date

Янги йил олдидан озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши қатъий назоратга олинади

Янги йил олдидан озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши қатъий назоратга олинади

Янги йил байрами арафасида аҳоли орасида талаб кескин ошиши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш масаласи кун тартибига чиқди. Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси йирик савдо тармоқларини асоссиз нарх ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирди.

Қўмита маълумотларига кўра, байрам арафасида ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларга бўлган талаб ортиши эҳтимолини инобатга олган ҳолда чакана савдо тармоқларига махсус кўрсатмалар юборилган. Хусусан, “Korzinka”, “Makro”, “Havas”, “Baraka”, Magnum, Ассорти, “B1” ва “Magnit” каби йирик супермаркетлардан етказиб берувчилар томонидан нархларни ўзгартириш, логистика харажатлари ёки бошқа омиллар сабаб қимматлашув юз берса, бу ҳақда қўмитани зудлик билан хабардор қилиб бориш талаб этилган. Шунингдек, етказиб берувчилар асоссиз қимматлашувларга йўл қўймаслик юзасидан доимий огоҳлантирилиши шартлиги таъкидланган.

Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари аҳоли кундалик истеъмолининг асосий қисмини ташкил қилади. Ушбу маҳсулотлар бўйича бозорда талаб ва таклиф мавсумий ёки бошқа сабаблар билан кескин ўзгариши мумкин. Бундай товарлар қаторига, аввало, мол, қўй ва парранда гўшти, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, шакар, ғалла ва ун, шунингдек картошка, сабзи, бошпиёз каби маҳсулотлар киради. Улардан ташқари, рўйхати Республика комиссияси томонидан тасдиқланадиган бошқа озиқ-овқат турлари ҳам ижтимоий аҳамиятли ҳисобланади.

Қайд этиш жоиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси тадбиркорларни Янги йил олдидан ўтказиладиган чегирма ва акцияларда белгиланган қоидаларга қатъий амал қилиш зарурлиги ҳақида ҳам огоҳлантирган эди. Бу чоралар аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва байрам кунлари сунъий қимматлашувнинг олдини олишга қаратилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Янги йил олдидан озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши қатъий назоратга олинади