
23 декабрь куни Ўзбекистон ҳудудларида об-ҳаво асосан барқарор, бироқ салқин тус олади. Ўзгидромет маълум қилишича, Тошкент шаҳрида ўзгарувчан булутлилик кузатилади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Кун давомида ҳаво ҳарорати 5–7 даража илиқ атрофида бўлади.
Кечаси эса пойтахтда ҳаво анча совиб, ҳарорат –4 даражагача пасайиши мумкин. Айрим пайтларда енгил қор ёғиши ёки туман тушиши эҳтимоли бор. Бу эса айниқса эрталабки соатларда ҳайдовчилар учун эҳтиёткорликни талаб қилади.
Тошкент вилояти билан бир қаторда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳам кундузи ҳаво ҳарорати 2–7 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Кечаси эса бу ҳудудларда 2–7 даража совуқ қайд этилиши, айрим жойларда туман пайдо бўлиши мумкин.
Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кундузги ҳаво нисбатан илиқроқ бўлади — 7–12 даража атрофида. Кечаси эса ҳарорат –4 даража совуқдан 2 даража илиққача ўзгариб туради.
Фарғона водийси ҳудудларида кундузи ҳаво 0–5 даража илиқ бўлади. Кечаси эса айрим жойларда қор ёғиши мумкин, ҳарорат –5 даражагача тушиши эҳтимолдан холи эмас.
Республиканинг тоғли ҳудудларида кундузи ҳарорат –3 даража совуқдан 2 даража илиққача бўлади. Кечаси эса анча совуқ бўлиб, 8–13 даража совуқ қайд этилади. Шунингдек, тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи сақланиб қолмоқда, айрим жойларда қор ёғиши ва туман тушиши мумкин.
Мутахассислар об-ҳаводаги бундай ўзгаришлар фонида йўл ҳаракатида ва тоғли ҳудудларда сафарларни режалаштиришда янада эҳтиёткор бўлишни тавсия қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.