date

Акмал Рустамов: «Қизилқум»да омад етишмади, мағлубиятга учрадик...

Акмал Рустамов: «Қизилқум»да омад етишмади, мағлубиятга учрадик...

Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган «Навбаҳор» – «Қизилқум» учрашуви Наманганда ўтказилиб, мезбонлар минимал ҳисобда – 1:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар устози Акмал Рустамов ўз фикрларини билдириб ўтди.

Тажрибали мураббийнинг таъкидлашича, баҳс вазиятларга жуда бой бўлган ва гол уриш имкониятлари ҳам етарлича яратилган. «Биз «Насаф»га қарши ўйиндан сўнг ҳам жуда пухта тайёргарлик кўрдик. Ушбу баҳсда қайси жамоа аввал гол урса, ғолиб чиқиши эҳтимоли юқори эди. Биринчи бўлимда икки-уч марта аниқ голга тортадиган имкониятга эга бўлдик, аммо охирги зарбада оқсадик. «Навбаҳор»нинг имкониятдан унумли фойдаланиши эса тақдирнинг мезбонлар томонга оғишини таъминлади», – деди Рустамов.

Жамоа иккинчи таймда аввалгидек куч билан ҳаракат қила олмагани ҳақидаги саволга у: «Мен бу фикрга қўшилмайман. Руҳий жиҳатдан йигитларимиз нормал ҳолатда эди. Фақат ўйиндан ўйингача оралиқ вақт қисқалиги ва узоқ йўл таъсири бор. Биз ҳам ғалабага яқин эдик, агар биринчи бўлимдаги имкониятларни голга айлантира олганимизда, натижа мутлақо бошқача бўлиши мумкин эди. Омад биздан юз ўгирди», – деб жавоб берди.

Шунингдек, мураббий жароҳат олган футболчилар сабаб ёшларга имкон бериш ҳақида ҳам тўхталди. «Никола Кумбурович ва Илҳом Ваҳобов жароҳат олди. Шу боис U-21 жамоаси таркибидан бир қатор ёшларга қўрқмасдан имконият бердик. Агар улар бу каби учрашувларда ўзини кўрсата олса, келгусида асосий таркибда ҳам жой олиши мумкин», – дея қўшимча қилди Рустамов.

Легионерлар ўйини ҳақида сўралганда эса у: «Майдонда уч нафар легионеримиз – Роман Папарига, Жаба Жигаури ва Душан Мийич бор эди. Иккинчи тайм охирида уларда чарчоқ аломатлари кўринди, аммо умумий ҳолатдан қониқдим. Нафақат улар, балки барча футболчиларга раҳмат айтаман», – деди.

Мураббий «Навбаҳор»даги мураббий алмашинуви режаларга таъсир қилгани ҳақидаги саволга ҳам изоҳ берди: «Футболда мураббий кетса, ўрнига бошқаси келиши табиий ҳол. Бизнинг режаларимизга катта таъсир қилмади, ҳар ҳолда ўз ўйинимизни кўрсатишимиз шарт эди», – дея таъкидлади.

Чемпионлик масаласига ҳам тўхталган Рустамов: «Олдинда ҳали саккиз тур бор. Бу ҳақда аниқ гап айтиш мушкул. «Насаф» икки фронтда курашмоқда, улар учун оғирроқ бўлади. «Нефтчи»да эса бундай қийинчилик йўқ. Шундай экан, барчасини вақт кўрсатади», – дея хулоса қилди.

Шу тариқа, «Қизилқум» устози жамоа ҳаракатида ижобий жиҳатлар кўп бўлганини айтиб, аммо омад етишмагани боис мағлубиятга учраганини эътироф этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Акмал Рустамов: «Қизилқум»да омад етишмади, мағлубиятга учрадик...