date

Ўзбекистонда хонандаларнинг йиллик даромади очиқланди

Ўзбекистонда хонандаларнинг йиллик даромади очиқланди

2025 йил бошидан жорий йил 1 май санасигача Ўзбекистонда 1 100 нафар лицензияга эга хонанда ўз даромадлари бўйича декларация топширди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Кўрсатилган даромадлар

Ушбу давр мобайнида санъат вакиллари йиллик ҳисоботларида жами 6 млрд 478 млн сўм даромад қайд этган. Шундан солиққа тортиладиган қисми 5,1 млрд сўмни ташкил этиб, умумий ҳисобда 599,7 млн сўм даромад солиғи аниқланган.

Хонандалар кўрсатган тушумлар миқдорига қараб учта рейтинг тоифасига ажратилган. Биринчи гуруҳдаги 47 нафар ижодкор умумий 1,5 млрд сўм даромад билдирган. Ушбу маблағнинг 1,2 млрд сўми солиққа тортилиб, 140,8 млн сўм солиқ ҳисобланган.

Иккинчи тоифадаги 100 нафар санъаткор 901,4 млн сўм даромад кўрсатган. Шундан 699 млн сўм солиққа тушиб, 83,9 млн сўм солиқ белгиланган.

Учинчи гуруҳдаги 953 нафар ижодкор эса 4,1 млрд сўм даромад қайд этган. Ушбу маблағнинг 3,2 млрд сўми солиққа тортилиб, жами 375,2 млн сўм солиқ ҳисобланган.

Даромадлар диапазони

Тақдим этилган 1 100 та декларациянинг 375 тасида йиллик даромад 1 млн сўмгача экани кўрсатилган бўлиб, жами 213,1 млн сўмни ташкил этган. Бу ҳолатда ўртача йиллик солиқ миқдори 54,4 минг сўмга тенг бўлган.

Яна 576 та декларацияда 10 млн сўмгача даромад қайд этилган ва умумий сумма 2,55 млрд сўмга етган. Ўртача йиллик солиқ 420,7 минг сўмни ташкил қилган.

102 та декларацияда ижодкорлар йиллик даромадни 20 млн сўмгача (жами 1,4 млрд сўм) деб кўрсатган. Бу ерда ўртача солиқ 1,3 млн сўмга тенг бўлган.

28 нафар санъаткор даромадини 40 млн сўмгача деб билдирган. Ушбу тоифадаги умумий тушум 860,6 млн сўмни ташкил этган ва ўртача солиқ 2,7 млн сўмга тенг бўлган.

12 та декларацияда йилига 60 млн сўмгача даромад қайд этилган бўлиб, жами 655 млн сўм тушум қайд этилган. Бу ҳолатда ўртача солиқ 5 млн сўм атрофида бўлган.

Шунингдек, 7 нафар санъаткор йиллик даромадини 152 млн сўмгача деб кўрсатган. Улар умумий 782 млн сўм даромад олган бўлиб, ўртача солиқ тўлови 10,7 млн сўмни ташкил этган.

Маълум қилинишича, декларация топширган хонандалар 2026 йил 1 июнга қадар солиқ тўлашлари шарт.

Аввалроқ 2026 йил 1 сентябрдан мамлакатда концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни солиққа тортиш бўйича янги тартиб жорий этилиши режалаштирилаётгани маълум қилинган. Адлия вазирлиги бу борадаги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этган.

Мазкур ташаббус ижтимоий тармоқларда турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Айрим санъаткорлар аллақачон лицензия учун тўлов қилаётганини айтиб, қўшимча солиққа қарши чиққан бўлса, бошқалар бу талабга тайёр эканини билдирган. Шунингдек, маданият вазири Озодбек Назарбеков “солиқ тўламасликни айтишга уялиш керак” дея кутилган ўзгаришлар юзасидан ўз муносабатини билдирган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда хонандаларнинг йиллик даромади очиқланди