12:57 / 14.05.2022
2 137

Европа янада кучли ва хавфсизроқ бўладими ёки янги таҳдидлар билан тўқнашадими?

Европа янада кучли ва хавфсизроқ бўладими ёки янги таҳдидлар билан тўқнашадими?
Air Force Master Sgt. Roidan Carlson / U.S. Department of Defense
Россиянинг Украинага босқинидан жиддий хавотирланган Скандинавиядаги икки бетараф мамлакат - Финландия ва Швеция шу ёздаёқ Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиб кириш ҳаракатига тушган.

12 май куни Финландия президенти Саули Ниинистё ва бош вазир Санна Марин НАТОга тезроқ аъзо бўлиш зарурлиги ҳақида қўшма баёнот берди. Унда НАТОга аъзо бўлиш мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаши қайд этилиб, яқин вақтлар ичида бу қарорни қабул қилиш учун миллий даражада барча зарур чоралар кўрилишига умид билдирилган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Финландиянинг НАТОга аъзолик ҳақидаги аризаси Россия томонидан сўзсиз таҳдид сифатида кўрилади. Унинг сўзларига кўра, Финландиянинг НАТОга киришига жавобан Россиянинг ҳаракатлари алянс ҳарбий инфратузилмасининг мамлакат чегараларига қанчалик яқинлашишидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Аввалроқ Россия финнлар ва шведларга «ҳарбий-техник жавоб» ва «мудофаанинг қонуний манфаатларини таъминлаш учун зарур бўлган барча чоралар» билан таҳдид қилганди.

Швеция ва Финландиянинг (ёки ушбу мамлакатлардан бирортасининг) НАТОга қўшилиши бутун Европа қитъаси учун хавфни камайтирадими ёки Европа янада хавфли жойга айланадими?

НАТО - Иккинчи жаҳон уруши якунлангач тузилган мудофаа альянси. Ҳозирда унинг таркибида 30 мамлакат бор. Альянс штаб-квартираси - Брюсселда жойлашган, аммо ташкилотнинг асосий ҳарбий қудрати, жумладан ядровий кучи - Вашингтоннинг қўлида.

Финландия ва Швеция - ривожланган демократик мамлакатлар ва НАТОга аъзо бўлиш мезонларига жавоб беради. Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг аллақачон бу мамлакатларни қучоқ очиб кутиб олиши ва уларнинг аъзолигини расмийлаштириш кечиктириб ўтирилмаслигини маълум қилган.

Йенс Столтенберг Швеция ва Финландия агар истак билдирса, уларни қабул қилиш йўлини «нисбатан тезроқ» топишга ваъда берган.
АҚШнинг Европадаги қуруқлик қўшинлари қўмондони лавозимидан истеъфога чиққан армия генерал-лейтенанти Бен Ҳоджес ушбу мамлакатлар қўшилиши Ғарб учун фойдали бўлишига шубҳа билдирмайди: «Швеция ва Финландия НАТОга аъзо бўлиб кириши - бу улкан ҳодиса, воқеаларнинг жуда ижобий ривожи бўлган бўларди. Иккиси ҳам - ривожланган демократик давлатлар, уларнинг иккисининг ҳам армияси жуда яхши, малакали ва модернизация қилинган, мобилизация тизими жуда яхши йўлга қўйилган».

Финландия мисолида ҳарбий интеграция аллақачон у ёки бу шаклда амалга оширилмоқда. Яқинда Британиядан келган танк экипажлари финнларнинг зирҳли бригадаси таркибида НАТОнинг кўп миллатли Бирлашган экспедиция кучларини (Joint Expeditionary Force, JEF) ташкил этувчи америкалик, латвиялик ва эстониялик ҳарбийлар билан биргаликдаги манёврларда иштирок этди.

Буюк Британия мудофаа вазирлигига кўра, бундай манёврлардан мақсад «Россиянинг Скандинавия ва Болтиқбўйи давлатларига тажовузининг олдини олиш» ҳисобланади.

Хўш, у ҳолда бу икки давлат (ёки ҳеч бўлмаганда биттаси) НАТОга қўшилишида қандай муаммо бор?

Россия, аниқроғи - президент Владимир Путин НАТОга мудофаа альянси сифатида қарамайди. Аксинча. Путин бу ташкилотда Россия хавфсизлиги учун таҳдидни кўради. У 1991 йилда советлар иттифоқи қулагач НАТО аста-секин, аммо ишонч билан шарққа, Москва томон кенгайиб бораётганини ташвиш билан кузатади.

Путин КГБнинг ёш зобити бўлган маҳалда Москва Шарқий Европа мамлакатларидаги вазиятни назорат қилар, Варшава келишувига аъзо давлатларнинг аксарига совет қўшинлари жойлаштирилганди.

Бугунги кунда бу давлатларнинг деярли барчаси Ғарбни танлади ва НАТОга аъзо бўлиб кирди. Собиқ совет республикаларидан Эстония, Латвия ва Литва ҳам шундай йўл тутишган.

Россия - жуда узун чегараларга эга мамлакат ва бу чегарадан фақат 6 фоизлик қисмида НАТО билан чегарадош. Шунда ҳам Кремлдагилар НАТО мамлакатни қуршаб олган ва таҳдид солмоқда, деб ҳисоблашади.

Ўз қўшинларини Украинага жўнатишдан аввалроқ президент Путин Европа хавфсизлик харитасини қайта кўриб чиқишни талаб қилганди. У НАТО ҳарбийлари Шарқий Европадаги барча мамлакатлардан олиб кетилиши ва альянсга бошқа аъзо қабул қилинмаслиги кераклигини таъкидлаганди.

Унинг Украинага бостириб кириши тескари натижа берди.

Ўнлаб йиллар мобайнида Финландия ва Швеция ўз бетарафлигини ардоқлаб келди. Икки мамлакат ҳам Ғарб маданиятига мансуб, аммо ҳозирги воқеаларга қадар бу мамлакатлар ўзининг йирик, ядро қуролига эга бўлган қўшнисини безовта қилишни истамас эди.

Украинага босқин уларни ўз нуқтайи назарини зудлик билан ўзгартиришга ундади. Энди бу мамлакатларнинг ҳукуматлари раҳбарлари ҳам, фуқаролари ҳам НАТО соябони остида бўлиш хавфсизроқлиги (Шимолий Атлантика келишувининг 5-моддасига кўра, альянснинг бирор аъзосига ҳужум қилинса, бу барчага қилинган ҳужум сифатида қабул қилиниб, қолган аъзолар ҳам қуролли ёрдам бериши кўрсатилган) ҳақида ўйлай бошлашди.

Швеция бош вазири Магдалена Андерссон ва Финландия бош вазири Санна Марин
Финландияда яқинда ўтказилган сўровлар финнларнинг 62 фоизи НАТОга аъзо бўлиш тарафдори эканини кўрсатган. Таққослаш учун, 2017 йилда бу кўрсаткич 22 фоизни ташкил этган.

Швецияда эса 2022 йил февралидаги сўровда сўралганларнинг 41 фоизи НАТОга аъзо бўлиб киришни маъқуллаган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 59 фоизга етган.

«‎Ижобий‎» аргументлар

Ҳарбий нуқтайи назардан альянсга шведлар ва финнлар армияси қўшилиши НАТОнинг Европа шимолидаги мудофаа қудратини сезиларли даражада кучайтиради, бу томонда Россия қуролли кучлари альянсникидан катта устунликка эга ҳисобланади.

Бен Ҳоджеснинг сўзларига кўра, Финландиянинг улуши F-35 қирувчи самолётлари (Ҳелсинки яқинда бундай самолётлардан 64 тасини харид қилган), Швецияники эса - Patriot зенит-ракета мажмуалари бўлади. Фин ҳукумати яқинда мудофаа учун харажатларини 2,2 миллиард долларга оширди - бу эса альянс учун яхшигина совға. НАТОнинг бу давлатлар учун молиявий ва экспертлик харажатлари жуда арзимас миқдорда бўлади.

Бундан ташқари, Швецияда Болтиқ денгизида катта ва стратегик аҳамиятга эга бўлган Готланд ороли бўлиб, бу ердан Россиянинг Болтиқ флоти штаб-квартираси жойлашган Калининградгача масофа 300 километрдан ортиқроқни ташкил этади.

Швециянинг ҳам, Финландиянинг ҳам қуролли кучлари Арктикадаги жанговар ҳаракатлар учун ўргатилган, улар Скандинавиянинг қорли ўрмонларида интенсив машғулотлар ўтказиб келишади.

1939 йилда советлар иттифоқи Финландияга ҳужум қилганида, финнлар қаттиқ қаршилик кўрсатиб, Қизил армияга катта талафот етказишганди.

Географик нуқтайи назардан Финландиянинг қўшилиши НАТО мудофаасидаги катта бўшлиқни ёпади, альянснинг Россия билан умумий чегаралари икки баробар кенгаяди.

Ҳоджеснинг қайд этишича, бу орқали Болтиқ денгизи минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорлик ҳолати сезиларли даражада яхшиланади.

Сиёсий нуқтайи назардан Скандинавиядаги икки давлат НАТОга қўшилиши Ғарбнинг муштарак мудофаасига бирдамлик ва яхлитлик қўшади ҳамда Путинга суверен Украинага босқин бутун Европани бирлаштиргани тўғрисида аниқ сигнал юборади.

«Қарши» аргументлар

Оддий қилиб айтганда, бу ўринда хавф шундаки, НАТОнинг Россия остонасида бу қадар кенгайиши Кремлни шунчалик ғазабга солади ва бу ғазаб у ёки бу шаклда намоён бўлади.

Путин «ҳарбий-техник жавоб» қайтариш билан таҳдид қилар экан, буни икки хил тушуниш мумкин: ҳарбийлар ва ракеталарни Ғарбга яқинроқ жойлаштириш орқали чегараларни мустаҳкамлаш ва эҳтимол Скандинавия давлатларига киберҳужумлар уюштириш.

Кўп йиллар мобайнида Швеция ўз бетарафлиги самарасидан фойдаланиб келди ва бундан воз кечиш осон эмас. Чунки бу аъзоликнинг швед ҳарбий саноати учун ҳам ўзига хос бадали бўлади - альянсга аъзо бўлиб кирган мамлакат ўзи ишлаб чиқарган эмас, НАТОнинг қуролларини сотиб олишга мажбур бўлади.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Финландия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши «Европа қитъасига қўшимча хавфсизлик олиб келмаслиги»ни айтган.

Владимир Путин болалигидаги бир воқеани эслашни хуш кўради, унга кўра у томонидан бурчакка тақалган каламуш ортга қайрилган ва унинг ўзига ҳужум қилган.

Путин ва унинг атрофидагилар ҳозирданоқ Украинага босқинни оқлар экан бу орқали НАТОнинг Россия борасидаги режаларини барбод қилинганини таъкидлашмоқда. Агар Кремлдагилар етарли сабабларсиз шимолий қанотнинг кескин кенгайишини Россия хавфсизлигига экзистенциал таҳдид солади деб қарор қилса, Москва бунга жавобан айнан қандай чора кўришини олдиндан айтиб бўлмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа янада кучли ва хавфсизроқ бўладими ёки янги таҳдидлар билан тўқнашадими?