11:30 / 23.07.2023
287

Фаластин озодлиги: Халқаро доирада таклиф қилинган ечимлар

Фаластин озодлиги: Халқаро доирада таклиф қилинган ечимлар

Яқинда Хитой Фаластин муаммосини ҳал қилишда ўз таклифларини илгари сурганидан кўпчиликнинг хабари бор. Kun.uz шу муносабат билан Араб-Исроил можаросини ҳал этиш учун турли даврларда халқаро ҳамжамиятга тақдим этилган бир нечта лойиҳаларни эслаб ўтади.

1967 йилдаги олти кунлик урушда Исроил бир қанча янги ҳудудларни Сурия, Миср ва Иорданиядан тортиб олди. 1973 йилда содир бўлган Араб-Исроил урушидан кейин Исроилга қарши бўлган Миср, Сурия ва Иордания каби давлатлар Тел-Авив билан мавжуд масалаларини ўзлари ҳал қилиш йўлига ўтишди. Шу даврдан бошлаб Араб-Исроил можароси амалда Исроил-Фаластин муаммоси шаклига ўтди.

Айниқса, Шарқий Қуддус назорати Исроилга ўтгач, Исроилга нисбатан мусулмон давлатларининг аксариятида салбий кайфият уйғонди. 50 йилдан ортиқ вақт давомида Араб ва мусулмон дунёси Исроилнинг 1967 йилги чегараларига қайтиши кераклигини айтиб келмоқда.

Бу даврда масала ечими сифатида бир қатор таклифлар халқаро кун тартибига қўйилди.

1. Қирол Ҳусайннинг федерация режаси

Иордания қироли Ҳусайн томонидан 1972 йил 15 мартда Иордания Ассамблеясидаги нутқи чоғида таклиф қилинган бўлиб, агар Исроил Шарқий Қуддус устидан назоратни Иорданияга топширса, Бирлашган Араб Қироллиги номи остидаги Иордания-Фаластин федерациясини ташкил этишни мақсад қилган эди.

Унга кўра, Шарқий Қуддус Фаластин федерал округининг пойтахтига айланади. Ҳусайннинг таклифи режа эълон қилинганидан сўнг кўп манфаатдор томонлар томонидан рад этилди.

1972 йил 15 мартда Иордания қироли Ҳусайн икки федерал округ: Иордания Ҳошимийлар қироллиги ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин федерал округи федерацияси сифатида Бирлашган Араб Қироллигини Иордания назоратидаги Ғарбий соҳилда ташкил этишни таклиф қилди. Таклифга кўра, федерациянинг икки ҳудуди Аммандаги марказий ҳукумат томонидан бошқарилади.

Охир-оқибат, қирол Ҳусайннинг таклифи Исроил ва Фаластин озодлиги ташкилоти томонидан рад этилди ва бошқа араб давлатлари бу режага қарши чиқди.

2. Фаҳд режаси

Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилишни таклиф қилган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Фаҳд ибн Абдулазиз шарафига номланган. 1981 йил 7 августда Араб Лигасига тақдим этилган Фаҳд режаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 242 ва 338 резолюциялари қоидаларига асосланиб, 8 банддан иборат эди:

1) Исроилнинг 1967 йилда босиб олинган араб ҳудудларидан, шу жумладан Шарқий Қуддусдан чекиниши;

2) Исроилнинг 1967 йилги чегараларидан ташқаридаги барча исроиллик аҳоли пунктларини демонтаж қилиш;

3) диний эркинликнинг кафолати;

4) Фаластин халқининг қайтиш ҳуқуқи ва ўз мамлакатига қайтишни истамаган ҳар қандай фаластинлик учун товон тўлаш ҳуқуқини тан олиш;

5) Ғарбий соҳил ва ғазо секторини қисқа ўтиш даврига БМТ бошқарувига бериш;

6) Шарқий Қуддус пойтахти бўлган Фаластин давлатини яратиш;

7) Минтақадаги ҳар бир давлатнинг тинч-тотув яшаш ҳуқуқини тан олиш (бошқача айтганда, Исроилни барча араб давлатлари томонидан билвосита тан олиш);

8) БМТ ёки бир нечта аъзо давлатларнинг ушбу тамойиллар бажарилишини кафолатлаши.

Режа кўпчилик араб давлатлари томонидан иштиёқсиз кутиб олинди, лекин Марокаш қироли Ҳасан II ҳамда Саудия Арабистони валиаҳл шаҳзодаси Фаҳд томонидан илгари сурилди ва 1982 йил сентябр ойида Фезда (Марокаш) бўлиб ўтган саммитда Араб Давлатлари Лигаси томонидан расман қабул қилинди.

3. Доналд Трампнинг “аср келишуви”

"Аср келишуви" амалга ошиши билан Фаластиннинг майдонини икки баравар ортиши ва мамлакатда 1 миллионга яқин иш ўринларини яратиш кўзда тутилган эди.

Фаластинликлар Исроилга қарши террорни ҳамда ҲАМАСни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак. Трампга кўра, бу Фаластиннинг тўлиқ ҳуқуқли давлатни шакллантириш учун сўнгги имконият эди.

Келишувда, хусусан, Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилдаги яҳудийлар яшайдиган ҳудудлардан ташқарида Янги Фаластин деб аталувчи янги давлат барпо этилиши кўзда тутилган. Ғарбий соҳилдаги яҳудийлар яшайдиган жойлар эса ҳозиргидек Исроилнинг назоратида қолади.

Қуддус Исроил ва Янги Фаластин ўртасида бўлинмайди, бироқ ҳар икки давлатнинг пойтахти бўлади. Қуддусда яшайдиган арабларга Янги Фаластин фуқаролиги берилади. Яҳудийларга араблардан, арабларга эса яҳудийлардан уй олишига рухсат этилмайди. Қуддусга янги ҳудудлар қўшилмайди.

Таклифга кўра, келишувнинг амалга оширилишини АҚШ, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфазидаги нефт экспорт қилувчи давлатлар молиялаштиради. Қўллаб-қувватловчи давлатлар Янги Фаластиндаги миллий лойиҳалар учун 5 йил давомида 30 миллиард доллар ажратади.

Маблағнинг 20 фоизини АҚШ, 10 фоизини Европа Иттифоқи, 70 фоизини эса Форс кўрфазидаги араб давлатлари бериши назарда тутилган эди.

Янги Фаластин давлати ўз армиясига эга бўлмайди, фақатгина полицияга енгил қуроллар берилади. Янги Фаластин давлатига ташқаридан ҳужум бўлган тақдирда уни Исроил ҳимоя қилади.

Агар Исроил “Аср келишуви”га эътироз билдирса, АҚШ унга молиявий ёрдамни тўхтатиши белгилаб қўйилган эди.

4. Фаластин-Исриол муаммосини ҳал этишга қаратилган ХХР режаси

Хитой илгари сураётган ечимга кўра:

1. Фаластин муаммосининг асосий ечими 1967 йилги чегараларга асосланган ва тўлиқ суверенитетга эга бўлган, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини яратиш;

2. Фаластин иқтисодининг эҳтиёжлари ва халқининг турмуш тарзи кафолатланиши, халқаро ҳамжамият Фаластинга ҳам ҳуманитар, ҳам унинг ривожланишига қаратилган ёрдамни ошириши;

3. Тинчлик музокараларининг тўғри йўналишда олиб бориш. Қуддус диний зиёратгоҳларининг тарихий статус-квосини ҳурмат қилиш, ҳаддан ташқари ва провокацион сўз ва хатти-ҳаракатлардан воз кечиш, тинчлик ўрнатиш учун янада йирик, нуфузли халқаро конференцияларни чақиришга кўмаклашиш.

4. Тинчлик музокараларини қайта бошлаш учун шарт-шароитлар яратиш ва икки давлатга (Фаластин ва Исроил) тинч-тотув яшашига ёрдам бериш учун амалий саъй-ҳаракатларни амалга ошириш;

Шунингдек, Хитой Фаластин томонидан ички ярашувга эришиш ва тинчлик музокараларини илгари суришда фаол рол ўйнашга тайёр эканини маълум қилган.

Бироқ шу кунгача таклиф этилган бирорта келишув охиригача амалга ошмаган ва Фаластин тупроқлари ҳалигача дунёнинг қайноқ нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳабибуллохон Азимов,
Нормуҳаммад Али


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фаластин озодлиги: Халқаро доирада таклиф қилинган ечимлар
ePN