14 май куни Туркияда бўлиб ўтган Президентлик ва парламент сайловлари бутун дунёдаги кўплаб инсонларнинг эътибор марказида бўлди. Айниқса, Эрдоғаннинг мағлубиятидан умидвор ва манфаатдор бўлган Ғарб мазкур сайловнинг натижаларини интиқлик билан кутди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Энг катта ва асосий сабаби Эрдоғаннинг қайсарлиги, уларнинг йўриғига юрмаётгани, десак муболаға бўлмайди.
Сайлов арафасида Европадаги аксарият ОАВ, сиёсатчилар, таҳлилчилар тинмай Туркиянинг амалдаги президенти сайловда мағлубиятга учраши ҳақида башорат ва ишорат қилар, ўз фикрларини дастаклаш учун қайсидир компаниялар томонидан ўтказилган ижтимоий сўровномаларни келтирарди.
Аммо уларнинг кутгани содир бўлмади. 15 май куни эълон қилинган натижаларга кўра, гарчи Эрдоған биринчи турда ғалаба қозонолмаган бўлса-да, Ғарбнинг умидини пучга чиқариб, қолган икки мухолифатидан анча кўпроқ овоз олишга эришганди.
Шундан сўнг кўпчилик орасида 28 май куни бўлиб ўтадиган иккинчи тур сайловни биринчи турда 5.17 фоиз овоз олишга эришган АТА иттифоқи вакили, миллиятчи кайфиятдаги Синон Оған ҳал қилади, яъни у ўз тарафдорларини Қиличдорўғлига овоз беришга чақирса, мухолифат ғалаба қозонади, акс ҳолда амалдаги президент ишлашда давом этади, деган мулоҳазалар янграй бошлади.
Баъзи таҳлилчилар эса “Эрдоған Синон Оғаннинг дастагига муҳтож эмас, чунки Раиснинг (Эрдоғанни шундай дейишади) мухолифатлари иккинчи турда “сандиққа келмайди”, уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Адолат ва тараққиёт партиясининг сайловчилари эса Эрдоғанга содиқ, улар ҳар қандай ҳолатда ҳам сайловда иштирок этади. Чунки мухолифат вакиллари ўз тарафдорлариги шундай манипуляция этдики, улар биринчи турдаёқ Қиличдорўғлининг катта фарқ билан ғалаба қозонишига ишониб қолишди. Сайлов натижаларига кўра парламентда ҳам Жумҳур иттифоқининг (Эрдоған тарафдорлари) яққол устунлигини кўргач, 28 майдан бутунлай умидларини узишди. Энг асосийси Раисни ёмон кўрадиган одамлар ҳам бугунги вазиятда у билан йўлда давом этиш энг мантиқли бўлишини тан олишга мажбур бўлиб турибди”, деган мулоҳазаларни билдирди.
Куни кеча Қиличдорўғлининг Синон Оған билан учрашуви ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Оған Истанбулдаги Дўлмабоғча саройида Ражаб Тоййиб Эрдоған билан учрашди. Ушбу учрашувдан кўп ўтмай у келаётган якшанба кунги сайловда амалдаги президентни қўллаб-қувватлашини билдирди ва ўз тарафдорларини Эрдоғанга овоз беришга чақирди.
Таниқли турк тележурналисти Фотиҳ Алтайлининг фикрига кўра, “Синон Оғаннинг Эрдоғанни қўллаб-қувватлаш қарорига Озарбайжоннинг позицияси таъсир қилган бўлиши мумкин”.
Маълумки, Синон Оған озарбайжон миллатига мансуб. Сайлов арафасида Қиличдорўғли “Хитойга янги темирйўл қурамиз, деб харита кўрсатганди. Ундаги режада йўл Озарбайжондан эмас, жанубдан, туркларнинг азалий душмани саналадиган Эрон орқали ўтган эди. Бу туркияликлар орасида катта шов-шувни келтириб чиқарди. Ҳатто мухолифат тарафдорлари ҳам Қиличдорўғлини танқид қилишга тушиб кетди.
Бундан ташқари ЖХП раиси ўринбосари Эрдоғаннинг Озарбайжон бўйича позициясини танқид қилиб, Қорабоғ урушидаги қўллаб-қувватлов хато бўлганини, озарбайжонларга ёрдам бермаслик кераклигини айтиб чиққанди.
Юқоридаги омиллар Синон Оғаннинг қарорига таъсир қилгани шубҳасиз. Қолаверса, у ва унинг ҳамфикрлари Миллат иттифоқининг (Қиличдорўғли алянси) курд террорчилари билан яқин алоқада бўлаётганидан безовта эди.
Дўлмабоғчадаги учрашув ҳақида тўхталар экан Эрдоған: “Жаноб Оған билан ҳеч қандай савдо-сотиқ қилмадик (яъни унга бирор бир курси ё бошқа нарса ваъда бермадик). Бундай қарор қабул қилгани учун унга халқ номидан миннатдорчилик билдираман ва бу хайрли иш эканига ишончим комил”, деди.
Президентликка номзод Камол Қиличдорўғли Синон Оғанни “қўлдан чиқаргач”, АТА иттифоқининг бошқа вакили Зафар партияси раҳбари Умид Ўздоғ билан учрашди. Уларнинг суҳбатлари тафсилотлари очиқ эълон қилинмади. Ўздоғ эса “Атрофимдагилар билан масҳалатлашиб, кейин (сайловда кимни қўллаш ҳақида) қарор бераман”, деди.
Синан Оған эса: “Жаноб Умид Ўздоғ билан қароримиз бир хил бўлиши шарт эмас. Биз бошқача ўйлашимиз мумкин. 28 май куни бўлиб ўтадиган сайловда ўзим қўллаб-қувватлайдиган партия билан боғлиқ тамойиллар асосида қарор қабул қиламан. Мамлакатимиз мудофаа саноатида барқарор ўсиш жараёнини сақлаб қолиш зарур. Терроризмнинг барча турларига қарши барқарор кураш давом этиши керак. Терроризмнинг сиёсий кўринишлари Туркия сиёсатидан йўқ қилиниши керак, деди. Биз ХДПни (Туркиядаги курдпараст партия) ҳокимиятдан четда қолдириш мақсадимизга эришдик", дея вазиятни шарҳлади.
Курдлар – Туркиянинг нозик нуқтаси
Турли манбаларда кўра, Туркияда ўзини курд деб таърифлаган фуқаролар сони 12-15 миллион атрофида. Бу аҳолининг катта қисми жануби-шарқий Онадўли минтақасида яшайди. Яъни Ироқ ва Сурия билан қўшни ҳудудларда. Шунинг учун бир қатор “тинчликпарвар” давлатлар ва уларнинг ҳамтовоқлари “Курдистон давлатини қуриш” деган ғоя билан Туркия, Сурия ва Ироқнинг тинчлигига раҳна солиб келади. ПКК террор гуруҳи айни шу мақсадни илгари суриб, Туркия ҳудудида бир қанча қонли ҳаракатларни амалга оширган. Уларнинг моддий ва маънавий ҳомийлари тинмай тегирмонига сув қуйиб келади.
Туркияда курдларнинг икки машҳур партияси бор: ХДП ва HÜDA PAR. ХДПчилар ПКК террор гуруҳлари билан яқин алоқада экани гумон қиланади ва шунинг учун турклар томонидан севилмайди. Ахир ПККнинг манфур амалиётлари сабаб бир қанча турк аскар ва полислари ҳаётдан кўз юмганда. HÜDA PAR эса бу борада шубҳалардан ҳоли. Камол Қиличдорўғлининг курдларнинг дастаклашларидан умидвор бўлиб ХДП билан иттифоқ тузиши ўзининг зарарига ишлади. Чунки мухолифат тарафдорлари уни террорчилар билан алоқага киришганликда айблаб, ҳафсалалари пир бўлди.
Эрдоғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси эса HÜDA PAR билан келишди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу: “Туркия ҳукумати томонидан ташланган энг муҳим қадамлардан бири HÜDA PAR (Адолат ва тараққиёт партиясининг курд исломий партияси билан иттифоқ)нинг қадамидир. HÜDA PAR кимнинг йўлини тўсиб қўйганига ва консерватизмнинг Шарқ ва Жануби-Шарқий (Туркия)да қандай ўрнашиб олганига гувоҳ бўлдингиз”, деди.
ПКК ҳамкори, YPG террор ташкилоти матбуот котиби Нури Маҳмуд сайловлар ҳақида фикр билдирар экан, Қиличдорўғлини дастаклашларини яшириб ўтирмади:
"Бизга қарши доимо уруш сиёсатини олиб борган Эрдоған Туркиядаги сайловларда яхши натижага эриша олмади. Туркиядаги курдларнинг сайлов натижаларини белгилаб берадиган муҳим стратегияси бор. Сайловлар – бизнинг имкониятимиз”, деди у.
ПКК террор ташкилоти етакчиларидан бири Солиҳ Муслим:
“2016 йилдан бери биз турк армиясининг жанг майдонида, Афринда, ҳамма жойда нима қилаётганини кузатмоқдамиз. Энди бу сандиқда имконият бор (сайловларда бюллетан соладиган қутини турклар сандиқ дейди). Агар биз уни сайлов участкаларида (Эрдоған) мағлуб эта олсак, барча йўқотишлар учун қасос олган бўламиз" деди.
Мазкур фикрлар ҳам Эрдоғаннинг фойдасига ишлаши табиий.
Мухолифат вакиллари биринчи турда кутилган натижага эриша олмаганидан сўнг, руҳсиз ҳолда 28 майга тайёргарлик кўрмоқда. Энди улар охирги йилларда Туркиядаги барча қийинчиликларга сабабчи деб иддао қилинаётган суриялик мухожирларни кетказишга ваъда бериш орқали сайловчиларнинг ишончини қозониш умидида. Мамлакат бўйлаб турк мухолифатининг “Сурияликлар ке-та-ди!” деган янги шиори ёзилган билбордлар ўрнатилмоқда.
Биринчи турда ўзининг ёмон ишлашидан ҳайратга тушган мухолифат кампанияси миллатчи бурилиш ясамоқчи. Бунга эришиш учун Қиличдорўғли биринчи турда ўз кампаниясини олиб борган фирма билан шартномани янгиламади ва Истанбул ҳокими Акром Имамўғли йўл харитасини шакллантириш учун янги одамларни олиб келди.
Мухолифат расмийлари биринчи турда ўта миллатчи номзод Синан Оғаннинг етишмаётган 5% овозини олиш учун бурилишни амалга ошираётганликларини тан олишди, яъни энди ХДП дан узоқда туришади.
Мухолифат расмийлари 14 май куни бўлиб ўтган сайловларга икки гуруҳ сайловчилар келмаганига ишонмоқда: ёшлар ва курдлар.
Ёш сайловчилардан ташқари, асосан курдлар истиқомат қиладиган вилоятларда ҳам мухолифат фойдаланишни режалаштирган аввалги сайловларга нисбатан сайловчиларнинг фаоллиги сезиларли даражада пасайган.
“Бизнинг фикримизча, қотиб қолган курд миллатчилари овоз бермаган, улар сайловларни бойкот қилган. Агар улар келганида, бу жуда катта ўзгаришларга олиб келиши мумкин эди», - деди ижтимоий тармоқдаги чиқишида Қиличдорўғли.
Мухолифат партиялари парчаланмоқдами?
Ҳамма Оғаннинг баёнотини муҳокама қилаётган бир пайтда Қиличдорўғлининг иттифоқчиси Аҳмад Довудўғлининг “Келажак” партиясида катта ўзгаришлар рўй бермоқда: партиянинг 11 нафар юқори мартабали мулозимлари, жумладан, партия асосчилари ҳам истеъфога чиқди ва мухолифат иттифоқига тишлаган мурожаат ёзди.
“Бизнинг қариндош-уруғчилик ва коррупцияга чек қўйиб, бошқарув адолат асосида шакллантирилишига ишончимиз барчамизни “Келажак” партияси остида бирлаштирганди. Бироқ, вақт ўтиши билан ҳафсаламиз қаттиқ пир бўлди. Биз қочқинларга қарши кайфиятда паразитлик ва инсон қадр-қимматини поймол қилаётганларга, юртимиздан бошпана топган қочқинларни ҳақорат қилишга қаршимиз. Биз нацистлар сингари қочқинларни юк машиналарига ортиб, депортация қилишга ваъда берадиган, ўта маргинал дунёвийларга мурожаат қилаётганларга қаршимиз. Биз президентлик сайловларининг биринчи босқичида бизга баҳорни ваъда қилганлар томонида бўлмаймиз, балки иккинчи турни қаттиқ қишга айлантирамиз”, — дейилади 11 нафар юқори мартабали партия расмийлари мурожаатида.
(Аҳмад Довудўғли Эрдоғаннинг собиқ ҳамкори, собиқ бош вазир ва собиқ ташқи ишлар вазири бўлиб, 2019 йилда ўзининг “Келажак” мухолифат партиясини асос солган).
Шунга ўхшаш истеъфолар бошқа мухолифат иттифоқчиси Али Бобожоннинг ДEВА партиясида ҳам бўлди.
Хуллас, иккинчи тур сайловлари муҳим бўлса-да, лекин унчалик қизиқарли бўлмайди шекилли. Буни 14 майдаги сайловлар олдидан Эрдоғаннинг кетишига оид башоратлари билан кимўзар ўйнаган ва ҳатто Туркия президентини карикатуралар орқали ҳақорат қилишдан тўхтамаган Ғарб ОАВлари ҳам тан олиб турибди. Бизнингча, уларнинг ёзганларидан келтирадиган иқтибосларимиз бугунги мақоламизга хулоса бўлиб хизмат қилади.
Туркиядаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичи ҳақида турли Ғарб ОАВлари шундай ёзмоқда:
Британиянинг Financial Times:
"Президентлик сайловларида иккинчи турнинг фаворити Эрдоған. Ғарб давлатлари Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг яна 5 йиллик бошқарувига тайёргарлик кўрмоқда".
Франциянинг Le Monde газетаси:
“ХДП Қиличдорўғлининг қўллаб-қувватлагани учун миллатчи сайловчилар ундан узоқлашди. Эрдоған жамиятда ишончни қандай сингдиришни билади. У олган қўллаб-қувватлаш ортида барқарорлик истаги бор”.
Франция AFP агентлиги:
Президентлик сайловларининг иккинчи босқичида Эрдоғаннинг ғалаба қозониш эҳтимоли 80 фоиз. Миллатлар иттифоқи президентлигига номзод Камол Киличдарогʻлунинг ўнгга кескин бурилиши қимматга тушиши мумкин.
Белгиянинг Modern Diplomacy:
“Эрдоғаннинг сиёсати ва раҳбарияти ҳақида кўпроқ маълумот олиш керак ва бу Ғарб янгиликлари билан чекланиб қолмаслиги керак. Ғарб матбуоти Эрдоғанга нисбатан нохолис сиёсат олиб бормоқда”.
Америка Foreign Policy:
“АҚШ келаси 5 йил давомида президент Эрдоған ҳокимиятда бўладиган Туркияга тайёргарлик кўриши керак. АҚШ Туркия билан дўстликка муҳтож. АҚШ Туркиянинг мустақил позициясини қабул қилишга мажбур”.
Америcан Politico:
“28 май куни бўлиб ўтадиган иккинчи турда Эрдоған ғалаба қозонадиганга ўхшайди”.
Британия BBC:
“Турк сайловчилар бир ҳафта ичида президентни сайлаш учун сайловга борганда, натижалар бутун дунёга тушади”.
Британиянинг Sunday Times газетаси:
“Камол Қиличдорўғли иккинчи турда Туркиянинг бир қарорга келмаган сайловчиларни ишонтириш учун ширин бобо образини йўқотди. Ҳозир Қиличдорўғлини кўрганлар, у шахси ўзгарган деб ўйлашлари мумкин”.
Британиянинг Financial Times газетаси:
“Президентлик сайловларининг иккинчи босқичида сайловчиларнинг севимлиси Ражаб Тоййиб Эрдоған. Ўтган ҳафта кўплаб шарҳловчилар бошқача фикр билдиришди”.
Исроилнинг İsrael Hayom газетаси:
“Маълум бўлишича, Эрдоған даврининг яқин орада тугаши ҳақидаги хабарлар жуда бўрттирилган. Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган сайловларда Туркия президентининг мағлубиятидан умидвор бўлганларнинг умидлари пучга чиқди...”
Абдулазиз Муборак
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!