
Ижтимоий сўровлар ҳам иккинчи тур арафасида Петр Павел (ўнгда) Андрей Бабиш (сўлда) устидан ғалаба қозонишини кўрсатаётганди
Чехиянинг собиқ бош вазири, миллиардер Андрей Бабиш президентлик сайловларининг иккинчи турида мағлубиятини тан олди. Европалашиш тарафдори бўлган либерал, истеъфодаги генерал Петр Павел мамлакатнинг янги президенти бўлади.
Қарийб барча сайлов участкаларида овозлар ҳисоблаб чиқилгандан кейин Павел 58 фоиз овоз олган, унинг рақиби Бабиш - 42 фоиз атрофида. Сайловда давомат 70 фоиз атрофида бўлган.
62 ёшли Павел Прагада ўз тарафдорлари қаршисида нутқ сўзлади.
«Мен бугун кўпчилик ўз номзоди ғолиб бўлмаганидан хафалигини тушуниб турибман. Аммо мен яна шуни кўряпманки, мамлакатимизда овоз берганлар орасида мағлублар ва ғолиблар йўқ. Мен кўряпманки, бу сайловларда ҳақиқат, қадр-қиммат, ҳурмат ва камтарлик каби қадриятлар ғолиб чиқди. Ишончим комилки, бу қадриятлар орамиздаги кўпчиликка хос ва бу қадриятларни кундалик ҳаёт тарзимизнинг бир қисмига айлантириш ва сиёсатга қайтишга арзийди», деган у.
Павел унинг тарафдорлари мамлакатнинг барча фуқароларни бу қадриятларга қайтишга ишонтириши кераклигини қўшимча қилган.
Петр Павел сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этди ва амалдаги ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланди. Павел кампания давомида қатъий ғарбпараст йўналишга амал қилди. Хусусан, у урушга барҳам бериш ва Украинани кўпроқ қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини билдирди.
ANO марказчилар сиёсий ҳаракати етакчиси ва парламентдаги мухолифат раҳбари бўлган Бабиш ҳам можарога барҳам бериш тарафдори, аммо ҳукуматни Украина манфаатларини Чехиядан устун қўйгани учун танқид қилади.
У 9 март куни қасамёд қабул қилади ва президентлик лавозимида Милош Земаннинг ўрнини эгаллайди, Земан Россиянинг Украинага босқинига қадар Москва билан алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилганди. 2013 йилдан буён президент бўлган Земен бу сайловларда ўзига ворис сифатида Андре Бабишни қўллаганди.
Чехияда президент лавозими Европадаги бошқа парламентар республикаларда бўлгани каби - асосан тантанавор фигура ҳисобланиб, сиёсатга фақат билвосита таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, айнан у бош вазир ва марказий банк аъзоларини тайинлайди ва Конституциявий судга судьяларни таклиф қилади. Унинг баёнотлари мамлакатнинг хориждаги имижига таъсир кўрсатади, Земан билан шундай бўлганди, Россия Украинада бошлаган урушдан олдинги даврда у бир неча бор Кремлни мақтаган баёнотлари билан жамоатчиликни ҳайрон қилганди.
Мамлакат сиёсати, жумладан ташқи сиёсатни аввалги каби ўнг марказчи Петр Фиала ҳукумати белгилашда давом этади, бу ҳукумат даврида Чехия кўп миқдорда украин қочқинларини қабул қилди ва Украинага фаоллик билан ҳарбий ёрдам кўрсатди.
Икки ҳафта муқаддам ўтказилган биринчи турда Павел Бабишни жуда кичик фарқ билан ортда қолдира олганди: уларнинг иккиси ҳам қарийб 2 миллиондан овоз тўплаган ва орадаги фарқ 23 минг овозни ташкил этганди. Аммо биринчи турдан кейин пойгадан чиққан уч номзод Павелни қўллади, жумладан учинчи ўринни эгаллаган Дануше Нерудова ҳам.
Еврогенерал

Петр Павел президентлик сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилингандан кейинги матбуот анжуманида, 28 январ
Lukas Kabon / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Чехия армияси бош штабининг собиқ бошлиғи, НАТО Ҳарбий қўмитасининг собиқ раиси, истеъфодаги генерал Петр Павел - либерал ва мутлақо европапараст сиёсатчи бўлиб, ҳамиша Чехиянинг НАТО ва Евроиттифоққа аъзолиги зарур, муқаррар ва фойдали деб ҳисоблаган.
Павел рус тилини билади, фаолиятини Варшава келишуви давридаёқ бошлаган, 2015-2018 йилларда НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари бўлганида Россия билан музокараларда иштирок этган ва унда Россия масаласида аниқ скептик қараш шаклланган.
«Россияда яқин келажакда ҳеч қандай демократик инқилоб рўй бермайди. Нафақат режимнинг мустаҳкамлиги, балки кўплаб россияликлар менталитети туфайли ҳам. Россияда ҳақиқий мухолиф ҳаракат юзага келиши учун кенглик йўқ. Ҳатто Алексей Навальний ҳам чинакам мухолиф етакчи эмас. У либерал демократ эмас, шунчаки рус миллатчиларининг бошқа турига мансуб. Лекин, албатта, ҳозирги раҳбариятдан кўра у билан музокаралар ўтказган дурустроқ бўларди», деганди у ўтган йил октябрида Politico нашри билан интервюда.
Генерал Павел сафарбарликдан қочган россияликларга ҳам скептик ёндашади ва уларга хавотир билан қарайди. «Сафарбарликни рад этиш - режимга қарши исён ҳам, Украинага ёрдам бериш ҳам эмас. Бу руслар барибир Украинани жазолаш керак деб ҳисоблашади, шунчаки бунга кенг жамоатчиликни жалб этиш керак эмас деб билишади. Мамлакатдан қочаётган бу ёш йигитлар фақат ўз жонидан хавотирда, бу улар урушга қарши эканини англатмайди. Ишончим комилки, уларнинг аксари ҳали ҳам Путиннинг миллатчилик сиёсатини қўллашади», деган у Politico учун интервюсида.
Шу туфайли, янги сайланган президентнинг сўзларига кўра, агар мамлакатга сафарбарликдан қочаётган минглаб россияликлар киритилса, бу мамлакатнинг ўзи учун хавф солади.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошлангач, Чехия Евроиттифоқ ва Шенген ҳудудидаги бошқа мамлакатлар қатори россияликларга қисқа муддатли «туристик» визалар беришни тўхтатган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар