
Қозоғистондан хорижга йўналтирилаётган пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада ортиб, бу жараёнда Ўзбекистон етакчи давлат сифатида қайд этилди, деб ёзади Inbusiness.kz.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил сентябр ойида Қозоғистондан амалга оширилган халқаро пул ўтказмалари умумий қиймати 71,6 миллиард тенгени ташкил этди. Бу кўрсаткич август ойига нисбатан 1,6 фоизга юқори бўлди.
Пул оқимларининг энг катта қисми — 25 миллиард тенге (умумий операцияларнинг 34,9 фоизи) — Ўзбекистонга йўналтирилган. Бу мамлакатни ҳозирги кунда Қозоғистондан пул жўнатиш бўйича энг йирик йўналишга айлантирди. Иккинчи ўринда 20,3 миллиард тенге (28,4 фоиз) билан Россия, учинчида эса 11,3 миллиард тенге (15,8 фоиз) билан Туркия жойлашган.
Мутасаддилар фикрича, бундай ўсиш аввало Ўзбекистон ва Россияга меҳнат мигрантларининг кўпайиши ҳамда уларнинг оилавий алоқаларини фаол сақлаб қолаётгани билан изоҳланади. Иқтисодий жиҳатдан қаралганда, меҳнат бозоридаги шиддатли ҳаракат пул ўтказмалар ҳажмининг ошишига катта таъсир кўрсатмоқда.
Қозоғистонга келиб тушаётган халқаро пул оқимларида эса Россия (4,7 миллиард тенге), АҚШ (3 миллиард тенге) ва Ўзбекистон (2,6 миллиард тенге) етакчилик қилмоқда. Бу рақамлар икки томонлама молиявий муносабатлар изчил ривожланаётганидан дарак бермоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!