16:53 / 08.07.2024
103

ШҲТ нинг кенгайиши бу ташкилотнинг амалий эмас, декларатив характерини кучайтирадими?

ШҲТ нинг кенгайиши бу ташкилотнинг амалий эмас, декларатив характерини кучайтирадими?
Беларуснинг қўшилиши билан Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзолари сони 10 тага етди. Хўш, Қозоғистонда бўлиб ўтган 24-саммит қандай муҳим жиҳатлар билан эътиборни ўзига тортади? “Геосиёсат” мавзунинг муҳим нуқталарини сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов билан таҳлил қилди.

— Остона шаҳрида бўлиб ўтган "ШҲТ плюс" форматидаги учрашув ва унда муҳокама қилинган мавзулар қанчалик долзарб эди?

Фарҳод Толипов
: — ШҲТ ташкилот мақомини олгандан бери ҳар йили саммит ўтказилиб, ҳар бирида декларация қабул қилинади. Шу декларацияларнинг матнини кўриб чиққанман. Уларнинг ҳажми ўзи жуда катта, худди оламшумул муаммоларни ҳал қилишга киришгандек. Муҳокамаларда космосдан тортиб иқлим ўзгариши, хавфсизлик, терроризмгача бор. Умуман, бутун дунёни қийнаётган муаммоларнинг ҳаммаси киритилган. Декларациялар матни бироз ўзгариб қайтарилиб келаверган. Остонадаги саммит қандай янгиликлар бўларкан, билмадим. Лекин менда катта бир нарсаларни кутмаяпман, чунки муҳокама қилинмаган нарсалар қолмади. Фақатгина таркибан кенгайиб бориш янгилик бўлиши мумкин. 10 та бўлди аъзолар, 5 тадан бошланган эди. Кузатувчилари, мулоқот ҳамкорлари кўпаяётган ташкилот сифатида имижини кўтаришга уринишаётганга ўхшаяпти.

Камолиддин Раббимов: — Саммитда чиқиш қилаётган давлат раҳбарлари қайси масалага қандай фокусдан ёндашди деган масала муҳимроқ, менимча. Украина урушига 2 йилдан ошди. Ўтган 2 та саммитда уруш энди бошланганди ёки қизғин паллада эди, энди бу уруш стандартлашди. Шу фонда Путиннинг вазиятга бераётган баҳоси муҳим. Путин айтдики, дунёда кўп қутблилик шаклланяпти,унинг параметрлари шаклланиб бўлди, шу кўп қутблиликни шакллантиришда асосий 2 та ташкилот ШҲТ ва БРИКС, деди. Россия нуқтаи назарида ШҲТ Ғарбга қарши бўлган ёки бўлиши керак бўлган ташкилот сифатида кўрилади.

Хитойнинг дипломатик тили эса мураккаб, жумбоқлар билан гапириб, асосий моҳиятни яширади. Хитой томони ҳам адолатли дунё ҳақида гапирди. ШҲТ дунё ҳамжамияти томонидан коллектив Ғарбга қарши бўлган майдон сифатида аллақачон шаклланиб бўлган. Бу ерда 2 хил давлатлар бор. Биринчиси нейтрал давлатлар, масалан, Ҳиндистон, у БРИКСда ҳам, ШҲТда ҳам бор ва айни пайтда коллектив Ғарб билан муносабати яхши. Бошқа бир давлатлар Ҳиндистон каби нейтрал, Хитойнинг ёки бошқа давлатларнинг ролига салбий қарайди, жумладан, Покистоннинг ролига ҳам. Баъзи давлатлар эса ШҲТ билан ҳам, Ғарб билан ҳам ижобий муносабатда, масалан, МО давлатлари ШҲТ аъзоси бўлса ҳам, аксилғарб кайфияти парваришламайди, бундан тийилади.

Кўп қутблилик деганда АҚШ ва Хитой Ғарбга қаршиликни тушунса, МО давлатларига кўп қутблилик РФ ва ХХРни тийиб туриш учун керак. Ҳар битта давлат кўп қутблиликни ўз эҳтиёжига қараб ҳар хил талқин қилади.

Остона саммитининг ўзига хос томонлари ҳам бўлди. Масалан, Ҳиндистон бош вазири Моди келмади, ўрнига ташқи ишлар вазири келди. Хитой ва Ҳиндистон муносабатлари чигал, икки давлат бир-бирини оппонент сифатида кўради. Покистоннинг янги бош вазири ҳам келди.

Яна бир жиҳат. Хитой раҳбаридан бошқа барча раҳбарларни Қозоғистон бош вазири кутиб олди, Си Жинпингни Тўқаевнинг ўзи кутиб олди. ШҲТ саммитидан ташқари Хитой ва Қозоғистон мулоқоти ҳам бўляпти, Си Жинпинг 3 кун Қозоғистонда бўлади.

— ШҲТ ва БРИКС ўртасидаги фарқли жиҳатларга тўхталиб ўтсак.

Фарҳод Толипов
: — 2 хил жавоб бериш мумкин. БРИКС глобал жануб, умуман, глобал бир ташкилот деган мақомга даъво қилаётган ташкилотдек таассурот яратяпти. Унинг аксилғарб, аксиламерика позициялари очиқча ифода этиляпти. Доллардан воз кечиш, миллий валюталарда савдо қилиш каби ғояларни илгари суради, Ғарбдан ғазабланган, янгича тартибот яратмоқчидек бўлиб.

ШҲТнинг Самарқанд декларациясида эса ташкилот ўзагини МО ташкил этади, деган жумла келтирилган. 1996 йилда МОга фокусланган ташкилот бўлиб ташкил этилганидек, ҳали ҳам шу нарса эътироф этиляпти экан. БРИКС эса глобал майдонга даъвогарлик қиляпти.

Қачондир БРИКС ва ШҲТ бирлашадиган бўлса, ҳайрон бўлмасдим. Яширин ёки очиқ тарзда аксиламерика, аксилғарб позициялари бор, у ерда бирорта демократик давлат ёки Ғарб аъзоси йўқ.

— Беларуснинг ташкилотга қўшилиши ШҲТни ўзининг дастлабки минтақавий миссиясидан узоқлаштирмайдими?

Фарҳод Толипов
: — ШҲТ барибир Хитойга боғланган ташкилот кўпроқ. Хитойдан олисда бўлган Беларус қўшиляпти, лекин унинг ёнида бўлган Жанубий Корея, Япония, Ветнам қўшилмайди. Улар ШҲТга қизиқмайди ҳам, гарчи ШҲТдаги терроризмга қарши кураш ва бошқа масалалар улар учун ҳам муҳим.

Юқорида айтганимдек, ШҲТ ва БРИКС бирлашса, ҳайрон бўлмайман. Бу Хитойнинг "Бир макон – бир йўл" каби глобал лойиҳаларининг бир ифодаси бўлиши мумкин. Беларус қўшилишини айтяпмиз, лекин бир-бирига душман бўлган Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши ташкилот ихтисослигини ўзгартириб юборди. Ўзбекистон ҳукумати шубҳа билан қараганди бу икки давлат қўшилишига. Эрон қўшилиши эса янада мураккаблаштирди ташкилот миссиясини. Энди эса Украина урушига алоқадор дейиладиган Беларус. Йилдан йилга ШҲТ миссияси мураккаблашиб, мавҳумлашиб боряпти.

Камолиддин Раббимов: — ШҲТ – марказида Хитой турувчи ташкилот. Совет иттифоқи парчаланиб 15 давлат пайдо бўлгач, Хитой қўрқиб кетади. Хитойда кўплаб миллатлар, турли республикалар мавжуд. Шу сабаб Хитой парчаланишдан қўрқиб, постсовет ҳудудидаги, аввало МО давлатларини ўзига жалб қилди. Хитой сепаратизмдан қўрқади, унинг юзага чиқиши эса терроризм, зўравонлик билан бўлади. Натижада шу муаммоларни бирлаштириб, минтақа давлатларини шунга йўналтирди. Бу масала ёпилган, Хитой буни жуда яхши назорат қиляпти.

Эндиги масала Хитойнинг АҚШ билан рақобатида унга муқобил йўллар керак, транспорт-логистика, савдо-иқтисодий ҳамкорлар керак. Хитой атрофидаги давлатларнинг сиёсий кайфиятини Хитой манфаатидан келиб чиқиб шакллантириш лозим. Лекин бугун ШҲТда иккита томон бор: Хитой ва Россия, уларнинг мақсадлари тўғри келмаяпти. Украина урушидан кейин Россия Ғарбга қарши бирлашишга чақиряпти, ўзига ишонган империя сифатида Хитойга Россиянинг провокациялари ёқмаяпти. АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият Россия даражасида эмас. Бугун Россия шошиляпти Ғарбга қарши бирлашишда.

Россия ва Хитойдан ташқари, Ҳиндистон ва Покистон ҳам бор ташкилот ичида. Ҳиндистон Россия ёки Хитой тарафида эмас, унинг ҳам ўз позицияси бор.

ШҲТга бир сафар Хитой аъзо қўшса, бир сафар Россия қўшяпти, яъни ўз ҳамкорларини. Масалан, Ҳиндистонни Россия, Покистонни Хитой олиб кирди ташкилотга, бу бир-бирини тийиб туриш учун.

— Ҳиндистон ТИВ ўз баёнотида Хитой билан ўз чегараларидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича музокараларни бошлашга келишиб олгани ҳақида айтилди. Ташкилот бу борада Покистон-Ҳиндистон масаласига ҳам ижобий таъсир қилиши мумкинми?

Фарҳод Толипов
: — Бу ижобий тенденцияларга ШҲТнинг таъсири қандай ўзи, деган масала бор. Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги бу муаммо йиллар давомида кўтарилиб ёки бироз тушиб келган. Шунинг учун бу нарса барибир Хитой ва Ҳиндистон томонларининг ўзининг сиёсий иродасига, вазият тақозосига бориб тақалади. ШҲТнинг бу ерда қиладиган иши йўқ эди, соддароқ айтганда.

Покистон ва Ҳиндистон ўртасида қанчадан қанча воситачиликлар, музокаралар бўлмаган. 60-йилларда Ўзбекистон ҳам қўшилганди бу воситачиликка. Шу сабаб ШҲТ бу масалага қанчалик ҳисса қўша олади деган савол очиқ. Тинчлик бўлиши нуқтаи назаридан, албатта, ҳисса қўшишини истаймиз. Аммо бундай тенденциялар ШҲТ доирасида кузатилмаяпти. Қанчалик баёнот беришмасин, бу нарса пиарга ўхшаб кўринади платформадан фойдаланиб.

Бир неча йил олдин Қозоғистон президенти Тўқаев ШҲТ ҳақида танқидий фикр билдирган. Ташкилот доирасида қайси лойиҳа амалга ошди ўзи, лойиҳалар фақат икки томонлама бўляпти, деган маънода гапирганди. Таҳлилчилар эмас, айнан президентнинг ўзи шундай гапирди буни.

Ташкилот Шанҳай руҳияти деган нарсани намойиш этиш, биродар халқлар, тарихан боғлиқ давлатлар деган нарсани ифода этиш учун бўлаётгандек. Бу ҳам яхши, ёмон эмас. Лекин амалда лойиҳалар шаклида, иқтисодий лойиҳалар икки томонлама бўляпти ростдан, ШҲТ доирасида эмас.

— Ўзбекистон президентининг “ШҲТ–Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги таклифига ҳам тўхталиб ўтсак.

Фарҳод Толипов
: — Бир вақтлар ташкилот доирасида Афғонистон билан мулоқот гуруҳи тузилган. Лекин бу мулоқот гуруҳи ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демаган, қандай музокара бўлаётганини билмадик. Орада бошқа платформалар ҳам бўлди Афғонистон масаласида, иккала президентимиз ҳам БМТ доирасида кўп гапирди бу масалани. Лекин ҳали бирорта платформада Афғонистон масаласи ҳал бўлгани йўқ. Шунинг учун ШҲТдаги мулоқот гуруҳи тикланса ҳам, унинг қанчалик самарали бўлиши савол остида.

Агар ШҲТ декларацияларига қарасак, Афғонистон ҳақида умумий фикрлар айтилади. Умумий позиция йўқ ташкилот доирасида бу бўйича. ШҲТни қўяйлик, МОда ягона позиция йўқ, масалан, Тожикистон ва Ўзбекистон позициялари бир хил эмас. Позициялар ҳар хил бўлиб ётган экан, мулоқот гуруҳи нима қилади? Якдиллик йўқ-да.

Камолиддин Раббимов: — Россия томони «Толибон» БМТнинг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиққани йўқ, шу сабаб ШҲТга қабул қилолмаймиз, деди. Ўзбекистон томони ташаббуси билан Афғонистон бўйича мулоқот гуруҳи тузилса, бундан 2 хулоса келиб чиқмайдими, яъни биз «Толибон»ни ШҲТга қабул қилишга тайёр эмасмиз, ШҲТдаги баъзи давлатлар бунга яширинча вето қўйиши мумкин ёки умумий вазиятдан келиб чиқиб қабул қилолмаймиз, шунинг учун бу бўйича алоҳида ишлайдиган мулоқот платформаси яратяпмиз, деган.

Фарҳод Толипов: — Аслида, шундай бўлиб ҳам келяпти. Давлатларнинг ҳозирги позициялари давом этаверади мулоқот гуруҳида ҳам, деб тахмин қилиш мумкин. Олдинги мулоқот гуруҳида салоҳият бўлганда ўшани ишга солмас эдими ўша вақтдаёқ. Ҳар ҳолда, мулоқот гуруҳи бўйича шундай мавҳумлик сақланиб қоляпти.

Афғонистон бўйича шахсий кузатувларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Афғонистон масаласи ечими жуда чуқур. Ечим фақат афғонларга, минтақа давлатларига боғлиқ эмас. Масала БМТ, АҚШ иштирокисиз ҳал бўлмаса керак, деб ўйлайман. Умуман, бу муаммо кенг, Туркия, ЕИ кабиларнинг ҳам ҳиссаси бўлиши керак.

Украина урушига ШҲТга аъзо иккита давлат, яъни Россия ва Беларус бевосита алоқадор. Уруш бошлангандан бери 3 марта ШҲТ саммити бўлди, шулардан бирортасининг декларациясида бу масала зикр этилмаган. Тўғри, Хитой томонидан позициялар билдирилган, лекин умумий ташкилот бўйича позиция бўлмаган. Яқин Шарқдаги ҳолат бўйича ҳам бирор бир жиддий ечим, таклифлар берилгани йўқ. Бу саммитда айрим фикрлар бўляпти, шу орқали ҳам ШҲТ ўзининг аксиламерика, аксилғарб ташкилот эканини яна бир намоён қилди билвосита бўлса ҳам, яъни Ғазодаги жиноятларни айтиш фонида. АҚШга нисбатан танқидий фикрлар билдирилгандек бўлди. Лекин барибир бу гаплар умумий, яхлит позиция билдириш, ечимлар кўрганимиз йўқ.

Камолиддин Раббимов: — Икки страндартлилик бор, демоқчисиз, менимча. Россия ШҲТ аъзоси бўлгани учун Украина масаласига тегилмаяпти, лекин Яқин Шарқдаги инқирознинг айбдори сифатида АҚШга тош отиш учун бу имкониятдан фойдаланиляпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ШҲТ нинг кенгайиши бу ташкилотнинг амалий эмас, декларатив характерини кучайтирадими?
ePN