22:55 / 14.04.2023
891

Туркия қуролли кучлари сафига янги кема қўшилди: у ҳозирча дунёда ягона...

Туркия қуролли кучлари сафига янги кема қўшилди: у ҳозирча дунёда ягона...

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған бошлиқ Адолат ва Юксалиш партиясининг сайлов арафасига сақлаб қўйган “сюрпризлари» ҳали бери тугамайди, шекилли. Бундан тўрт ойларча муқаддам Артвин вилоятида катталиги бўйича дунёда бешинчи ўринда бўлган Юсуфэли тўғони ишга туширилди. У йилига 1 800 000 000 кв.соат электр энергия ишлаб чиқариш қувватига эга. Яқинда TOGG русумли биринчи турк автомобилини, аниқроғи, электромобилининг сотувига старт берилди. Ундан сал аввалроқ Baykar ширкати томонидан учувчисиз биринчи турк самолёти – “Қизил олма» (Kızılelma) қирувчи учоғи кўз-кўз қилинганди.

Кеча Туркия қуролли кучларига қарашли дунёдаги биринчи учувчисиз учиш аппаратлари (дрон ёки туркчасига SİHA) ва учувчисиз учоқлар (SİHA) ташишга мўлжалланган авиаташувчи кема фойдаланишга топширилди.

Асосий мавзуга ўтишдан аввал сайловлар арафасида Туркияда тарқатилаётган айрим хабарларга эътиборингизни қаратсак. Чунки бу жудаям муҳим. Айниқса, исломофобия кучайиб, диндорларни илмсизликда, жоҳилликда, қолоқликда айблайдиганлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай болалаб кетган бир замонда...

1976 йил Туркиянинг диндорлик жамиятига мухолифат кайфиятидаги кишилар Hurrıyet газетаси қошида Чоршаф (рўмол, ҳижоб, чиммат ёки паранжи деган маъноларга тўғри келади) деган янги ҳажвий журнал босишади. Унда асосан диндор кишилар мазах ва масхара қилинарди. Журналнинг 1976 йил 1 апрель махсус сонида ўша пайтларда сиёсат оламида анча танилиб, бир мунча ўз тарафдорларига эга бўлиб бораётган Нажмиддин Эрбоқоннинг ваъдаларини масхара қилади. Сиёсатчи қўлида тасбеҳ ва диний гилам билан тасвирланган бўлиб, одамларга маҳаллий танк, маҳаллий қирувчи самолёт, электр ишлаб чиқарувчи тўғон ва саноатлашган давлатни ваъда қилмоқда. Оёғида эса таҳорат пайти кийишга мўлжалланган сандал шиппак.

Шунча қаршиликларга қарамай Эрбақон давлат бошқарувига келади ва ўз мақсади сари далил одимлай бошлайди.

Нажмиддин Эрбакан — асил келиб чиқиши черкас бўлган, туркиялик муҳандис, академик ва сиёсатчи олим. 1996 йил 28 июндан 1997 йил 30 июнгача Туркия Жумҳуриятининг бош вазири бўлиб ишлаган. У ҳозирги президент Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг устози бўлган.

1997 йили ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштириб, Бош вазир Нажмиддин Эрбақоннинг диндорларни ҳимоя қиладиган партияси тақиқлаб қўйилди, у ўз навбатида сиёсий фаолиятни бошқа ман этиш билан лавозимидан четлаштирилди. Истанбулнинг ўша пайтдаги мэри бўлган Эрдоған эса битта шеър ўқигани баҳонасида қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Орадан 47 йил ўтди. 

Бугун турк журналистлари амалдаги ҳукуматга ва диндорларга қарши кайфиятдаги мухолифат вакилларига қарата савол беришмоқда: “Эрбақонни масхара қилинган карикатурага қаранг! Раҳматли Эрбақоннинг қайси бир ваъдаси амалга оширилмади?!» Албатта бу оддий савол эмас, риторик сўроқ. Чунки жавоб кутилмайди.

Мухолифат эса янги маломатлар ила машғул. Яқингача “миллий автомобиль ишлаб чиқарамиз, дейишяпти. Миллий танк ишлаб чиқарармиш. Булар қуруқ сафсата!» деётган мухолифатчилар бугун TOGG электромобили ва маҳаллий ширкатлар томонидан ишлаб чиқарилаётган танкларни кўриб, тилини тишлаб қолди. Шундай бўлсада, отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган тоифалар барибир уялмайди.

Мавзу қайтадиган бўлсак, Туркиянинг энг катта ҳарбий кемаси – «Онадўли» Туркия Жумҳурияти авиаташувчисини ишга тушириш маросимида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳам шахсан иштирок этди. Мазкур авиаташувчи кема тантанали равишда Мудофаа Саноати Раислиги томонидан Туркия Денгиз кучлари қўмондонлигига топширилди.

«Онадўли» кемаси Истанбулнинг Тузла шаҳридаги Садаф кемасозлик заводининг бош пудратчилиги остида бунёд этилди. Лойиҳада 131 та субпудратчилар, шунингдек, турли университетлар ва тадқиқот марказлари ўз ҳиссаларини қўшдилар. Кеманинг асосий қисми, аниқроғи, 70 фоизи маҳаллий хизмат ва маҳсулотлар ташкил этгани ҳам диққатга сазовор.

Маросимда таъкидланишича, дунёда бундай миқёсдаги кемалар 12 та давлатда мавжуд. “Онадўли" кемаси Турк денгиз флотининг кучини кучайтиради ва унинг олдини олиш қобилиятини оширади.

«Онадўли» кемаси, ҳавога кўтариладиган ва қўнадиган учувчисиз самолётлар (SİHA) қўниб-учадиган дунёдаги "биринчи SİHA кемаси" бўлади. Baykar ширкатининг Bayraktar TB3 ва “Қизил олма» (Bayraktar Kızılelma) жанговар учувчисиз учоқлари ва Турк Аэрокосмик Саноати томонидан ишлаб чиқилган Хуржет енгил ҳужум самолётининг қўниш ва ҳавога кўтарилиши мумкин.

Топшириш маросимида Миллий мудофаа вазири Хулуси Акар: “Онадўли" кемаси ўз салоҳияти ва малакали хусусиятлари билан денгиз кучларимизнинг байроқдори, денгиз флотимизнинг кўз қорачиғи бўлиб, шонли армиямиз ва флотимизга куч қўшади", деди.

Эрдоған эса: Биз «Онадўли» кемасини Туркия асрида дунёдаги ўрнимизни мустаҳкамлайдиган рамз сифатида кўрамиз», дея ўз ҳаяжонини баҳам кўрди.

Денгиз кучлари қўмондони, адмирал Аржумант Татлиўғли қарийб минг йиллик тарихга эга бўлган Турк денгиз кучларининг ўзи жойлашган географияда ҳар доим тўхтатувчи ва кучли бўлиши кераклигини таъкидлади.

Кема бажарадиган вазифаларга тўхталган Татлиўғли қуйидаги маълумотларни берди:

“Онадўли» кемасидан асосан миллий ва халқаро машғулотларда, мудофаа, қидирув ва қутқарув, гуманитар ёрдам амалиётлари ва тинчлик ҳолатида офат ва фавқулодда вазиятларда фойдаланилади. Кема қуруқлик ва ҳаво транспорти учун 9200 квадрат метрлик тўхташ жойига эга.

Кемадаги урушни бошқариш, инфрақизил қидирув ва кузатув, электро-оптик қидирув, лазерли огоҳлантириш, торпедо мудофаа тизими, радарлар, алоқа ва бошқа тизимлар маҳаллий ва миллий ресурслар асосида ишлаб чиқилган.

Кема зарур ҳолларда табиий офатларга ёрдам бериш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Тўлиқ жиҳозланган шифохона ва амалиёт хонаси туфайли у табиий офатларга ёрдам бериш, гуманитар ёрдам ва қочқинларни эвакуация қилиш амалиётларида кор келади.  

“Онадўли» кемасининг узунлиги 231 метр ва кенглиги 32 метрни ташкил қилади. Максимал тўлиқ юк ташиш ҳажми 27 минг 436 тонна. У ўзи билан 94 та машинани олиб юриши мумкин.

Кема 13 та танк, 27 та зирҳли амфибия ҳужум машинаси, 6 та зирҳли транспорт воситаси, 33 та турли хил транспорт воситалари ва 15 та тиркамаларни ўз ичига олган жами 94 та транспорт воситасини ташиши мумкин.

10 вертолёт ёки 11 учувчисиз учоқ кеманинг парвоз палубасига жойлаштирилиши ва ангарда 19 вертолёт ёки 30 SİHA ташилиши мумкин.

Кемада 1223 нафар ходим ишлайди.

Шунингдек, бортда мукаммал жиҳозланган тиббий муассасаси ва 2 та амалиёт зали мавжуд.

«Онадўли» кемаси нима учун муҳим?

«Онадўли» кемаси бу мамлакатнинг ҳудудий сувларидан ташқарида ҳам таъсир кўрсатишга қодир бўлган махсус платформа. У Туркия Қуролли Кучларининг геосиёсий ўзгаришини ифодалайди, чунки дунё иккинчи совуқ уруш сари қадам ташламоқда. Тан олайлик, Туркиянинг ҳарбий қудрати совуқ уруш даврида ўнлаб совет бўлинмаларини тўхтатишни мақсад қилган мудофаа жанговар тузилмасидан анча фарқли ва илғор даражада. Турк денгиз кучларининг мақсади босқичма-босқич очиқ денгиз флотини қуриш ва денгиз флотини роботлаштирилган жанговар қобилиятлар билан жиҳозлашдир.

«Онадўли» кемаси бошқа ҳужум кемаларига қараганда кўпроқ махсус жанговар қиймат яратади. Чунки кема денгиз авиацияси салоҳиятининг муҳим қисми қуролли учувчисиз ҳаво воситаларидан (SİHA) иборат бўлади. Шу сабабли баъзи нашрлар ўзларининг ҳарбий шарҳларида «Онадўли»ни «дрон кемаси» деб ҳам атаяпти. Албатта, «Онадўли» кемаси ҳужум вертолётлари ва умумий мақсадли вертолётлар каби бошқариладиган платформаларга ҳам эга.

«Онадўли» кемаси Туркия ва унинг иттифоқчиларига нима олиб келади?

Аввало, «Онадўли» кемаси 30 минг тонналик “мудофаа дипломатияси” воситасидир. Чунки номдор ҳарбий кемалар унда байроғи ҳилпираган давлатнинг энг қимматли дипломатик воситаларидан ҳисобланади. «Онадўли» кемасининг ҳар бир порт ташрифи, ундан келган ҳар бир хабар, у мезбонлик қиладиган ҳар бир тадбир халқаро матбуотда алоҳида ўрин олади. Ҳарбий нуқтаи назардан, «Онадўли» Турк мудофаа тизими ва Туркиянинг иттифоқчиларига жуда мослашувчан қобилият ва имкониятлар беради.

Кема коалиция миссиялари учун идеал платформадир. Гап юқори даражадаги жанговар тармоқларни бошқаришга қодир 3 та жанговар амалиётлар марказига эга кема ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, парвоз рампасини ўзгартириш ва учиш-қўниш йўлагининг хусусиятлари турли хил денгиз авиацияси монёврларини амалга оширишга имкон беради. «Онадўли» кемаси Туркиянинг НАТО доирасидаги нуфузли платформаси бўлади ва эҳтимол НАТОнинг қўшма амалиётларига ҳам қўмондонлик қилади.

 Биз эса қардошларимиз учун хурсандмиз ва уларга ушбу кема “Муборак ва хайрли бўлсин!” деймиз.

Абдулазиз Муборак

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг