Владимир Путин 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирганидан буён мамлакатдан чиқмаётганди. Уруш бошланганидан 4 ой ўтиб, 28 июн куни Путин илк марта Россияни тарк этиб, Марказий Осиёга йўл олди. Бу ташриф нима мақсадда амалга оширилди?
«Сиз яхшироқ биласиз»
Путиннинг ташрифи ҳақида анонс берилганда Имомали Раҳмон билан учрашувда кўплаб масалаларда мулоқот қилиниши, хусусан, Афғонистон масаласида сўз бориши ҳам айтилганди. Чиндан учрашув давомида бу масала тилга олиниб, Путин Россия ҳам Афғонистондаги вазиятга бефарқ эмаслигини таъкидлади.
«Мен Россия манфаатлари учун муҳим бўлган масалалар бўйича сизга маълумот бераман. Қўшни Афғонистонда воқеалар қандай ривожланаётгани ҳақида сизнинг фикрингизни ҳам билишни истардим», деди Путин.
Унинг айтишича, мамлакат «Толибон» билан муносабатларни шакллантиришга интилмоқда. Путин Афғонистонда назорат ўрнатган «Толибон» ҳақида ташкилот номини айтмай гапирган.
«Вазиятни назорат қилаётган сиёсий кучлар билан муносабатларни шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо аввал айтганимиз каби мамлакатдаги барча этник гуруҳлар мамлакат бошқарувида иштирок этиши керак деб ҳисоблаймиз.
Бу борада ишлашда давом этамиз, Афғонистондаги барча сиёсий кучлар билан алоқа ўрнатганмиз. Лекин у ерда нималар бўлаётгани сизга яхшироқ кўринади ва нималар қилсак, биргаликда жавобгар бўлганимиз минтақадаги хавфсизлик таъминланишини яхши биласиз. У ердаги вазият қўшни давлатларнинг бирортасига зарар етказмайдиган ва кўп миллатли Афғонистон халқи учун ҳам фойдали ҳолатда ривожланиши керак», деди Россия президенти.
Путин Афғонистон делегацияси яқинда Петербургда ўтган иқтисодий форумда иштирок этганини таъкидлади.
Россия президенти бежиз барча этник гуруҳлар раҳбариятда бўлиши ҳақида гапирмаган. Минтақада фақат Тожикистон Афғонистон «Толибон» қўлига ўтганини очиқ қўлламай, янги раҳбариятда тожикларга ҳам ўрин бериш кераклигини айтиб келади. Путин юқоридаги фикрлари билан бу борада Тожикистонни қўллашини билдирди, дейиш мумкин.
Путин уруш бошланганидан буён илк марта Россиядан ташқари чиқди ва унинг нега Тожикистонга боргани борасида кўплаб мулоҳазалар билдирилмоқда. Хусусан, Путин шу тариқа халқаро сиёсатга қайтганини кўрсатишга уринмоқда, деган фикрлар ҳам янгради.
Душанбедаги чиқишида эса Путин гўёки мана шу фаразнинг олдини олиш мақсадида Имомали Раҳмон билан учрашув аввалдан режалаштирилганига урғу қаратди. «Бугун келишувимиз бўйича учрашиб турибмиз. Бу учрашув аввалроқ бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия чекловлари сабаб амалга ошмади. Дунёнинг ушбу минтақасидаги дўст давлат заминида бўлиб турганимдан хурсандман», деди Путин.
Деталлар
Путинни Душанбе аэропортида Имомали Раҳмоннинг ўзи кутиб олди. Одатий кутиб олиш маросимларидан фарқли ўлароқ уни кутиб олишда бошқа ҳеч ким иштирок этмади – Россиянинг мамлакатдаги дипломатик миссияси вакиллари ҳам.
Аэропортнинг ўзида Путин бир неча дақиқа Имомали Раҳмон билан гаплашиб турди. Ҳатто бир муддат камералар ҳам илғамаслиги учун тескари қараб гапирди. Аэропортдан Тожикистон президенти қароргоҳигача икки давлат етакчиси Путиннинг машинасида йўл олишди. Ҳа, меҳмон давлат президенти ўзи билан олиб келган «Аурус»да.
Мигрантлар масаласи
Тожикистон ва Россия ўртасидаги учрашувларда доим меҳнат муҳожирлари масаласига тўхталиб ўтишади, чунки Тожикистон иқтисодиётига Россияда ишлаб пул юбораётган тожикистонликларнинг ҳиссаси катта. Путин тожикистонлик муҳожирларни икки мамлакат муносабатларидаги кўприк деб атаб, улар Россия ривожланишига ҳам ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Россия давлат телеканалларида муҳожирлар мавзусига алоҳида эътибор берилди, «Биринчи канал»да ҳатто тожикистонлик йигитнинг патент борасидаги фикрлари келтирилди. Худди шу канал эфирида айтилишича, президентлар Тожикистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолигини муҳокама қилган. «Бу икки давлат ўртасидаги божхона тўсиқларини олиб ташлаб, тожикистонлик муҳожирларга Россияда қонуний, патентсиз ишлаш имконини беради. Масалан, Москвада бир ойлик патент 6 минг рубл атрофида, бу эса мигрантлар чўнтагига яхшигина қийинчилик туғдиради», дейилади Путиннинг Душанбега сафарига бағишланган кўрсатувда.
«Биринчи канал» билан суҳбатда Россияда ишлаб келган йигит шундай дейди: «7 минг рубл квартирага, 6 минг рубл патентга ва 5 минг рубл рўйхатдан ўтиш учун тўлаб ишлашдан фойда йўқ. Еб-ичиш, ул-бул харид қилиш керак, уйга 10 минг рубл юборамизми? Уни шу ерда ҳам ишласа бўлади», деган қурувчи йигит.
Учрашув давомида Имомали Раҳмон мамлакатда Россия томонидан рус тилида таълим берилувчи мактаблар қурилиши муваффақиятли тамомланаётганини айтган. Буни рус телеканали икки мамлакат ўртасидаги яна бир кўприк деб атаб, айни дамда Тожикистондаги 49 та давлат мактабида рус тилида дарс ўтилишига урғу қаратган. Лавҳага рус тилида таълим берилувчи мактабдан репортаж ҳам илова қилинган.
Шоҳона қабул
Кечаси эса Имомали Раҳмон россиялик меҳмони учун чинакам шоҳона қабул уюштирди. Қасри миллатдаги машҳур боғда Путиннинг ташрифи муносабати билан чинакам табиат меваларидан иборат нақшлар пайдо бўлди. Мева, сабзавот ва полиз экинларидан иборат нақшлар Путинни ажаблантиргани рост.
Россия президенти Тожикистонга кўп борган, бундай безакларни кўп кўрган, аммо айнан бу галги учрашувда Имомали Раҳмон Тожикистон далаларида, боғларида ўсадиган барча меваларни кўз-кўз қилишга интилди. Албатта, шунчаки нақш учун эмас. Тожикистон президенти катта эҳтимол билан санкциялар сабаб бошқа давлатлар билан алоқалари мураккаб бўлиб қолган Россия президентига бундан яхши меваларни қаердан топасиз, демоқчи бўлди гўё.
Шу тариқа, Россия президентининг Тожикистонга сафари якунланди. Уруш бошланганидан буён илк марта мамлакатдан чиққан Россия президентининг иккинчи манзили ҳам Марказий Осиё давлати бўлди. У Каспий саммитида иштирок этиш учун Туркманистонга келди.
У Ашхободда Каспий денгизи атрофидаги давлат вакиллари билан учрашувда қатнашмоқда. Эртага Путин Москвада «катта йигирматалик» давлатларининг кейинги йиғилишига мезбонлик қиладиган Индонезия президенти Жоко Видодони қабул қилади. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»