28 май, якшанба куни Туркия тарихида биринчи марта президентлик сайловларининг иккинчи тури бўлиб ўтади.
Расмий матбуотнинг хабар беришича, сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 17:00 гача ишлайди. Мамлакат бўйлаб 191 мингдан ортиқ сайлов қутилари ўрнатилади. Сайловчилар сони 60 миллион кишидан ошади.
14 май куни бўлиб ўтган овоз беришнинг биринчи босқичи натижаларига кўра, номзодлардан ҳеч бири 50 фоиз ололмади. Жумҳур иттифоқидан номзод, амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдоған (49,52 фоиз овоз) ва Миллатлар иттифоқидан номзод, Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) етакчиси Камол Қиличдорўғли (44,88 фоиз) олиб, иккинчи турда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлганидан хабардорсиз.
Овозларни санаш сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 17:00да ёпилганидан кейин бошланади.
Соғлиғи сабабли сайлов участкаларига кела олмаган сайловчилар учун “кўчма сайлов қутилари” ишлайди. Шунингдек, 14 май куни бўлиб ўтадиган сайловларда бўлгани каби, кўришда муаммолари бўлган фуқаролар ҳам махсус тайёрланган шаблон бўйича овоз беришлари мумкин бўлади.
Хорижда яшаётган Туркия фуқаролари учун овоз бериш 24 май куни якунланди. 73 мамлакатда жами 3,5 миллион сайловчи овоз берди.
Хориждан сайлов қутилари ҳаво ва дипломатик почта орқали Анқарага етказилди. Улар бошқа сайлов қутилари қатори якшанба оқшомида овоз бериш тугаганидан кейин очилади.
Сайлов натижалари тўғрисидаги трансляцияни тақиқлаш 28 май, якшанба куни соат 21:00 гача амал қилади. Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тақиқ қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин олиб ташланиши мумкин.
Сайлов олдидан...
Эрдоған кеча жума намозини Истанбул шаҳридаги Чамлижа масжидида адо этди. Чамлижа Эрдоғаннинг ташаббуси билан 2016 йилда фойдаланишга топширилган ва Туркиядаги энг катта масжид ҳисобланади. Ушбу масжидда 65 минг намозхон бир вақтнинг ўзида ибодат қилиш мумкин.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ватандошларини президентлик сайловларининг иккинчи босқичида фаол иштирок этишга чақирди. Дуолар қилди.
Иккинчи номзод Камол Қиличдорўғли FOXHaber телеканали орқали мусулмонларга мурожаат қилиб:
“Эрдоғанга овоз бериб, гуноҳга ботманг. Холис мусулмон бундай катта гуноҳга йўл қўя олмайди. Мусулмон шунақа қиладими-я”, деди.
Бу гаплари ижтимоий тармоқда қизғин муҳокама қилиниб, “Бай Камол шайх образига кириб олдими?” деган заҳархандалар янгради.
14 майда бўлиб ўтган биринчи тур сайлови олдидан Эрдоған шом ва хуфтон намозларини Ая София масжидида ўқиган ва жамоат билан бирга дуолар қилганди. Қиличдорўғли эса Анқарадаги Отатурк ёдгорлигига зиёратга борганди.
Бу сафарги сайловларнинг кунлари шу қадар ажойиб кунларга қўйилганки, уларнинг рамзий маъноларини кўриб, одам ҳайрон қолади. Масалан, биринчи тур ўтган 14 май кунини олайлик. 1950 йили худди шу куни Отатурк тузган партиянинг якка ҳукмронлигига чек қўя олган Аднан Мендерес ва унинг дўстлари ҳокимият тепасига келган ҳамда диндорларга катта эркинликлар бериб, ёпилган масжид ва мадрасаларнинг фаолиятига рухсат берганди (бугун у ҳақда алоҳида мақола чоп этилди). Иккинчи тур сайловининг эртаси куни, яъни 1453 йил 29 майда Султон Муҳаммад Фотиҳ Константинополни фатҳ этиб, Истанбулга айлантирган кун саналади. Хуллас, сайлов кунлари бежиз танланмаганига амин бўлиш мумкин.
Биринчи турда АТА иттифоқидан кўрсатилган номзод Синон Оған кўпчилик кутганидек Қиличдорўғлини эмас, балки Ражаб Тоййиб Эрдоғанни қўллайдиган бўлди. Бунинг бир неча сабаблари бор. Биринчиси, Қиличдорўғлининг ПКК террорчилари билан тил бириктиргани бўлса, иккинчидан у ўзининг "ҳаёт лойиҳаси" деб номланган муваффақиятсиз лойиҳасини тақдим этган ва бунда Озарбайжон "Ипак йўли" транспорт лойиҳасидан четлатилган. Оған асли озарбайжон миллатига мансуб бўлиб, бир неча йил Бокуда ҳам ишлаган.
"Қиличдорўғли, сизнинг лойиҳангиз бемаъни! Мен бу ерда тушунтираман, ҲДПнинг бутун мақсади Қиличдорўғлини ҳокимиятга олиб келиш ва Сурияда (яъни Сурия Курдистони) ПККистонни пайдо қилишдир. Биз бунинг олдини олдик” – деди Синан Оған.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳам Камол Қиличдорўғлининг Озарбайжонни четлаб ўтувчи транспорт коридорини яратиш ташаббусини танқид қилди.
“Туркнинг йўли Шуша, Жабройил ва Зангезурдан (яъни Эрондан эмас, Озарбайжондан) ўтади”, деди у.
АТА иттифоқидаги Зафар партияси раиси Умит Ўздоғ эса иккинчи турда Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда эса Ўздоғнинг аввалроқ Қиличдорўғли ҳақида айтган гапларини тарқатиб, уни иккиюзламачиликда айблашмоқда.
"Агар Қиличдорўғли сайловларда ғалаба қозонса, у ХДПнинг (яъни курдлар) қўллови билан ҳокимиятга келган бўлади, натижада ички уруш бошланади ва ФEТО (Фатҳуллоҳ Гуленчи террор гуруҳи) мамлакатга қайтади", деганди Умид Ўздоғ озгина аввалроқ. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари "Қиличдорўғли ваъда қилган амал курсисининг ҳирси принциплардан устун келганини" айтиб, танқид қилмоқда.
Дарҳақиқат, биринчи турда бўлгани каби 28 май кунги сайловда ҳам террор гуруҳлари курдларни Қиличдорўғлига овоз беришга чақирмоқда.
"Бизга қарши доимо уруш сиёсатини олиб борган Эрдоған Туркиядаги сайловларда яхши натижага эриша олмади. Туркияда сайлов натижаларини курдлар белгилаб беради. Сайловлар бизнинг имкониятимиздир”. деган YPG террор ташкилоти вакили Нури Маҳмуд.
Дарвоқе, курдлар ҳақида. Туркияда 10-15 млн атрофида курд миллатига мансуб кишилар яшайди. Уларнинг айтишича, Отатурк замонидан бери таъқиб остидалар. Нафақат туркча мактабда ўқиш, балки ўз тилида гаплашиш ҳам тақиқлангани айтилади. Улар бир вақтлар ПКК террор гуруҳини тузиб, Туркияда 50 минг (айрим манбаларда 80 минг) кишининг ўлимига сабабчи бўлган. Ироқ ва Сурия шимолида ҳам курдлар истиқомат қилади. Шунинг учун ИШИДни тузган айрим ғарбдаги давлатлар Туркиянинг жануби-шарқи, Сурия ва Ироқнинг шимолида янги Курдистон давлатини тузиш учун ҳаракат қилишди. Мақсад кучайиб бораётган Туркияни ҳамда Ироқ ва Сурияни парчалаб, Исроил давлатига муқаррар хавфни йўқотиш эди.
Эрдоған даврида ПКК террорчиларига муносиб курашилди ва уларни қарийб “овози ўчирилди”, бошқача айтганда “инларига кириб кетди”. Шунинг учун тоғу тошларда беркиниб юрган террорчилар Эрдоғанни ёмон кўради.
Ижтимоий тармоқлардаги бир киши курдлар ҳақида шундай деди. Унинг гапидан кўп нарсани тушуниб олиш мумкин.
“Ҳозир ана бу курд йигитча Қиличдорўғлини қўллаш ҳақида гапирди. Гўё Эрдоған уларга ёмонлик қилганмиш. Агар мен сизга айтсам, шу йигитнинг отаси 90-йилларда нафақат давлат раҳбари ҳақида бунақа дейиш, балки ўз она тилида (курдча) гапиргани ҳам қўрқарди. Мен 1997 йили Шонли Урфадан Мардин вилоятига армияга борганман. Йўллар ва инфратузилма ёмонлигидан 24 кун йўл юрганмиз. Ҳозир мамлакатнинг бу бошидан нариги учига бир кунда етиб бориш мумкин. Армияда эканимда ПККчиларнинг дастидан 5 минг аскар билан Сурия чегарасида жойлашган Идил туманига боролмаганмиз. Ҳозирги ҳукумат шу ердан нефт олмоқда. Эркинлик шу даражадаки, президентликка номзод одам (Қиличдорўғли) бемалол “Мен алавийман” дея оляпти. Яна қандай эркинлик бўлиши мумкин”, дейди.
Эрдоған конституцияга жиддий ўзгариш киритмоқчи
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ТРТ телеканалидаги чиқишида ўз маъмуриятининг асосий вазифаларидан бири жумҳуриятнинг янги конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш эканини айтиб ўтди.
Туркия раҳбари 28 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонса, мамлакат “бутунлай ўзгаради” ва “келажакга бошқача назар ташланади. Кўплаб мухолифлар “сиёсий мурдага” айланади, дейди у.
Эрдоған Туркия тўнтариш давридаги "меросдан озод бўлиши" зарур деб ҳисоблайди. 1980 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг 1982 йилда янги конституция қабул қилинди, у жиддий ўзгаришларга учраган бўлса-да, ҳозир ҳам амалда.
Иккинчи тур сайловлари Ғарб ОАВларида ҳам кенг ёритилмоқда
▪️ The Independent (Британия) нашри:
“Биринчи раундни рақибидан 4 очко олдинда якунлаган Эрдоған иккинчи даврада устунликка эга. Иқтисодий муаммоларга қарамай, сайловчиларнинг мухолифат вазиятни тўғирлашига етарлича ишончи йўқ. Унинг тарафдорлари Эрдоған Туркияни жаҳон саҳнасида муҳим ўйинчига айлантира олишига ишонишади.
▪️ The New Arab (Британия):
“Туркиядаги иккинчи тур натижаси АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Яқин Шарқ учун муҳим таъсир кўрсатади”
▪️Американинг The Washington Post газетаси:
“Президент Эрдоған сайловчилар олдида ўзини янада мустаҳкамлади. 6 феврал куни Туркияни ларзага солган зилзилалардан сўнг, Эрдоған жабрланганларга катта ёрдам кўрсатиб, ҳатто фавқулодда инқирозларни ҳам қатъият билан енгиб ўта олишини кўрсатди. Бу аниқ кузатилган факт”.
▪️Германия Berliner Zeitung газетаси:
“Германия Туркия билан стратегик муносабатлар доирасида ҳамкорлик қилиши керак эди. Лекин Германия ўз манфаатларини кўзлаш ўрнига Туркия билан муносабатларини бошқа давлатларга қолдирди”.
▪️ Middle East Eye:
“Туркиядаги сайловларга бир неча кун қолганида Киличдороғлунинг қадамлари турк мухолифатида ёриқлар яратди. Келажакда тарихчилар бу кунни сиёсий ўз жонига қасд қилишга уриниш деб аташади”.
▪️Исроилнинг The Jerusalem Post газетаси:
Исроил Туркиядаги сайловлардан кўп сабоқ олиши мумкин. Туркия мухолифатининг Эрдоғанни алмаштиришга уриниши, мафкуравий қўшилиш ўртасидаги муаммолар ва кампаниядан олинган хулосалар... Хуллас, турклардан ўрганишимиз керак”.
Бизнингча, европалик ҳамкасбларимизнинг фикрлари мақолага хулоса бўлиб хизмат қилади.
Авваллари таъкидлаганимиздек, турк халқи кимни сайлашни ўзи яхши билади. Биз эса уларнинг қарорини ҳурмат қилишга мажбурмиз.
Абдулазиз Муборак
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!