date

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди (фото)

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Самарқанд шаҳрига амалий ташриф билан келди. Давлат раҳбари ташриф дастури доирасида аввало муқаддас маскан — Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, буюк муҳаддис бобомиз мақбарасида Қуръон тиловат қилиниб, дуолар ўқилди. Бу муқаддас қадамжо сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан кенг кўламда қайта барпо этилди. Мажмуа Имом Бухорийнинг ислом дунёсидаги юксак ўрни ва бой маънавий меросига муносиб тарзда замонавий қиёфа касб этди.

Янги бунёдкорлик ишлари натижасида зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди. Хусусан, Рамазон ҳайити арафасида мажмуа янада кенг кўламда очилиб, ушбу қутлуғ масканда 60 мингдан ортиқ юртдошлар ва хорижий меҳмонлар ҳайит намозини адо этди.

Илгари бир кунда 12 минг нафар зиёратчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган мажмуа бугунги кунда 65 минг кишини қабул қила оладиган даражага етказилди. Қайд этилишича, мажмуа қайта очилганидан сўнг бир ой ичида уни 1 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий зиёратчилар зиёрат қилди.

Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев мажмуага келувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ибодатларни бемалол адо этиши ва Имом Бухорий мероси билан яқиндан танишиши учун имкониятларни кенгайтириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.

Шунингдек, давлат раҳбари автотранспортда келувчилар учун тўхташ жойларини кенгайтириш, сайр ҳудудларини янада обод қилиш, дам олиш учун табиий ва қулай муҳит яратиш зарурлигини таъкидлади. Бу йўналишдаги ишлар мунтазам таҳлил қилиниб, ҳар олти ойда мажмуадаги шароитлар ўрганилиб, қўшимча чоралар белгиланиши лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, юртимиз бўйлаб имом-хатибларни ушбу мажмуага жалб қилиб, уларнинг малакасини ошириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Президент зиёрат маданиятини ривожлантириш, муқаддас қадамжолар ва мозорларни обод сақлаш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, бундай масканларда муносиб шароит яратиш, ўтганлар хотирасига ҳурмат руҳини кучайтириш ёш авлоднинг маънавий камолоти ва ўзлигини англашида муҳим аҳамиятга эга.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди (фото)