date

Ўзбекистонда Nvidia'дан икки сунъий интеллект кластерлари яратилади

Ўзбекистонда Nvidia'дан икки сунъий интеллект кластерлари яратилади
Ўзбекистон сунъий интеллект ва инфратузилмани рақамлаштириш соҳасида бир қатор стратегик лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида бўлиб, бу борада АҚШнинг Nvidia технологик корпорацияси асосий ҳамкор сифатида иштирок этмоқда. Ўтган ҳафта Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг АҚШга ташрифи чоғида компания раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.

Кун тартибида мамлакатнинг технологик ривожланишига туртки берувчи бир неча ташаббуслар муҳокама қилинди. Хусусан, умумий қуввати 1 мегаватт бўлган иккита юқори самарали ҳисоблаш кластерини яратиш масаласи кўриб чиқилди.

Ушбу ресурслар икки асосий йўналиш бўйича тақсимланади. Биринчи кластер таълим соҳаси ва илмий тадқиқотлар учун мўлжалланган бўлиб, бу янги авлод кадрлари тайёрлаш ва замонавий илмий изланишлар олиб боришга ёрдам беради.

Иккинчи кластер эса сунъий интеллектнинг иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётга келтирадиган катта фойдасини ҳисобга олган ҳолда, рақамли ҳукумат, соғлиқни сақлаш, банк сектори ва саноат каби муҳим соҳалардаги лойиҳаларга хизмат қилади. Мазкур лойиҳалар бўйича якуний келишувлар 2026 йилга қадар имзоланиши кутилмоқда.

Вазирлик вакиллари таъкидлашича, шартномалар тузишнинг аниқ муддати икки асосий омилга боғлиқ: зарур юқори технологик ускуналарнинг халқаро бозорда мавжудлиги ва АҚШ ҳукумати билан экспорт назорати масалаларини келишиш жараёнига. Инфратузилмани ривожлантириш билан бир қаторда, кадрлар салоҳиятига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида илғор тажриба маркази сифатида “AI Center of Excellence” таълим мажмуаси ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллион долларни ташкил қилади.

Марказнинг асосий вазифаси сунъий интеллект бўйича билимларни олий таълим муассасаларига етказиб берадиган ўқитувчиларни тайёрлаш ва турли соҳалар мутахассислари учун малака ошириш курсларини йўлга қўйишдан иборат. Бундан ташқари, ҳукумат мамлакатнинг етакчи университетларини Nvidia томонидан тақдим этиладиган сунъий интеллект асосидаги суперкомпьютер инфратузилмаси билан жиҳозлашни режалаштирмоқда.

Бу ташаббус университетларда замонавий ҳисоблаш қувватларини яратиш ва илмий тадқиқотлар ҳамда амалиёт учун имкониятлар тақдим этишга қаратилган. Тегишли келишувни имзолаш 2025 йил охирига қадар режалаштирилган.

Шунингдек, ҳамкорликнинг муҳим қисми тажриба алмашишдан иборат бўлади. Nvidia Ўзбекистон томонига сунъий интеллектни бошқариш, уни иқтисодиётнинг турли соҳаларида самарали қўллаш ва сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш стратегияларида дунёдаги энг яхши амалиётлар бўйича очиқ маълумотларни тақдим этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекистонда Nvidia'дан икки сунъий интеллект кластерлари яратилади