Самарқандда Мирзиёев ва ОТБ ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига амалий ташрифи доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги нуфузли делегацияни қабул қилди. Мазкур учрашув мамлакатимиз ва халқаро молиявий институт ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.
Суҳбат аввалида ОТБ раҳбари Ўзбекистон етакчисига Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишини айнан Самарқандда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани ҳамда ташкилотчиликда кўрсатилган амалий ёрдам учун самимий миннатдорлик билдирди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги кўп қиррали, ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтиришнинг муҳим йўналишлари муҳокама қилинди. Сўнгги йиллардаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилишича, ўтган 30 йил мобайнида ОТБ Ўзбекистон учун ишончли ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорга айланган.

Ҳозирги кунда амалга оширилаётган лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларни ташкил этади. Шу билан бирга, амалиётлар ҳажми бўйича Ўзбекистон банкнинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкорларидан бирига айланди.
Ҳамкорлик доирасида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, темир ва автомобил йўлларини модернизация қилиш, энергетика тармоғини янгилаш, ижтимоий соҳани такомиллаштириш, сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби қатор муҳим йўналишларда кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилди ва ҳозир ҳам изчил давом этмоқда.
Томонлар 2030 йилгача мўлжалланган янги шериклик дастури доирасида умумий қиймати 12,5 миллиард долларлик лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, ипотека бозорини ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш, инклюзив таълимни кенгайтириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олинди.
Рақамли инновацияларни жорий этиш, махсус иқтисодий зоналар инфратузилмасини замонавийлаштириш ҳамда Марказий Осиёда йирик минтақавий инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришда ОТБнинг етакчилик ролини кучайтириш масалалари ҳам музокара марказида бўлди.
Учрашув якунида давлат раҳбари Осиё тараққиёт банки раҳбарияти ва жамоасига Самарқандда ўтаётган Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши муваффақиятли ўтишини тилади. Шунингдек, томонлар ўртасида 2030 йилгача бўлган шериклик дастурини алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида, Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши 3–6 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда.