date
views 2 459

Айюбийлар ким бўлган?

Айюбийлар ким бўлган?
Айюбийлар Ироқ шимолидаги Эрбилдан чиққан ва фотимийлар давлатини ағдариб, Миср устидан назорат ўрнатган курдлар сулоласи эди. Курдларнинг Хазбоний қабиласидан бўлган Нажмиддин Айюб ибн Шози унинг асосчиси бўлган. Мусул отабеки (ҳокими) Имодиддин Занжий ўз қўшинларини жангари курдлар ҳисобига тўлдирарди. Айюб ҳижрий 532 йили Имодиддин Занжийнинг қўшинига ҳарбий хизматга киради. Милодий 1139 йили Занжий Салоҳиддиннинг отаси Айюбни Баалбекка ҳоким қилиб юборди. 1146 йили Занжий вафот этганидан сўнг, Айюб Дамашққа кўчиб ўтди, унинг бевосита ёрдами ва таъсири остида 1154 йили Занжийнинг ўғли Нуриддин ҳокимият тепасига келди.

Айюбнинг акаси Асадиддин Ширкуҳ ҳижрий 564 йили Мисрдаги фотимийлар ҳукуматини ағдаради. Аммо ўзи тезда вафот этиб, ҳокимият унинг жияни Салоҳиддиннинг қўлига ўтади. 564 – 648 йиллари айюбийларнинг саккиз вакили Миср, Фаластин, Яман каби мамлакатларда ҳукмронлик қилган. Хиттиндаги жангда салибчиларни тор-мор этиб, Қуддусни озод қилган Салоҳиддин Айюбий уларнинг энг машҳурларидан эди.

Салоҳиддин ҳокимият тепасига келгач, Мисрдаги фотимийлар ҳукмронлигининг барча изларини йўқотишга киришди. Фотимийлар тахтда бўлганида шиаликни кенг тарғиб этиб, суннийларни таъқиб қилишга киришган эди. Салоҳиддин ана шу ҳолатни ислоҳ қилишга киришиб, дин ва таълим соҳасида суннийликни кенг тарғиб қила бошлади. Унинг яна буюк хизмати шунда эдики, салиб урушлари очиб, Ислом ерларининг каттагина қисмини эгаллаб олган насронийларга қарши курашга турклар, курдлар ва арабларни бирлаштира олди.

Ҳижрий 568 йили Салоҳиддин укаси Шамсиддин Туроншоҳ бошчилигида Нубияга қўшин юборди ва у стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Ибрим қалъасини қўлга олишга муваффақ бўлди. Шамсиддин у ерга курд Иброҳимни ҳоким қилиб қолдирди. Иброҳим вақти-вақти билан Нубияга ҳужум қилар, ҳар гал бой ўлжалар билан қайтарди. Ўша йили Салоҳиддин Ўрдундаги Керак қалъасини ҳам эгаллаб олди. Ана шу юриши пайтида отаси, жасур, яхши фазилатлар эгаси ва тақводор саркарда Нажмиддин Айюб ибн Шозининг вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитди.

Салоҳиддин ҳижрий 569 йили укаси Туроншоҳ бошчилигидаги қўшинни Яманга жўнатди. Туроншоҳ мамлакатнинг катта қисмини қўлга киритиб, Зобидда маҳдийлар, Санода ҳотамийлар, Аданда зурайидлар ҳукмронлигини тугатди. У 570 йилгача Яманда турди, сўнгра ўрнига волий тайинлаб, ўзи Шомга жўнаб кетди. Орадан етти йил ўтиб, Туроншоҳ Искандарияда вафот этди ва шунда Салоҳиддин яна бир укаси Туғ-тегинни Яманга юборди. У Санони ўзига пойтахт қилиб, ҳокимиятини Ҳазрамавтгача ёйди.

Милодий 1169–1193 йиллари ҳукмронлик қилган Салоҳиддин Айюбий қудратли вазир бўлиб етишгач, салиб юришларига чек қўйиш учун қўлидан келган барча ишларни қилди. Бунинг учун давлатга содиқ, қудратли қўшин зарур эди. Амалда Миср вазири бўлган Салоҳиддин подшоҳликни орзу қила бошлади. У 1174 йили Нуриддин Занжий вафоти муносабати билан ана шундай имконият юзага келганидан фойдаланиб, Мисрни мустақил деб эълон қилди.

Занжийлар унга қарши катта қўшин ташладилар. Қурун Ҳамоҳам атрофида Салоҳиддин уларни тор-мор келтириб, Шомни ўз ерларига қўшиб олди. Сўнгра укаси Туроншоҳни қўшин билан Ҳижозга юбориб, 1175 йилда бу вилоятни ҳам забт этгач, юришини давом эттириб, Яманни қўлга киритди.

Шундан кейин Салоҳиддин Бағдоддаги аббосий халифадан ўзининг Миср султони сифатида эътироф этилишини талаб қилди. Халифа бунга мамнуният билан розилик берганининг сабаби шунда эдики, бунинг натижасида ҳатто шиаларга нисбатан ҳам кескин ҳаракатлар қилиш тарафдорлари ҳисобланмиш фотимийлар ҳукмронлиги барҳам топган бўларди. Шундай қилиб, У бирданига Миср, Ҳижоз, Яман ва Шом султонлигига муяссар бўлди.

Ўша пайтларда Яқин Шарқ учта асосий кучнинг таъсир доирасида тақсимланган минтақага айланиб қолган эди. Соҳил бўйлари, Қуддусни ҳам қўшганда Фаластиннинг бир қисми салибчилар назоратида эди; Миср ва унинг атрофидаги баъзи ерлар фотимийлар сулоласи ҳукмронлиги остида эди; Сурия ва Ироқнинг бир қисми эса занжийлар қўл остида эди. Занжийлар ва фотимийларнинг ўзаро муносабатла- ри зиддиятли бўлган. Бир томондан булар турли мафкуравий йўналишларнинг вакиллари эди: занжийлар суннийлик анъаналарига содиқ бўлганлари ҳолда фотимийлар исмоилийлик ғояларига эргашишарди. Бир вақтлар шиаликдан ажралиб чиққан исмоилийлик оқими турли сирли ва яширин ғояларни тарқатар, бу билан ўзини қолган барча мусулмонларга – суннийларга ҳам, шиаларга ҳам қарши қўяр эди (Аммо айни пайтда фотимийларнинг айрим ҳукмдорлари улардан фарқли ўлароқ ўртача йўл тутиб, бошқа мусулмонларга ён босар эди).

Ўз ҳукмронлигининг ниҳоясига келиб фотимийлар аслида бутун ҳокимиятни қўлга олган ўз вазирлари таъсирига тушиб қолишди. Айнан шу вазирлар ўша пайтда умумий ғаним ҳисобланган салибчиларга қарши курашда занжийлардан ёрдам сўраб, уларга мурожаат қилишди. Занжийлар Мисрнинг салибчилар томонидан босиб олиниши сўзсиз салибчилик ҳаракатининг кучайишига ва мусулмон дунёсини ҳалокат ёқасига келтириб қўйишига ишонишар эди. Шу мақсадда улар фотимийлар билан ягона жабҳага бирлашишди ва ҳар икки томоннинг ҳам умумий душманининг каттагина кучларини чалғитишга муваффақ бўлишди.

Бироқ фотимий вазирларнинг сиёсий ўйинлари доимий хавф солиб турарди: улар иттифоқчиларини тинмай алмаштиришар, ҳали мусулмонлар билан, ҳали салибчилар билан битим тузишар эди. Салибчилар бундан фойдаланиб, Миср ҳудудига бир неча марта бостириб киришди. Натижада занжийлар армияси бир қатор жанглардан кейин салибчиларни Мисрдан ҳайдаб чиқарибгина қолмай, балки унинг пойтахти Қоҳирада ўрнашиб қолишга муваффақ бўлишди. Шу туфайли фотимийларнинг вазири Шавир ибн Мужир вазифасидан четлатилиб, унинг ўрнини Салоҳиддин Айюбий эгаллади.

Қисқа вақт ичида Салоҳиддин Мисрда катта шуҳрат қозонди. Унинг адолатли сиёсати кўпчиликни ўзига жалб қилди ва у аксари мисрликларнинг севимли ва ҳурматли кишисига айланди. Бу эса охирги фотимий ҳукмдор Адиднинг ҳасади ва хавотирини қўзғади ҳамда у янги вазирни ўлдириш учун унга қарши фитна қўзғашга ҳаракат қилди. Аммо Салоҳиддин бу ҳийлани фош қилиб, хатарни тезда бартараф қилди.

Шундан кейин мисрлик ва шомликларнинг қўшинлари салибчиларнинг навбатдаги ҳужумини даф қи- лишди ва уларга қаттиқ зарба бериб, чекинишга мажбур этишди. Қоҳирага қайтган Салоҳиддин охирги фотимий ҳукмдорни ҳокимиятдан четлатиш ва уни қўллаши мумкин бўлган кишиларни вазифасидан олиб ташлашга қарор қилади. Натижада, бутун ҳокимият Салоҳиддиннинг қўл остига ўтади ва орадан кўп ўтмай Адиднинг ўзи ҳам вафот этади. Шундай қилиб, Салоҳиддин Мисрга ҳукмдор бўлиб қолади ва шу тариқа айюбийларнинг янги сулоласига асос солади.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Айюбийлар ким бўлган?