникаларда бейжиклар тиббий инвентарларга ҳам ёпиштириб қўйилади. Бу орқали зарур буюмлар, масалан, дефибрилляторлар, инфузион насослар ва аравачаларни керакли пайтда дарҳол топиш мумкин.
«eICU» — электрон палата
Американинг кўплаб шифохоналарида суткасига 24 соат ва ҳафтасига етти кун навбатчилик қила оладиган реаниматологлар етишмайди, аниқроғи, мамлакатда шунча мутахассиснинг ўзи йўқ. Шу боис, АҚШда интенсив терапия электрон палатаси – «eICU» жорий этилган. Оғир беморларни масофавий кузатувчи бу мониторинг маркази юзлаб километр масофадаги юзлаб беморлар учун биратўла хизмат кўрсата олади. Бемор кроватидаги мониторинг унинг аҳволи ҳақидаги маълумотларни марказ навбатчи реаниматологига автоматик тарзда юборади.
Мабодо жиддий вазият юзага келса – тревога сигнали чалинади. Юқори тасвирли камералар билан жиҳозланган палаталарда бемор диққат билан кўрикдан ўтказилади. Реанимотолог овозли алоқа ёрдамида беморга яқин жойлашган ходимларга кўрсатмалар бериши мумкин, яъни у қарор қабул қилади, ҳамшира ва санитарлар қарорни бажаришади. Тадқиқотлар бу каби марказлар ўлим даражасини камайтиришга ҳамда тиббиёт ходимлари учун харажатларни қисқартиришга ёрдам беришини кўрсатмоқда.
Тараққиёт йўлидаги муаммолар
Айни дамда тиббиёт муассасалари кенг кўламли турли вазифалар, масалан, иш самарасини ошириш учун ходимларни доимий ишга қабул қилиш, иқлим меъёрларининг узлуксиз назоратини олиб бориш, шунингдек, беморлар жисмоний кўрсаткичларини кузатиш сингари IoT датчиклари ишлаб чиқарадиган катта ҳажмдаги маълумотлар муаммолари билан тўқнаш келмоқда. Ва бу муаммоларнинг барчаси — атроф-муҳит параметрларини доимий ва узлуксиз назорат қилиш ва ҳисоблаб боришни амалга ошириш, технологик жараёнлар, беморлар, ходимлар ва бошқа тиббий асбоб-ускуналар мақоми ва ҳолати, тиббий маълумотлар «хомашёси» ва турли манбалардан олинган тадқиқотлар натижасини қайта ишлаш ҳамда керакли ахборотни схема, графика, жадваллар, маълумот экранлари шаклида топширишнинг комплекс ечимлари йўқлиги каби умумий сабабларга эга.
Оддий одамлар
Кўплаб кекса одамлар хотира ва фикрлашнинг бузилиши билан тўқнаш келадилар, масалан, Алцгеймер хасталигида. Ушбу касалликка чалинганлар айрим ҳолларда ўз йўналишларини топишда қийналишади – тунда хонаси ёки палатасидан чиқиб, нима бўлаётганини англамаган ҳолда бино атрофида тентираб қолишади. Бу каби ҳолатларда улар йиқилиб жароҳат олишлари мумкин. Шу боис, уларнинг яқинлари тез-тез уйқу йўқотишади – доим бемордан хавотирланиб тонг оттиришади.
Ўн олти ёшли Кеннет Шинокуза таклиф қилган иловани «тиббий буюмлар интернети» қаторига киритган ҳолда шу сингари беморларга ёрдам сифатида тақдим этса бўлади. Гап шундаки, у руҳий касалликдан қийналаётган инсон пайпоғига ёпиштириб қўйиладиган датчик ихтиро қилди. Бемор қачонки ўрнидан турса, қариндошининг смартфонига овозли сигнал келади. Шунингдек, Алцгеймер касаллигига чалинганларга ғамхўрлик қилиш учун инсонни харитадан топиб берувчи, унча катта бўлмаган рацияга ўхшаб кетадиган GPS қурилмасидан фойдаланилмоқда.
Ёлғиз кексаларга ёрдам
Temboo компанияси келтирган маълумотларга кўра, АҚШда кекса ёшли одамлар фарзандлари билан эмас, балки кўпроқ мустақил яшашни исташмоқда. Аммо, улар доимий кўмакка муҳтож. Ёлғиз яшаётган ота-оналари, яқинларидан хавотирланаётган одамлар учун ушбу компания махсус қурилма ишлаб чиқди. Қурилма кроватга ўрнатиладиган ҳаракат датчиги ва микрофондан иборат. Датчик қариянинг ҳаракатлари ҳақида маълумот тўплайди ва одатий намуналарини ажратади – агар нимадир бирдан ўзгарса, унинг фарзанди ёки қариндоши смартфонига бу ҳақда хабар юборади. Микрофон эса қариянинг ёрдам чақириши учун керак.
Шундай қилиб, тиббиётда нарсалар интернети каби инновацион технологиялар аста-секин бизнинг реал ҳаётимизга кириб бормоқда ва соғлиқни сақлашдаги кўплаб муаммоларни ҳал қиляпти. Буларнинг бари нафақат ҳаётимизни сақлаб қолиш, балки яқин келажакда инсоннинг ўртача умр кечириш кўрсаткичини ошириш имконини беради.
Усмонжон Йўлдошев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»