18:25 / 29.04.2020
3 167

Ўзбекистон коронавирусдан зарарланиш бўйича авж нуқтадан ўтиб бўлдими?

Ўзбекистон коронавирусдан зарарланиш бўйича авж нуқтадан ўтиб бўлдими?
Фото: Zuma/ТАСС
Бир ойдан зиёд давом этаётган карантин даврида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтириб олиб даволанаётган беморлар сони 20 апрель куни бир вақтда 1361 кишини ташкил этиб, ўзининг энг авж нуқтасига етганди.

29 апрелга келиб бир вақтда даволанаётган беморлар сони 895 нафаргача тушди. Бу эса вирусдан зарарланиш билан боғлиқ жами 1969 ҳолатнинг ярмисидан ҳам кам. Вафот этганлар сони тузалган 1066 кишининг 1 фоизидан ҳам камроқ — 8 киши.

Касалланганлар сони динамикаси (28 апрель ҳолатига кўра)
2020 йилда бутун жаҳонни чулғаб олган коронавирус пандемияси 34 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда бошқа давлатларга нисбатан анча юмшоқ сценарийда кечмоқда. Бунинг сабабларидан бири мамлакат илк ҳолат (!) аниқланганининг эртасигаёқ (!) ёпилгани, бу эса ўша вақтда ҳукуматнинг реакция кўрсатиш тезлиги бўйича жаҳон рекорди бўлса ажаб эмас.

Қатъий карантин чоралари шарофати билан мамлакатда касалликнинг қайд этилган ҳолатлари (1969 киши) ҳам, кунлик янги ҳолатлар (сўнгги икки кунда 35 кишидан, бугун ҳозирча 30 киши) ҳам нисбатан паст даражада сақланиб турибди. Коронавирусдан вафот этганлар сони карантиннинг биринчи ойида 8 кишини ташкил қилди, бу ҳолатда мамлакатда грипп ва бошқа ЎРК асоратлари оқибатида ойига ўртача йўқотишлар 200 кишини ташкил этади.

Асосийси, соғайганлар сони кўпаймоқда — кўрсаткич кунига 100 киши атрофида бўлмоқда, уларнинг умумий сони 1000 нафардан ошди, яъни соғайганлар жами юқтирган беморлар сонининг ярмидан ошиб кетди, вафот этганлар эса соғайганлар улушининг бир фоизидан камроқ.

Шу ва шунга ўхшаш бир қатор маълумотлар, графиклар расмий манбаларнинг хабарларида, уларга таяниб маълумот тайёрлаётган матбуот ҳамда таҳлилчилар шарҳларида келтирилмоқда. Лекин инсонларнинг аксариятига, шунингдек масъулиятли қарорлар қабул қилаётганларга ҳам бу рақамлар тўплами ва графиклар тор доирали мутахассислардек синчиклаб ўрганиш учун эмас, кузатилаётган вазиятнинг моҳияти ва мамлакат айни дамда жараённинг қандай босқичида эканлигини англашлари учун керак.

Касалланганлар сони динамикаси
Шу жиҳатдан жаҳондаги ва алоҳида мамлакатлар бўйича хабарларда биринчи навбатда касаллик юқтириш ҳоллари ва вафот этганлар сони келтирилиши мени бироз гангитиб қўяётган эди. Бу маълумотлар ва уларга илова қилинаётган графиклар ҳар қандай эпидемия шароитида ўсишни кўрсатади, графикларнинг «думлари» узоқ ойларга чўзилиши мумкин, бу эса барчани дилгир қилади.

Оптимистлик бахш этадиган учинчи бир рақамлар тўплами — соғаяётганлар бўйича маълумот қолаётган эди, қайсики унинг ўсиб бораётган графиги барчани қувонтирарди. Лекин шугина ёқимли маълумотлар ҳам эпидемия қандай босқичдалиги ва энди нима қилиш кераклиги ҳақидаги асосий саволларга аниқ жавоб бера олмасди.

Маълумотлар таҳлили билан шуғулланиб юрган инсонлар ҳозир эпидемия бўйича уларнинг саволларга жавоб бўла оладиган ўша маълумотлар ва комбинациясидан график қуришга ҳаракат қилишмоқда. Эпидемиологияда кўпинча кунлик янги касалланиш ҳолатлари графигига таянилади. Бу кўрсаткичлар бошида ўсиб боради, энг ўткир фазасида авж нуқтасига етади, сўнгра камая бошлайди ва эпидемия ҳам сўна бошлайди. Бундай графиклар эпидемик эгри чизиқлар деб аталади.

Кунлик янги касалланиш ҳолатлари графиги
Ўзбекистон учун бундай эпидемик эгри чизиқ баъзан эълон қилинмоқда. 3-расмда карантиндаги сўнгги бир ой учун эгри чизиқ келтирилган. Худди шундай графиклар бир кунда тузалганлар сони учун ҳам келтирилади ва Ўзбекистон учун график 4-расмда тасвирланган.

Кунлик тузалганлар сони графиги
Лекин мен шундай хулосага келдимки, мамлакатда эпидемия ҳолатини аниқлаш учун асосий рақам — касалликка чалинганларнинг ҳар кунги сонидир. У эълон қилинаётган учта рақамнинг комбинацияси бўлиб, касаллик юқтирганларнинг жами сонидан соғайганлар ва вафот этганлар сони айрилиши билан аниқланади.

Нега муаммонинг моҳиятини айнан айни дамдаги касаллар сони очиб беради? Гап шундаки, агар у ўсаётган бўлса эпидемия кундан кунга янгидан янги инсонларни қамраб олаётгани, яъни кенгаяётганини билдиради; лекин у камая бошласа эпидемия пасаяётганидан нишона бўлади. Бу ердан хулоса қилиш мумкинки, ҳар қандай давлатда бурилиш юз берадиган куни келади. Бу кунда айни дамнинг ўзида касал бўлиб турганлар сони энг катта кўрсаткични қайд этади ва кейинчалик пасая бошлайди. Ана шу касалланганлар сонининг авж нуқтаси бўлиб, эпидемияни икки босқичга — ўсиш ва пасайиш босқичига бўлади.

Ўзбекистон учун тегишли графиклар 1- ва 2-суратларда келтирилган. Бу графиклардан кўринадики, бир вақтнинг ўзида бемор бўлиб турганларнинг авж нуқтадаги сони 1361 кишини ташкил этган ва бу воқеа бир ҳафта муқаддам 20 апрель куни қайд этилган. Шундан сўнг касалланганлар сони барқарор пасая бошлаган ва 29 апрелга келиб 895 киши кўрсаткичигача тушди.

Агар сўнгги бир ҳафтада кузатилаётган тенденция сақланадиган бўлса, 2-расмдаги эгри чизиқ экстраполяцияси 15 майга бориб нолга тушишини билдиради. Бу энг ижобий шартлар билан қилинган прогноз.

Ноқулай шарт-шароитлар расмий статистика қайд этилган касалларнигина ҳисобга олаётгани ортидан келиб чиқиши мумкин, бошқа мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, турли сабабларга кўра тестдан ўтказилмаган вирус ташувчилари ҳисобига яна касалланиш ҳолатлари сони ошиб кетиши мумкин. Ўзбекистонда касаллар ва потенциал гумондагилар контактга киришган барча инсонларни аниқлаш ва изоляциялаш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борилиб, бу омилнинг таъсири минимумга туширилган. Ҳозирча бу усул ёмон ишламаяпти, умид қилиш мумкинки, кейинчалик ҳам шундай бўлади.

Сўзим ниҳоясида статистиканинг информативлигини ошириш бўйича яна бир истагимни билдириб ўтмоқчиман. Мен учун эпидемиянинг пасайиши ҳақида фикр юритишда асосий масала карантин зонасидан ташқарида янги ҳолатлар сонининг камайиши эканлиги тушунарли. Карантин зонасидаги шахсларда янги ҳолатлар аниқланиши эпидемия тарқалишининг умумий манзарасида кўп нарсани ўзгартира олмайди, чунки бу шахслар шундоқ ҳам аҳолидан изоляция қилинган ва эпидемиянинг янада ўсишига таъсир ўтказа олишмайди.

Шунинг учун ахборот тарқатиш учун масъул бўлганлардан илтимос, янги қайд этилган ҳолатлардан нечтаси карантин зонасидан ташқарида рўй берганини аниқлаб, эълон қилиб боришса. Бу шуниси билан муҳимки, бундай рақамлар бир-икки ҳафта мобайнида нолга тенг бўлса, карантин зоналарида назоратни янада кучайтириб, мамлакатда жорий этилган аҳоли учун ўзини-ўзи изоляция қилиш режимини бекор қилавериш мумкин.

Умуман олганда эса, эълон қилинаётган маълумотларга кўра, Ўзбекистон эпидемиянинг ўткир фазасидан чиқиб, май ойи ўрталарига бориб, яъни икки ойлик карантин давридан сўнг аҳоли учун чеклов чораларини бекор қилишни бошласа керак. Бу ҳам бундай миқёсдаги давлатлар ичида ўзига хос рекорд бўлар эди.

Зоҳид Зокир

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон коронавирусдан зарарланиш бўйича авж нуқтадан ўтиб бўлдими?