Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида бўлиб ўтаётган нуфузли “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форуми очилиш маросимида нутқ сўзлади. Унда 30 дан зиёд обрўли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар қатнашмоқда.
Давлат раҳбари нутқида таъкидлаганидек, мамлакат тараққиётида хотин-қизларнинг жамиятнинг фаол ва таъсирчан аъзосига айланиши масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу йўналишда қатор амалий чора-тадбирлар жорий қилинган.
Хусусан, қизларга олий таълимда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш имконияти берилди. Магистратура босқичида эса бепул таълим олиш тизими йўлга қўйилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 мингдан зиёд аёллар иш билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот технологиялари, молия соҳаси ва сунъий интеллект асосларига ўқитилиши режалаштирилган. Бу, айни пайтда, уларнинг янги касб ва билимларга эга бўлишини таъминлаб, келгусида жамиятда муносиб ўрин топишига хизмат қилади.
“Хотин-қизлар жамиятнинг барча соҳаларида ўз имкониятларини намоён қилиши учун ҳар томонлама кўмак бериш – доимий эътиборимизда. Келгуси йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизимининг қамрови сезиларли даражада оширилади. Бу эса хотин-қизларнинг камбағаллик чангалига тушиб қолмаслиги учун кафолат бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари барча иштирокчиларни келгуси йил Наманганда ўтказиладиган Осиё ишбилармон аёллар форумига таклиф этди. Бу форум аёллар ўртасида тажриба алмашиш ва янги имкониятларни очиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!