
Сўнгги йилларда Хоразм вилоятининг туризм соҳасидаги ютуқлари ва амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалари натижасида ҳудудга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони етти-саккиз йил аввалги кўрсаткичга нисбатан қарийб 30 баробар ошди. Бу ўзгаришлар самарасида вилоятнинг туризм хизматлари экспорти ҳам кескин ўсиб, 2017 йилдаги 7 миллион доллардан 2023 йилда 380 миллион долларга етди.
Авваллари Хоразм туризми фақатгина Ичан қалъа билан боғлиқ деб тасаввур қилинган бўлса, энди эса ушбу қараш бутунлай ўзгариб, сайёҳлар учун 40 дан ортиқ янги туристик йўналишлар ишлаб чиқилди ва уларнинг умумий сони 100 тага етказилди.
Яқинда очилган "Арда Хива" мажмуаси ҳам вилоят туризмининг ривожланишида янги саҳифани очди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи чоғида очилган ушбу маскан қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган, ўзгача меъморий услубда барпо этилган ноёб лойиҳа ҳисобланади.
"Арда Хива" мажмуаси 25 гектарлик кам унумли шўрхок ерларда қурилди. Ушбу ҳудуд 150 гектарлик Ғовук кўли билан туташ бўлиб, бу ерда кенг кўламли яшил майдонлар барпо этилиши сайёҳлар учун янада кўпроқ қизиқиш уйғотиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев мажмуани бевосита айланиб чиқиб, бунёдкорлик ишлари билан танишди. У ерда ташкил этилган ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари, миллий бозор расталарини кўздан кечириб, яратилган шароитларга юқори баҳо берди.
Мажмуада қадимий шаҳар муҳитига ўхшатилган бинолар, жами 1000 ўринга эга 20 та замонавий меҳмонхона, очиқ ва ёпиқ аквапарк, турли аттракционлар, 3000 ўринга эга амфитеатр ва мусиқали фаввора каби иншоотлар мавжуд.
Шунингдек, сайёҳлар учун тарихий услубда барпо этилган 11 та ҳунармандчилик уйи, шарқ бозори, “Кўҳна Урганч” музейи, сув каналлари орқали қайиқларда сайр қилиш имконияти ҳам жуда қизиқарли янгиликлардан ҳисобланади.
Мажмуа ҳудудида 5 та замонавий кинотеатр ва концерт заллари, кўплаб ресторан ва савдо расталари, заргарлик маркази, сув мото-туризми учун махсус ҳудуд ва кенг автотураргоҳ ташкил қилинган. Барча объектлар замонавий иситиш ва совутиш тизими билан таъминланган бўлиб, электр энергиясини тежаш мақсадида қуёш батареялари ўрнатилган.
Ушбу ноёб лойиҳа йилига 3 миллион сайёҳни қабул қилиш қувватига эга бўлиб, икки мингдан ортиқ инсон учун янги иш ўринлари яратилади.
Президент ёшлар билан мулоқотда уларнинг орзу-интилишлари, келажакдаги режалари билан қизиқиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
– Ҳар қандай ерости бойликлари қачондир тугайди. Аммо аждодларимиз бизга қолдирган буюк маданий ва маънавий меросимиз асрлар давомида халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Бу бойликлардан оқилона фойдаланиб, уни келажак авлодларга етказишимиз зарур. Ҳали бизнинг олдимизда кўплаб режалар турибди ва мен сиз ёшларга ишонаман. Сизлар ўз олдингизга катта мақсадлар қўйиб, замонавий билимларга эга бўлсангиз, биз кўзлаган юксак марраларга албатта эришамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундай қилиб, Ичан қалъа Хоразмнинг ўтмишга боғлиқ қадимий мероси бўлса, "Арда Хива" ҳудуднинг замонавий ва жозибали туристик "ташриф қоғози" сифатида бутун дунё сайёҳлари эътиборини тортиши шубҳасиз. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар