18:36 / 24.08.2023
419

BRICS саммити: Путин яна Ғарбни Украинада уруш бошлашда айблади

Фото: Getty Images
Йоҳаннесбургда бўлиб ўтаётган BRIСS саммити сайёранинг қарийб 3,5 миллиард аҳолиси яшовчи давлатлар раҳбарларини бир том остида бирлаштирди.

Бу ерда Жанубий Африка ва Бразилия президентлари, Ҳиндистон бош вазири, саммитдаги чиқишини сўнгги дақиқада бекор қилган Хитой раиси ва Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилгани сабабли Жанубий Африкага сафарини бекор қилган Россия президентининг вакили бўлган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бор эди.

Чиқиш қилди, аммо келмади

Видеоалоқа орқали чиқиш қилган Россия президенти, Украинадаги уруш бошланиши ҳақидаги ўз версиясини яна бир бор такрорлади.

Унинг сўзларига кўра, инқирозга айрим мамлакатларнинг мустамлакачилик сиёсатини давом эттираётгани сабаб бўлган ва уларнинг «дунё гегемонлигини сақлаб қолиш» истаги 2014 йилда Украинада «тўнтариш»га олиб келган, шундан сўнг Ғарб гўёки Россия жавоб бериши керак бўлган урушни «бошлаган».

«Россия инсонларни ўз маданияти, анъаналари, тили ва келажагини сақлаб қолиш учун курашда қўллаб-қувватлашга қарор қилди», деган Россия президенти «ДХР» ва «ЛХР»га ишора қилиб.

Владимир Путиннинг саммитдаги иштироки виртуал кўринишда бўлди

Путин уруш деб аташдан қочадиган Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари, унинг сўзларига кўра, «Ғарб Донбасс аҳолисига қарши бошлаган урушга чек қўйиш» учун амалга оширилган.

Ўз чиқишини Ғарбга қарши айбловлар билан якунлаган Владимир Путин BRICS саммити «халқаро ҳуқуқ ва БМТ низоми асосидаги дунё тартибини қўллаши» ва халқларнинг мустақил ривожланиш ҳуқуқини ҳимоя қилишини эслатиб ўтишга қарор қилган.

Шунингдек, у BRICS’нинг устувор вазифаси Россия портларини Форс кўрфази ва Ҳинд океанидаги юк терминаллари билан боғлайдиган янги, ишончли ва хавфсиз транспорт йўлларини яратиш бўлиши кераклигини айтган.

Путин илм-фан, инновациялар, соғлиқни сақлаш, таълим ва умуман, ҳуманитар алоқаларни ривожлантириш каби соҳаларда ҳам ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

У йиғилганларга BRICS’нинг навбатдаги саммити 2024 йил октябр ойида Россияда, аниқроғи Қозонда ўтказилиши режалаштирилаётганини хабар қилган.

Келди, аммо чиқиш қилмади

Си Жинпинг саммитга келди, аммо унинг ўрнига савдо вазири унинг нутқини ўқиб берди

Россиялик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ, шахсан Жанубий Африкага келган ва 22 август куни бизнес-форумда Ҳиндистон, Бразилия ва Жанубий Африка раҳбарлари билан бирга чиқиш қилиши керак бўлган Хитой раиси Си Жинпинг кутилмаганда бу тадбирни ўтказиб юборди.

Унинг олдиндан тайёрлаб қўйилган нутқини Хитой савдо вазири Ван Вентао ўқиб эшиттирди, унда АҚШга моҳирона яширин ҳужум бор эди. Шунингдек, Си Жинпинг дунёни «янги совуқ уруш тубига тушиб кетмаслик»ка чақирган.

Сининг нутқида россиялик ҳамкасби билан келишмасдан ва АҚШни тўғридан тўғри тилга олмасдан, «ўз гегемонлигини сақлаб қолиш ғоясига содиқ бир мамлакат ривожланаётган мамлакатларга зарар етказиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда», дея таъкидлаган.

«Хитой иқтисодиёти мустаҳкам, у улкан салоҳият ва катта ҳаётийликка эга. Хитойнинг узоқ муддатли ўсишини қўллаб-қувватловчи фундаментал асослар ўзгаришсиз қолади. Хитой иқтисодиётининг улкан кемаси тўлқинларни кесиб ўтишни ва олдинга сузишни давом эттиради», деган Жинпинг Хитой иқтисодиёти бошдан кечираётган муаммолар ҳақидаги саволларни олдиндан жавоб бериб.

Си Жинпингнинг чиқиши бу йил ҳисобидан унинг хориждаги илк омма олдидаги чиқиши бўлар эди. Бунгача Хитой раҳбари 2023 йилда Россияга ташрифи чоғида атиги икки кун хорижда бўлган эди.

Ҳиндча позитив

Нарендра Моди оптимизмга тўла эди

Ҳозирча саммитдаги энг позитив чиқиш Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг BRICS’га аъзо давлатларни сўнгги ютуқлар, хусусан, Янги тараққиёт банки (ЯТБ) ташкил этилгани билан табриклаган нутқи бўлди.

Аслида, банк анча олдин яратилган, аммо 2022 йилда у Ҳиндистон ва қўшни Бангладешдаги ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш учун Деҳлида ўз ваколатхонасини очишини эълон қилди.

«Биз молиявий хавфсизлик тармоғини яратдик», деган Моди бу борада.

Ҳиндистоннинг Ой дастури муваффақиятидан илҳомланган Моди BRICS мамлакатларини космик технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик қилишга, хусусан, BRICS сунъий йўлдош тармоғи ва «Космик тадқиқотлар консорциуми»ни яратиш ҳақида ўйлашга таклиф қилди.

Ҳиндистон бош вазири, шунингдек, BRICS мамлакатларида таълим даражасини ошириш, анъанавий тиббиёт воситалари марказий банкини яратиш ва ҳатто «катта мушуклар»ни ҳимоя қилиш учун кўпроқ саъй-ҳаракатларни амалга оширишга имкон берувчи технологияларга инвестициялар киритиш бўйича келишиб олишни таклиф қилган. ЖАР президенти Сирил Рамафоса «катта мушуклар» борасида ҳазиллашиб: «Агар сизга кўпроқ гепардлар керак бўлса, сиз гепардлар уйига келдингиз», деган ва бу залда кулгига сабаб бўлган.

Моди ўз чиқиши сўнгида Ҳиндистон ташкилотга янги мамлакатларни қабул қилиш орқали BRICS’ни кенгайтиришни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Рамафоса ташкилотга янги аъзолар қабул қилиниши бўйича анонс берди. «Биз BRICS’ga Аргентина, Эфиопия, Эрон, Саудия Арабистони ва БААни расман таклиф этишга қарор қилдик. Уларнинг аъзолиги 2024 йил 1 июлдан бошланади», деган у.



Сергей Лавров, ЖАР, Владимир Путин, Нарендра Моди, Си Жинпинг, BRIСS саммити

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » BRICS саммити: Путин яна Ғарбни Украинада уруш бошлашда айблади