
Ижтимоий тармоқларда 2026 йил 1 январдан бошлаб “экологик ҳудуд”ларга кирувчи қизил ва сариқ тоифадаги автомобиллар жаримага тортилади, деган хабарлар тарқалди. Бироқ ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди.
Аслида, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда эко-стикер, яъни “Экологик транспорт” тизими расман ишга тушади. Лекин тизим талабларига риоя этилмаган ҳолатлар учун жарима чоралари дарҳол қўлланилмайди. Жарималарни жорий этиш камида икки йилдан кейин бошланиши белгиланган.
Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилди. Унинг таъкидлашича, эко-стикерлар уч хил рангда — яшил, сариқ ва қизил бўлади. Дастлаб сариқ ёки қизил стикер олган ҳайдовчиларга унинг рангини ўзгартириш имконияти берилади.
Айтилишича, мамлакатнинг барча ҳудудларида диагностик марказлар фаолият юритмоқда. Сариқ ёки қизил эко-стикерга эга транспорт воситалари шу марказларда техник кўрикдан ўтказилиб, белгиланган талабларга жавоб берса, стикер рангини ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлади. Масалан, қизил стикерли автомашина тоза ҳудудга киришга ҳаракат қилганда, бу ҳақда ҳайдовчига олдиндан огоҳлантириш юборилади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, транспорт воситаларига оид барча маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида электрон тарзда юритилади. Марказий шаҳарларнинг кўп қисмида камералар ва кузатув воситалари ўрнатилган бўлиб, ягона электрон платформа орқали назорат амалга оширилади.
Энг муҳими, эко-стикер ранги ҳудуд талабларига мос келмаган ҳолатлар учун жарима қўллаш 2026 йил 1 январдан эмас, балки икки йил ўтгач жорий этилади. Шу боис, ҳозирча ҳайдовчилар учун бу тизим кўпроқ мослашиш ва тайёргарлик даври сифатида хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.