00:12 / 23.06.2024
213

Кучли жазирама бутун дунё бўйлаб юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди

Кучли жазирама бутун дунё бўйлаб юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди
Фото: REUTERS/Priyanshu Singh
Иқлим ўзгариши кучли иссиқлик тўлқинларининг қайд этилишига ҳисса қўшган бўлиши, оқибатда бу йилги ёзда ўтган йилги ҳарорат рекордлари янгиланиши мумкин. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Нашрнинг қайд қилишича, сўнгги кунлардаги рекорд ҳароратлар Осиё ва Европада юзлаб, балки минглаб ўлимларга сабаб бўлиши мумкин.

Саудия Арабистонида бу ҳафта 2 миллионга яқин мусулмон зиёратчилар Маккада Ҳаж зиёратини адо этди. Хорижий расмийларга кўра, Ҳаж вақтида 51 даражадан юқори ҳарорат туфайли юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Шу жумладан камида 530 нафар мисрлик. Яна 40 киши бедарак йўқолган.

Ўрта ер денгизи мамлакатларида бир ҳафта давомида юқори ҳарорат кузатилди, бунинг оқибатида Португалиядан Грециягача ва Африканинг шимолий қирғоқлари бўйлаб Жазоиргача бўлган майдонларда ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди. Бу ҳақда АҚШ Миллий океан ва атмосфера маъмуриятининг Ер обсерваторияси хабар берди.

Сербияда метеорологлар бу ҳафтада ҳаво ҳарорати 40 даража атрофида бўлишини тахмин қилмоқда, чунки Шимолий Африкадан келаётган шамоллар Болқон мамлакатларига қарата иссиқ фронтни ҳайдамоқда. Соғлиқни сақлаш органлари «қизил сигнал» эълон қилган ва одамларга кўчага чиқмасликни тавсия этган.

Белград шаҳри шошилинч тиббий хизмати бир кечада юрак-қон томир ва сурункали касалликларга чалинган одамларни даволаш учун 109 марта чақириқ олганини хабар берган.

Бу йил Европа жазирама туфайли ўлган ва бедарак йўқолган сайёҳлар тўлқинига дуч келди. Душанба куни полиция маълум қилишича, 55 ёшли америкалик эркак Грециянинг Матраки оролида ўлик ҳолда топилган. Бу сайёҳларнинг бир ҳафта ичида учинчи шундай ўлимидир.

АҚШ шарқий ҳудудлари «иссиқлик гумбази» остида қақраб ётибди, бу ҳодиса кучли юқори босимли тизим ҳудуд устидан иссиқ ҳавони ушлаб, совуқ ҳавонинг кириб келишига тўсқинлик қилганда юз беради.

Ню-Йорк шаҳри кутубхоналари, қариялар уйлари ва бошқа муассасаларда фавқулодда совутиш марказлари очилди. Шаҳар мактаблари одатдагидек ишлаётган бир пайтда, яқин атрофдаги бир қатор туманлар ўқувчиларни уйларига эрта қўйиб юбормоқда.

Пайшанба куни об-ҳаво маъмурияти АҚШ Аризона штатининг баъзи қисмлари, жумладан, Фениксда ҳаво ҳарорати 45,5 даражага етиши ҳақида огоҳлантириш эълон қилди.

Қўшни Ню-Мексико штатида жазирама иссиқдан келиб чиққан ўрмон ёнғинлари икки кишининг ҳаётига зомин бўлди, 23 минг акрдан ортиқ майдон ёниб кетди ва 500 та уй вайрон бўлди.

Ҳиндистонда ёзги давр мартдан майгача давом этади, муссонлар бутун мамлакат бўйлаб аста-секин тарқалиб, иссиқликни пасайтира бошлайди. Аммо чоршанба куни Ню-Деҳли аҳолиси 55 йил ичидаги энг иссиқ тунни бошидан ўтказди. Ҳиндистоннинг Сафдаржунг расадхонаси тунги соат 1 да 35,2 даража ҳароратни қайд этди.

Ҳарорат одатда кечаси пасаяди, бироқ олимларнинг айтишича, иқлим ўзгариши тунги ҳароратнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Дунёнинг кўп жойларида тунлар кундузга қараганда тезроқ исимоқда.

Метеорология департаменти маълумотларига кўра, Ню-Деҳли 14 майдан бери 38 кун кетма-кет максимал ҳарорат 40 даража ёки ундан юқори бўлганини қайд этган.

Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси 1 мартдан 18 июнгача бўлган вақт оралиғида 40 мингдан ортиқ иссиқлик уриши билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ва камида 110 та ўлим ҳолатлари қайд этилганини айтди.

Бироқ жазирама тўлқинлар оқибатида ўлим ҳолатлари ҳақида аниқ маълумот олиш қийин. Аксарият соғлиқни сақлаш идоралари ўлимни иссиқлик билан эмас, балки юқори ҳарорат туфайли кучайган касалликлар, масалан, юрак-қон томир касалликлари билан боғлайди.

Олимларнинг таъкидлашича, агар дунё қазиб олинадиган ёқилғиларни ёқиш оқибатида иқлимни иситувчи чиқиндиларни чиқаришда давом этса, иссиқлик тўлқинлари кучайишда давом этаверади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кучли жазирама бутун дунё бўйлаб юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди