21:15 / 15.12.2019
9 295

Ҳижома нима?: «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин»

Ҳижома нима?: «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин»
Дард бор экан. Шифоси ҳам бор. Лекин уни излаш керак. Излаганда ҳам тўғри жойдан излаш керак. Ўзбегим одатда осон ва арзон йўлини излайди. Қолаверса дарднинг олдини олиш у ёқда турсин, вақтида шифокорга бормайди. Йиқилдим деганда яқинлари етаклаб олиб боради.

«Ака анчадан бери кўринмайсиз, тинчликми?», — деган саволга, “Гемотома (қонталаш) бўлганди, ҳижома қилдирдим,” — деб жавоб берди битта акахон, оёғини кўрсатиб.
“Ёрдам қилдими?” — десам, “Ҳа бошида енгил тортдим, лекин кейинчалик сепсис бўлиб (йиринглаб) кетди. Шунга даволаниб чиқдим,” — дедилар.

Ҳижома нима экан деб, интернетдан излаб кўрдим.
Баъзи олимлар ҳижомани (сўриб олиш шарти билан) сўриб олиш асбоби орқали бошнинг орқа томонидан қонни чиқариб олиш деб таъкидлашади.

Зарконий деган аллома эса: ″Ҳижома фақатгина, бошнинг орқасига хос эмас балки, баданнинг бошқа қисмларидан ҳам ҳижома қилиш мумкин, яъни, ҳижома йўли билан бузилган қонни чиқариб ташлаш мумкин″,— дейдилар.

Ҳижома қадимдан маълуму машҳурдир. Қадимги чинликлар (хитойлар), бобилликлар ва фиръавнлар давридаги мисрликлар ҳам уни амалда қўлланган. Улардан қолган осори атиқаларда баъзи касалларни ҳижома йўли билан даволашаётганлигини тасвирловчи суратлар бунга далолатдир.

Қадимдагилар бу ишда маъданий (тилло, кумуш) каъс (банка)лар ва хўкиз шохларидан фойдаланганлар. Улар бу шохларни беморнинг танасидан қон олишмоқчи бўлган ўринга қўйиб, унинг ичидаги ҳавони шохнинг уч қисмидаги кичкина тешикча орқали сўриб чиқариб, шохнинг ичини ҳаводан ҳоли қилиб қўйганлар.

Ҳижоманинг фазилатлари
Саҳиҳ Бухорий ва Муслимда қўйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан, ҳажжом (қон олувчи)нинг касби ҳақида сўралганда, у зот: ″Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижома қилдирганлар. У зот саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳажжомлик қилган Абу Тоййибага икки соъ (ўртача 5 кг атрофида) таом беришга буюриб ва аҳилларига унинг хирожидан бир оз камайтиришни тайинладилар. Кейин (расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: ″Даволанишларинг учун энг афзал нарса ҳижомадир».

Демакки, муҳаддислар наздида ҳижома яхши нарса экан. Лекин акахоннинг мисолида шу муолажани амалга оширган шахс ёки малакасиз, ёки ўзлари гигиена қоидаларига бўйсинмаганлар. Кўп ҳолларда, ҳар мақомга йўрғалаб, устоз кўрмаган шогирдлар, бир ухлаб туриб ўзини табиб деб эълон қилишади. Шунақаларнинг қўлига тушишдан асрасин.

Хуллас, қиссада ҳисса шуким, акахоннинг мисолида битта ўзларига зарар етган. Лекин жамиятни ҳам бир тан-у, бир жонга қиёсласак, ўз ишини устаси бўлмаган таниш-билишчилик орқали лавозимга эришадиганлар ҳам бамисоли шу акахоннинг қонига тушган микробдекдир.

Шунинг учун ҳам ўзбегим, қуш сўйса ҳам қассоб сўйсин, деб бежиз айтмаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ҳижома нима?: «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин»