Bugungi kunda «bot» deganda ma’lum bir siyosiy pozitsiyani ilgari suruvchi inson tushuniladigan bo‘lib qolgan. Biroq «bot» — «robot» so‘zidan qisqartma ekanini ko‘pchilik bilmasa kerak. Tarixan avtomatik u yoki bu funksiyani bajaruvchi dastur internetda shunday atab kelingan.
Энг оддий мисоллар: Телеграмдаги чат-бот сизга керакли маълумотни топиб беради; Google’нинг қидирувчи роботи сайтларни кузатади — шу сабабли биз ўз сўровимизга кўра керакли саҳифани топа оламиз.
Шундай фурсатлар ҳам бўладики, ботлардан ножўя мақсадларда ҳам фойдаланилади ва бу албатта сиёсат билан боғлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Айтайлик, обуначаларни йиғиш, лайклар ва ижтимоий тармоқлардаги кўришлар сонини кўпайтириш, сайтга трафикни ошириш — булар асосан ботларнинг иши.
Масалан, рекламадан пул ишлаш учун Twitch ўйин стримингида фирибгарлар виртуал томошабинлар, ҳаттоки чатнинг виртуал аъзоларини ҳам яратишади. Баъзан бунақа схемаларда қўл билан бошқарилувчи ботлардан фойдаланилади. Масалан, ўнлаб арзон қурилмаларига Instagram ўрнатилган одамни тасаввур қилинг. У буюртмага кўра лайклар сонини ошириб беради.
Шу сабабли бот-инсон ва ҳақиқий робот ўртасидаги фарқ жуда кам. Агар бирор ҳаракат учун одамларни ёллаш керак бўлса, ҳозир буни осонгина амалга ошириш мумкин. Маош эвазига ёлланма одамларни эътироз билдираётган оломонга айлантириш ёки кимнидир мақташ учун ёллашда ҳаттоки интернет ҳам шартмас. Шунинг учун астротурфинг бўйича мутахассислар замонавий бот фермаларининг аждоди деб саналади.
«Астротурфинг» ибораси илк марта 1985 йилда пайдо бўлган. У AstroTurf деб номланувчи сунъий ўт ишлаб чиқарувчи фирма номига қўйилган. Унинг бош ғояси пастки қатламдаги (инглизчада бу grassroots, яъни «ўтнинг илдизи» деб аталади) жамоатчилик ташаббусининг таассуротларини сунъий яратиб, сиёсатчиларга таъсир ўтказиш бўлган. Астротурфинг жамоатчилик босими тушунчаси билан ўйнашиши сабабли у демократик давлатларда кенг тарқалган; қаерлардадир у тақиқланган ва фирибгарлик схемаси саналади.
Интернетгача бўлган даврда астротурфинг сунъий яратилган ассоциациялар, «активистлар»нинг мурожаатлари, матбуотда пул эвазига чоп этиладиган материалларга асосланган. Ҳозир улар бот фермаларнинг фейк аккаунтлар, блоглар, келишиб олиб шарҳ ёзиш каби бутун воситаларидан фойдаланишмоқда.
Диктатуралар троллар армияси ва бот фермаларидан фаол фойдаланишади. Бу ерларда пулга ишловчи коммент ёзувчилар фош этилган тақдирда ҳам сайлов жараёнига таъсир ўтказиши хавфи жуда кам. Автократлар жамоатчилик муҳаббатидан мухолифатга қарши қурол сифатида ҳам фойдаланишади.
Интернетда ботлар ёрдамида жамоатчилик фикри шакллантирилишига қачондан бошлаб киришилгани аниқ эмас. «Бот» иборасининг ўзини ҳам инсонларга нисбатан дарҳол қўллай бошлашмаган.
Бу ишга энг биринчи бўлиб Хитой қўл урган, деб тахмин қилинади. У ерда ҳукуматпараст троллар нолинчи йиллар ўрталарида сезиларли тарзда урчий бошлаган. Ғарбда уларни «50 центлик партия» деб аташган — ҳар бир комменти учун тўланадиган ярим юан туфайли. Айтишларича, ҳозир «партия» аъзоларининг сони 300 мингдан ошган ва улардан бир қисми иши учун пул олмаслигини таъкидлайди.
Бошқа томондан, наҳотки методичка бўйича ишловчи инсонлар жамоатчилик фикрига таъсир ўтказа олса, деган савол туғилади.
Ботлар кимнидир нимагадир ишонтира оладими ўзи?
Ишонтирганда қандоқ! Яққол мисол — интернет дўконларда сотиладиган маҳсулотлар остидаги фейк шарҳлар. Жаҳон иқтисодий форумининг анча консерватив баҳосига кўра, 2021 йилда мана шундай ёлғондакам шарҳлар туфайли бутун дунёдаги истеъмолчилар 152 миллиард долларлик товарлар ва хизматларни харид қилишган.
Сиёсий мақсадларга эришишда ҳам аҳвол шунақа. 2017 йилда Оксфорд университети жаҳоннинг 28 давлатини қамраб олган киберқўшинлар ва тролларнинг аудитини чоп этган. Тадқиқотчилар аниқлашича, ижтимоий медиа билан манипуляция қилиш — кенг тарқалган сиёсий амалиёт бўлиб, уни қўллаётган режимга боғлиқ.
Автократиялар кўпинча ўз аҳолисига йўналтирилган кампанияларни ўтказишган. Жуда кам қисми хорижликлар билан ишлашган. Демократлар эса, аксинча, ижтимоий тармоқдаги кампаниялардан хорижликларга таъсир ўтказиш учун фойдаланишган. Ўз фуқароларини ҳукумат эмас, сиёсий партиялар «аллалашган».
Ишонч-эътиқод ҳақида гапирилса, Филиппин бу борада эталон мисол бўла олади. Айнан шу ерда инфлюэнсерлар ва троллар армияси 2016 йилда авторитар популист Родриго Дутертега президентлик сайловида ғалаба қозонишга кўмаклашиб юборган. Интернетдаги комментчиларни ёллаганини унинг ўзи ҳам рад этмаган.
Кошки ҳаммаси сайлов билан тугаган бўлса. Инглиз тилида сўзлашувчи Филиппин юзлаб бот фермаларининг ватанига айланган. Орадан бир неча йил ўтиб, улар мамлакат ташқарисидаги ҳар қандай буюртмачига ўз хизматларини таклиф қила бошлашган. Шу сабабли Facebook компаниясининг сайловга нисбатан оммавий сиёсати учун масъул вакили айнан Филиппинни «Глобал дезинформация эпидемиясидаги нолинчи пациент» деб атаган.
Тролл ва ботлардан сиёсатчини ҳокимият тепасига келтириш учун кимнидир нимагадир ишонтириш доим ҳам талаб қилинмайди. Баъзан шунчаки чалкаштириш, алдаш ёки йўлдан уриш кифоя.
Нолинчи йилларда Россияда пропаганда фейкларини тарқатиш учун «ёлғон брандспойти» схемасидан фойдаланилган. Унинг моҳияти ишончли маълумотни яшириш эмас, ҳақиқатни атайлаб изчил бўлмаган ва ўтакетган ва ҳақиқатдан йироқ ёлғон ахборотлар уммонида чўктириб юборишдан иборат бўлган. Информацион хаос туфайли фактлар, миш-мишлар, уйдирма ва ғирт ёлғонни фарқлаб бўлмай қолади — барча версиялар қанақадир «лойқаланган» ва кимдир томонидан «пули тўланган»дек кўриниш олади.
Ботлар — ана шундай «лойқа» версияларни етказиш учун энг яхши восита.
Балким улар бот эмасдир?
Бўлиши мумкин. Фойдаланувчи ўзи билан баҳслашаётган инсоннинг мотивларига ҳеч қачон амин бўла олмайди — кўпинча унга ғазабли ва ғаразли мақсадни ёпиштиради. Бу чиндан ҳам самимий нуқтайи назар эканлигини текшириш кўпинча имконсиз. Айниқса, одам ўз ҳамфикрлари билан кўп суҳбатлашган бўлса.
Ижтимоий тармоқларда бизнинг ўзимиз, шунингдек, алгоритмлар ёрдамида лентамизни шундай қуриб оламизки, ҳар биримиз ўз информацион пуфагимиз ичида қолиб кетамиз. Қачонки бизнинг рухсат этилган пуфагимиздан ташқаридаги фикрга дуч келиб қолсак — бу шокка сабаб бўлади. Бундай фикр билдираётганларни бот (яъни, аслида у бундай фикрда эмас, буюртмани бажаряпти) деб ҳисоблаш — бу бизнинг ҳимоя реакциямиз. Ахир одам ўзини «нормал» деб ҳисоблашни ва атрофидаги инсонлар ҳам «нормал» эканига ишонишни истайди.
Пандемия ва айниқса уруш кўплаб ҳолларда фикрни қўлламайдиган инсонлар билан мулоқотни имконсиз даражага чиқариб қўйди.
Бошқача фикрдаги инсон билан тўқнаш келишда ҳис қилинадиган шок — ҳаётимизга ижтимоий тармоқлар ёки Украинадаги уруш олиб кирган қандайдир нарса эмас. Бунга ўхшаш нарса интернет ҳали оммалашмаган, кичик ҳамжамиятлар ҳамфикрлардан иборат пайтларда ҳам рўй берган.
Россиядаги веб-бригадалар тўғрисидаги дастлабки тадқиқот «Катта оғанинг виртуал кўзи» 2003 йилда чиққан. Унда таъкидланишича, 1998-1999 йиллардаги форумларда Россияда демократик ва либерал эътиқоддаги инсонлар кўпчиликни ташкил этган. Нолинчи йиллар бошидан барча чиқишларнинг 60–80 фоизини «тоталитар фикрлар» ташкил эта бошлаган, бу ботлар бригадаси ҳаракатга келганидан далолат, дейиларди.
Ҳозир, орадан 20 йил ўтгач Россия интернетининг дастлабки фойдаланувчилари веб-бригадалар эмас информацион шокка рўпара келганининг эҳтимоли катталиги айтилмоқда. 90-йилларда Россияда оддий интернет фойдаланувчиси оддий россияликдан кескин фарқ қиларди: у ёшроқ, бойроқ, билимлироқ, ўша пайт учун экзотик ҳисобланган касб эгаси (тизим администратори ёки пиарчи) бўлган. У албатта либерал ёки ғарбпараст бўлмаган бўлиши мумкин — бироқ бунинг эҳтимоли мамлакат бўйича ўртача олинганидан юқорироқ бўлган.
Айни пайтда қандайдир алоҳида «интернет фойдаланувчилари» йўқ, худди алоҳида бир «кийим кийувчилар» йўқлиги сингари. Бу 2003–2005 йилларда бошланган, кенг полосали интернет аввал уйларда, нолинчи йиллар охирларида эса телефонларда пайдо бўла бошлагач. Эндиликда оддий россиялик интернетда ҳам оддий россиялик.
Кремл ўшанда телевидениени жиловлашга улгурган эди. Кейин маълум бўлдики, унинг ёнида бутунлай бошқа, назорат остида бўлмаган ахборот макони ўсиб чиққан. Тез орада у ердаги халқ сони телевизор қаршисидаги одамлар сони билан тенглашди.
«Ичкаридан» бу қандайдир тажовуздек кўринарди. Айнан ўша пайтларда «Одам ишлаяпти, уни тушуниш керак», деган мем пайдо бўлган эди, яъни у бу гапларни чин кўнглидан эмас, пул олиб ёзяпти деган маънода. Ҳозир шу эмоция лўндагина кўринишга эга: «Ахир бу бот-ку?!»
Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бу таъкидлар асосга эга эмас, деб айтиб бўлмайди. Сиёсатшунос Станислав Белковский кам сонли «махсус ўқитилган бригада» 2000–2001 йиллардаёқ пайдо бўлганини айтган эди. Лекин у бу гапни 2009 йилда — кремплпараст ботлар ва интернет-ОАВ оддий ҳолга айланган пайтда гапирган.
2005 йилдан бошлаб улар ёрдамида Россия ҳукумати Украинадаги инқилобдан сўнг «зарғалдоқ таҳдид»га қарши туришган. Уларга дастлабки троллар фабрикаси ва ҳукуматпараст сайтларни қуришда 90-йиллар охирларидаги интернет-тадбиркорлар ёрдам беришган.
2023 йилга келиб пудратчиларнинг техник жиҳозланганлиги ва таркиби ўзгарди. Бироқ «ахир у бот-ку?!» деган ҳимоя реакцияси ҳамон ўша-ўша.
“Zamin” yangiliklarini “Telegram”da kuzatib boring