date
views 368

Урушнинг энг қизғин палласида Украинада коррупцияга қарши кампания бошланди

Урушнинг энг қизғин палласида Украинада коррупцияга қарши кампания бошланди

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Зеленский жамоаси ички инқирозни бартараф эта оладими?

Узоқ чўзилган уруш Украинада коррупция учун янги имкониятлар яратди. Киев халқаро социология институти маълумотларига кўра, украиналиклар коррупцияни мамлакатдаги Россия агрессиясидан кейинги иккинчи энг муҳим муаммо деб билади (бу нуқтайи назарни респондентларнинг 89 фоизи қўллаб-қувватлаган). Володимир Зеленский жамоаси давлат аппаратида тергов ва тозалаш ишларини бошлаб юборди, бироқ бу чоралар ҳали ҳам етарлича тизимли эмас.

Шу билан бирга, марказий ҳукумат аҳолининг шаҳарларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга сарфланган маблағлардан норозилигидан ўзининг халқ томонидан сайланган мэрлар билан узоқ йиллик зиддиятида фойдаланмоқда. Журналист ва Украина сиёсатининг мустақил тадқиқотчиси Константин Скоркин уруш авжидаги аксилкоррупция кампанияси ҳақида фикрларини билдирди.

Зеленский офиси маҳаллий ҳокимиятларни мақсадсиз харажатларда айблади. Киев маъмурияти плиткаларни алмаштириш — инжиқлик эмас, балки ҳатто уруш пайтида ҳам зарурат дея жавоб берган.

Украина жануби ва шарқида давом этаётган жанглар, шунингдек, мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ўққа тутилиши фонида Украина шаҳарларида кенг кўламли ободонлаштириш кампанияси бошланди. Бюджет тақчиллиги ва чет эл ёрдамига қарамлик кучайиб бораётгани ҳисобга олинса, плиткаларни қайта ётқизиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари энг камида ўз вақтида амалга оширилмаётгандек кўринади.

Муаммо, айниқса, Киевда кескин, чунки президент девони ва шаҳарни бошқараётган Виталий Кличко ўртасидаги сиёсий можаро Володимир Зеленский ҳокимиятга келган пайтдан бери тўхтагани йўқ. Киев шаҳар ҳокимиятининг ўзига хослиги шундаки, Кличко иккита ролни — халқ томонидан сайланган мэр ва президент томонидан тайинланган шаҳар маъмурияти раҳбари лавозимларини бирлаштиради. Президент девони узоқ вақтдан буён унинг ваколатларини чеклашга ҳаракат қилади ва шаҳар хўжалигидаги ҳар қандай муаммо навбатдаги қарама-қаршиликни келтириб чиқаради.

2023 йил ёз фасли бошида Фавқулодда вазиятлар бўйича Давлат хизмати текшируви Киевдаги фуқаролик мудофааси бошпаналарининг тахминан учдан бир қисми фойдаланишга яроқсиз ҳолатда эканини кўрсатди. Кейинроқ шаҳар районларидан бирида бошпаналарга «болалар руҳиятини кўтариш учун» барабанлар ва янги намунадаги блендерлар сотиб олиш режалаштирилган тендер натижалари кенг оммага маълум бўлди. Киев мэрияси қаттиқ танқидга учради. Президент девони Кличкони реал ваколатлардан маҳрум қилиш мақсадида шаҳар маъмуриятидаги унинг ўрнига аллақачон бошқа номзод топгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Лекин иш яна истеъфогача бормади.

Киевдаги бомбапанагоҳ. 2023 йил 5 июн
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Кличкога қарши янги танқидлар тўлқини шаҳар марказидаги Богдан Xмелницкий кўчасидаги брусчаткалар алмаштирилиши туфайли кўтарилди. Вазият шу қадар резонансли бўлдики, Зеленский унга изоҳ берди. Ивано-Франковскда бўлиб ўтган минтақавий ҳокимиятлар Конгрессида президент (Кличкога аниқ ишора билан) шундай деган: «Маҳаллий ҳокимиятнинг баъзи вакиллари мендан хафа бўлмасин, шу аниқки, ҳозир брусчаткаларни алмаштирадиган вақт эмас».

Айни вақтда ободонлаштириш фронт чизиғидан узоқда жойлашган шаҳарларда давом этмоқда. Мисол учун, Лвив мэрияси шаҳарни бир миллион гривнага кўкаламзорлаштиришга қарор қилган, Волин областида эса стадионни катта пулга таъмирлаш ишлари бошланган. Кўнгиллилар томонидан фронт эҳтиёжлари ёки қочқинларга ёрдам кўрсатиш учун тўхтовсиз йиғимлар ташкил қилинаётган бир пайтда област маъмуриятлари томонидан бундай маблағлар сарфланиши тушунарли норозиликка сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида, маҳаллий раҳбарларни мунтазам равишда танқид қиладиган марказий ҳукумат бундан аниқ фойдаланади. Ҳукмрон «Халқ хизматкори» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия маҳаллий ҳокимиятларга уларнинг ваколатларини чеклаш билан таҳдид қилди.

«Агар сиз тўхтамасангиз, асосий эҳтиёжлар бўлмаган, бизни ҳеч қандай тарзда ғалабага яқинлаштирмайдиган нарсаларга пул сарфлашни бас қилмасангиз, парламент ҳарбий ҳолат даври учун қонунчилик чекловларини киритади», деган у.

Арахамия айтган чора-тадбирлар Украина ҳукумати томонидан анча вақтдан бери кўриб чиқилмоқда. 2022 йил ёзида молия вазирлиги фуқароларнинг даромад солиғидан тушган маблағларнинг бир қисмини ҳудудлардан олиб қўйишни таклиф қилганди. Ҳукумат экспертлари таъкидлашича, уруш даврида бир қатор минтақаларда бу даромад у ерда жойлашган ҳарбийларга тўланадиган тўловлардаги солиқ имтиёзлари ҳисобига кўпайган. Умуман олганда, ушбу даромадлар 2023 йилнинг атиги беш ойида маҳаллий бюджетларнинг 61,5 миллиард гривнагача бўлган (1,5 миллиард евродан ортиқ) ижобий салдосини таъминлаган.

«Муаммо шундаки, баъзи жамоалар ҳарбийлардан олинган пулнинг 100 фоизини хавфсизлик ва мудофаа эҳтиёжлари учун қайтаради, бошқалари эса катталашган бюджетдан брусчатка ва стадионлар учун фойдалана бошлайди», деб ёзади парламентнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш қўмитаси аъзоси Виталий Безгин.

Маҳаллий ҳокимиятлар қўшимча солиқ тушумлари нотекис тақсимланганини таъкидлаб, бу фикрга қарши чиқади. Уларнинг айтишича, солиқ тушумлари фронт орти ҳудудларда фронт яқинидаги ҳудудларга қараганда анча паст. Киев расмийлари фикрича, тирбандликка бой Киев учун брусчаткаларни алмаштириш президент айтгандек инжиқлик эмас, балки ҳаётий заруратдир. Виталий Кличконинг Киев маъмуриятидаги ўринбосари Николай Поворозникнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимиятлар агар марказдан маълум бир ҳарбий қисм харидларини молиялаштириш бўйича кўрсатма олса, мудофаа эҳтиёжлари учун маблағ ажратишга доим тайёр.

Шу билан бирга, ҳукумат чекловларнинг бошқа вариантларига эга — масалан, ҳарбий ҳолат шартларига кўра, ғазна ҳарбий эҳтиёжлар молиялаштирилмагунча ободонлаштириш ишларига пул ажратмаслик ҳуқуқига эга.

Аслида, уруш 2020 йилдан бери давом этаётган марказ ва минтақалар ўртасидаги курашнинг қўшимча фонига айланди. Ҳозир марказий ҳукумат ҳарбий вазиятдан фойдаланиб, бир вақтнинг ўзида иккита мақсадга эришишга интилмоқда — локал миқёсдаги коррупцияни йўқ қилиш ва ҳудудлардаги ноқулай сиёсатчилардан қутулиш.

Марказий ҳукуматга ҳам саволлар бор. «Халқ хизматкори» партияси депутатлари Малдив оролларида дам олмоқда, маданият вазирлиги эса кўнгилочар сериаллар олиш учун миллионлаб маблағ харж қилмоқда

Ўз навбатида, Украина марказий раҳбарияти вакиллари устидан ҳам етарлича шикоятлар бор. «Бигус.инфо» журналистлари Киев областида, жумладан Россия ҳарбий жиноятлари тимсолига айланган Буча ва Бородянкадаги қайта тиклаш ишларидаги қонунбузарликлар ҳақида гапирган. Ҳудуд амалдорлари (улар марказ томонидан тайинланади) реконструкция ишларига аллақачон жиноий терговда иштирок этаётган малакасиз пудратчилар ва фирмаларни жалб қилган. Кўп ҳолатларда коррупциянинг барча белгилари мавжуд ва аллақачон расмий тергов бошланган. Ўнлаб миллион гривна қийматидаги шартномаларнинг аксарияти тендерсиз тузилган ва Prozorro электрон давлат харидлари тизимида кўрсатилмаган.

Яна бир жиддий мавзу — бу ҳукуматнинг маданий-пропаганда тадбирларига харажатлардир. Голодомор музейини қуриб битказиш учун маданият вазирлиги томонидан 594 миллион гривна (14 миллион евро) миқдоридаги маблағ ажратилиши ҳақидаги хабар катта резонансга сабаб бўлди. Қурилиш сметаси кенг кўламли урушдан олдин тасдиқланганди, аммо Зеленский қизғин муҳокамалардан сўнг бу қарорга вето қўйди. Шунингдек, ҳукумат Киевдаги улкан «Она ватан» ҳайкали қалқонидаги совет гербини «тризуб» билан алмаштириш учун 28 миллион гривна (670 минг евро) сарфлагани ҳам кўплаб саволлар туғдирди. Тўғри, маданият вазирлиги янги дизайн давлат эмас, ҳомийлик пуллари ҳисобидан амалга оширилганини таъкидлаган.

Киевдаги «Она ватан» ёдгорлиги советлар герби тризубга алмаштирилганидан кейин. 2023 йил 6 август
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Бундан бироз олдин Олександр Ткаченко маданият вазири лавозимидан бўшатилди (у Володимир Зеленский билан телевидениеда бирга ишлаган даврдан буён таниш эди). Бундан олдин мухолифатдаги Петро Порошенконинг «Европача бирдамлик» партияси Prozorro тизимида кўнгилочар сериалларга миллионлаб доллар сарфлангани ҳақидаги маълумотларни аниқлаган ва Ткаченкони «уруш давридаги жирканч талончи» дея айблаганди. Ткаченконинг ўзи ҳаракатлари Ғарбдан олинган мақсадли молиялаштириш экани ва бу пулни бошқа нарсага сарфлаб бўлмаслиги билан изоҳлади. Шунга қарамай, Зеленский уни ишдан бўшатишни афзал кўрди.

Президент жамоасидаги сўнгги истеъфоларнинг баъзилари унинг ўз ташаббуси (журналистик текширувлари натижаларига кўра бўлса ҳам) натижасидир. 2023 йил бошида ижро ҳокимияти мансабдор шахсларининг кўплаб ишдан бўшатилишидан сўнг (ўшанда Алексей Арестович ҳам президент девонини тарк этган эди), навбат ҳукмрон «Халқ хизматкори» партияси депутатларига келди. Аввалига хизмат сафари баҳонасида Малдив оролларига дам олишга кетган Юрий Аристов курсисидан айрилди, кейин эса Андрей Холодов – у гўё оиласини даволаниш учун олиб кетган ва олти ойдан бери мамлакатга келмаган.

Шу билан бирга, 2023 йил январ ойида депутатлар ва мансабдор шахсларга узрли сабабларсиз мамлакатни тарк этиш тақиқланганди. Аммо, гарчи мухолифатдаги парламент аъзолари Зеленский офиси қарори билан уларга мамлакатдан чиқиб кетиш амалда тақиқланганидан шикоят қилган бўлса-да, бугунги кунга қадар қонун тўлиқ кучга кирмаган.

Ҳарбий комендатуралардаги коррупцияга қарши курашиш бўйича умуммиллий кампания доирасида юздан ортиқ жиноят иши қўзғатилган. Аммо муаммони тизимли равишда қандай ҳал қилиш ҳали ҳам ноаниқ

Ва ниҳоят, коррупциянинг учинчи қатлами — ҳарбий комендатуралардаги коррупция. Бу унчалик аниқ сиёсий контекстга эга эмас, аммо уруш шароитида олдингилардан кам бўлмаган жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Масалан, кенг кўламли уруш даврида Одесса области ҳарбий комиссари Евгений Борисов Испанияда тўрт миллион евродан ортиқ суммадаги кўчмас мулк сотиб олган.

Тергов маълумотларига кўра, Борисов хизматдан сохта кечиктириш, сафарбарликдан озод қилиш ва мамлакатни тарк этишга рухсат берувчи бошқа ҳужжатлар билан савдо қилган. Ҳолбуки илгари Одесса области пляжларда чақирув қоғозлари бериш ва ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларни қаттиқ қўлга олиш олиш билан машҳур бўлганди. Борисов яширинишга уринган ва Киевда ҳибсга олинган. Катта эҳтимол билан, у пойтахтга юқори мартабали ҳомийлардан ҳимоя сўраб борган.

Евгений Борисов суд залида
Ruslan Kaniuka / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Борисов фош этилгандан сўнг, Зеленский ҳудудий аскарликка ёллаш марказлари ишини бутун Украина бўйлаб текширишни буюрди. Бунинг учун Украина хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат тергов бюроси ва коррупцияга қарши кураш идоралари вакилларидан махсус гуруҳ тузилди. Натижалар ўзини узоқ куттирмади, масалан, Киевда ўн минг доллар эвазига чақирув ёшидаги эркакларга Украинани тарк этишга ёрдам берган давлат маъмуриятининг мансабдор шахси (ва бу билан бир вақтда Украина қуролли кучларининг қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги штаб-квартираси бўлимларидан бирининг раҳбари, унинг исми ошкор этилмади) қамоққа олинди. Карпаторти район ҳарбий коменданти расмий ваколатларини суиистеъмол қилишда гумон қилинган: у аскарларни шахсий хўжалигида, янги уй қуришда ишлашга мажбур қилган. Шунингдек, фронт чизиғи зонасидаги «воeнкомат» ходимлари ҳам қўлга олинган — Донецк ва Днипропетровск областларидаги ҳарбий хизматга чақириш бўлимлари бошлиқлари сохта ҳужжатлар бериш ва ноқонуний бойитишда айбланмоқда.

Умумий ҳисобда Давлат тергов бюроси томонидан «воeнкомат»лар ходимларига нисбатан 112 та жиноят иши қўзғатилган. «Текширув жуда кўп суиистеъмолликни аниқлади. Очиғи бу жирканч», деган Зеленский.

Мудофаа вазирлигидаги коррупция аллақачон жамоатчилик диққат марказига тушган: Украина қуролли кучлари учун озиқ-овқат маҳсулотларини оширилган нархларда сотиб олиш билан боғлиқ можаро 2023 йил қишида мудофаа вазири Алексей Резниковни сал қолса лавозимидан айирарди. Ҳозир бошланган кампания, шубҳасиз, ҳукумат фойдасига ишлайди, лекин аввалги шунга ўхшаш ишлар каби, бу тизимли иш эмас, кўпроқ фош этилган фактларга реакциядек кўринмоқда. Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги раҳбари ўринбосари Артём Ситникнинг қайд этишича, тизимли хавф шундаки, улар уруш пайтида «мамлакатга зарар етказмаслик ва душманона нарративлар билан ўйнашмаслик» учун муаммони яширишни афзал кўради.

Эндиликда мудофаа вазирлиги коррупциянинг олдини олишнинг самарали кўринувчи, аммо самарали бўлиши жуда ҳам шарт бўлмаган тизимли усулларини қаттиқ изламоқда. Вариантлардан бири — ишчиларни ротация қилиш ва «воeнкомат»ларга «ғоявий руҳланган» фахрийларни, шу жумладан, фронтда ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларни жалб қилишдир. Украина 2023 йил охирига қадар барча ҳудудий армияга ёллаш марказлари раҳбариятининг деярли учдан бир қисмини уруш фахрийлари билан алмаштиришни режалаштирмоқда. Муҳокама қилинаётган яна бир ислоҳот — бу коррупцион схемаларни яратиш учун зарур алоқаларга эга бўлмаган бошқа ҳудудлар аҳолисини ҳарбий комиссар этиб тайинлашдир.

Ҳозирча Володимир Зеленский яқин орада кадрлар соҳасида тозалаш ўтказилишини маълум қилди. «Биз ниҳоят давлат муассасаларидаги ўзининг эски схемалари ва одатларига ҳаддан ташқари боғланган одамлардан қутулишни бошлаймиз», деган президент. Аммо бу ишлаш принципларини эмас, балки шахсларни алмаштиришга ҳам ўхшайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Урушнинг энг қизғин палласида Украинада коррупцияга қарши кампания бошланди