22:18 / 28.02.2024
488

Деҳқонлар «қўзғолони»: европалик фермерлар нимадан норози?

Деҳқонлар «қўзғолони»: европалик фермерлар нимадан норози?
Фото: AP
Охирги вақтларда Европанинг кўплаб давлатларида минтақадаги асосий озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар бўлмиш фермерлар ўз ҳукуматларига кескин эътирозларини билдириб келмоқда. 26 феврал куни Белгия пойтахти Брюсселда жойлашган Европа Иттифоқи биноси яқинида йирик агронамойиш бўлиб ўтди.

900 та трактор билан «қуролланган» фермерлари Брюсселдаги Европа кварталини тўсиб қўйишди. Улар намойиш учун иттифоққа аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашув вақтини танлади.

Охирги вақтларда бундай намойишлар бутун Европа бўйлаб ўтказилмоқда. Хўш, европалик фермерлар нимадан норози бўлмоқда?

Европа деҳқонлари қишлоқ хўжалиги сектори учун бериладиган субсидиялар бекор қилинишига кескин қарши. Фермерларнинг айтишича, уларнинг даромадлари инфляция ва бошқа сектордагилар даромадларига мутаносиб тарзда ўсмаяпти.

Европа давлатлари фермерларга узоқ йиллар давомида жуда кўп қулайлик, имтиёзлар тақдим этиб келди. Масалан, уларга дизел ёнилғиси учун субсидия берилади, ҳар бир гектар ер учун қўшимча пул тақдим этилади ва яна кўплаб чегирмалар берилади.

Фото: Reuters
Украинадаги уруш сабаб мудофаа харажатларини кескин оширган Европа ҳукуматлари эса нима қилиб бўлса ҳам бюджет пулларини тежаш пайида. Масалан, бу имтиёзлар бекор қилиниши Германия бюджетининг ўзига йилига 480 миллион евро тежаш имконини беради.

Брюсселдаги намойишларда асосан Белгия, Франция ва Германиядан келган фермерлар қатнашди. 900 та трактор билан «қуролланган» фермерлар эркин савдо бўйича келишувни бекор этишни талаб қилмоқда. Шунингдек, улар бюрократик тўсиқлар кўплигидан ҳам норози. «Фермер даладан кўра компютер олдида кўпроқ вақт ўтказишга мажбур бўлмоқда», деган намойишчилардан бири.

Брюсселдаги намойишларга етиб келган италиялик фермерлар сариқ жикет ва соябонда марш ўтказишди
Фото: AP Photo / Harry Nakos

Франциялик намойишчи Морган Одининг айтишича, Европа Иттифоқининг неолиберал сиёсати озиқ-овқат нархлари ҳаддан ташқари тушиб кетишига олиб келмоқда. Оқибатда маҳаллий фермерларнинг даромадлари ҳам камаймоқда. «Биз Европа Иттифоқидан фермерларни қўллайдиган қонун қабул қилишни сўраймиз. Бизга тўланадиган пуллар харажатларимиздан кўпроқ бўлиши керак. Испания шундай қилди, нега қолганлар қилмаслиги керак?» деган у.

Брюселдаги Европа кварталини тўсиб қўйган намойишчилар полицияга суюқ гўнг сепишди
Фото: AP Photo / Harry Nakos

1 литр дизел учун 21 цент субсидия

Германия фермерлар тракторларида ишлатадиган 1 литр дизел учун 21 центгача субсидия олади. Масалан, Берлин ғарбидаги Петер Кайм исми фермер минг гектар майдонда фермерлик билан шуғулланиб, 170 та сут берадиган сигир боқади. Унинг тракторлари бир йил давомида 120 минг литр дизел ёқади. Фермер ҳозиргача дизел учун қилган йиллик харажатларининг 25 минг евросини қайтиб олган.

Германиялик фермер Петер Кайм DW нашри лавҳасида
Европа Иттифоқи мана шу субсидияларни аста-секин камайтириб, 2026 йилда буткул бекор қилмоқчи. «Биз дунёдаги энг сифатли маҳсулотларни етиштирамиз. Нега энди уларни жаҳон бозоридаги нархда сота олмаслигимиз керак?» деган фермер соҳадаги неолиберал сиёсатни танқид қилар экан.

Немис фермерларининг айтишича, улар шундоғам 5 йил аввалгидан камроқ субсидия ва дотациялардан фойдаланмоқда. Бу галги субсидиялар пакетининг бекор қилиниши эса даромади катта бўлмаган фермер хўжаликлари ёпилиб кетишига ҳам олиб келиши ҳеч гап эмас.

Брюселдаги намойишчилар Европа кварталини тўсиб қўйиш учун шиналар ёқишди \ Фото: Reuters
Дизел учун субсидиядан ташқари немис фермерлари ҳар бир гектар ер учун тўғридан тўғри ЕИ бюджетидан 300 евро субсидия олади. Қишлоқ хўжалиги бўйича иқтисодчи Алфонс Балман эса фермерларнинг намойишларини бўрттириш деб ҳисобламоқда. Унинг сўзларига кўра, дизел учун имтиёз ЕИ фермерларга тақдим этиб келаётган субсидияларнинг атиги 5 фоизини ташкил қилади.

Фермерлар бюрократик тўсиқлардан безор бўлишганини айтишмоқда \ Фото: DW
Фермерлар норозилигидан кейин немислар ҳукумати бу субсидияларни бирдан бекор қилмасликка қарор қилди.

Европа фермерлари минтақанинг барча давлатларида дизел ёнилғиси нархи бир хил эмаслиги рақобатга тўғридан тўғри таъсир қилади деб ҳисоблашади. Немис фермерлари норозилигида ҳам жон бор, чунки Европа Иттифоқининг 20 га яқин давлатида дизел Германиядагидан арзонроқ.

Бундан ташқари Украинадан имтиёзли тарзда кириб келаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларни тушириб, европалик фермерларнинг даромадларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Полшада Уркаинадан олиб борилаётган дон маҳсулотлари тўкиб ташланаётгани ҳам шу билан боғлиқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё