Украина қўшинлари Россиянинг Курск вилоятини эгаллашга интилар экан, ўз навбатида, Россия ҳам Украина шаҳарларига ҳужумларни кучайтирмоқда. Хусусан, 3 сентябрь куни Россия ҳарбийлари Украинанинг Полтава шаҳрига, 4 сентябрь куни эса ғарбий вилоятлар Львов, Волин, Ривне ва Житомир шаҳарларига баллистик ракета орқали зарбалар берди. Шу билан бирга, Украина ҳукуматида раҳбарлар ўзгариши юз бермоқда. Хусусан, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ҳам лавозимидан озод қилинди.
Хўш, нега Россия Украина шаҳарларига ҳужумни кучайтирди? Нега Украина ҳукуматида ўзгаришлар содир бўлмоқда? Кузда фронтда қандай ўзгаришлар юз беради? “Дарё” ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул ва сиёсатшунос Ойбек Сирожов билан суҳбатлашди.
Иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг фикрича, Россиянинг Украина шаҳарларига фаол тарзда ҳужум уюштириши Украина қўшинларининг Курск вилоятини эгаллаб олиши билан боғлиқ эмас.
“Россия бутун ёз давомида фронтда фаол ҳужумлар уюштириб турди. Аслида Россия 2023 йилнинг октябрь ойида Очеретино, Тараск ва Покровск йўналиши бўйича ҳужум бошлаган эди. Мени назаримда, Россиянинг фаоллигини Курскка ҳужум билан боғлаш бир оз нотўғри. Чунки Курскка ҳужумдан олдин Россия қўшинларининг ҳужуми анча шиддатли эди. Лекин Украина қўшинларининг Курскка бостириб киришидан кўзланган мақсадларидан бири – Донбасс ва Запорожье фронтида Россия активлигини пасайтириш ҳамда бир қисм рус қўшинларни Курскка жалб қилиш эди.
Россия томонидан уюштирилаётган оммавий ракета зарбалари – Курск учун алам олиш бўлиши мумкин. Сабаби, ракета зарбалари асосан Украина шаҳарларига берилди. Аслида бу ракета зарбалари олдинроқ, Украина мустақиллик кунида берилиши режа қилинган. Лекин бу кунларда Киевга Ҳиндистон бош вазири ва Польша президенти ташриф буюргани учун ракета зарбалари кейинроқ амалга оширилди”, дея фикр билдирди эксперт.
Сиёсатшунос Ойбек Сирожовнинг таъкидлашича, ҳозир Украина, айниқса, Россия сулҳга тайёргарлик кўришни бошлаб юборган. Шу билан бирга, Курскка жавоб бўлиши учун Россия Украинага ҳужумларни кучайтирган.
“Назаримда, Украина қўшинларини Россиянинг Курск вилоятига бостириб кириши натижасида Россия фронт бўйлаб ҳужумларни кучайтирди. Бу йилда рус қўшинлари 35-40 километр олдинга силжий олди. Украина Курскка киргача, Россия бирданига фронтдан 15 километр ичкарига ёриб кирди.
Россия нима учун фаоллашгани ҳақида тўхталсак, айни дамда томонлар, айниқса, Россия сулҳга тайёргарлик кўришни бошлаган. 2023 йилнинг охирги ойларидан бошлаб Россия Украина шаҳарларига ракета зарбаларини камайтирган эди. Лекин Қатарда томонлар келиша олмагач ва Украина армияси Курскка бостириб кирганидан сўнг, Россия ҳужумларни кескин кучайтирди”, дейди сиёсатшунос.
2 сентябрь куни Ғарб тақдим этган F-16 самолётларидан бири ҳалокатга учради. Бу ҳалокатдан сўнг президент Владимир Зеленский Украина ҳаво кучлари қўмондонини ишдан бўшатди. “Дарё” экспертлари суҳбатда бу масалага ҳам тўхталиб, ўз фикрларини билдирди.
“Катта эҳтимол билан F-16 самолётини Украина кучларини ўзи уриб туширган. Самолёт қаерда ҳалокатга учради? F-16 Украинанинг ғарбий қисмида ҳалокатга учраган. Мисол учун, Россия С-300 ва С-400 ҳаво мудофаа тизими бундай узоқ масофага ракета ота олмайди. Агар Россия кучлари F-16 самолётини уриб туширганида, рус медиаси бу ҳақида жар солган бўларди.
F-16 самолётларидан фақатгина Курск йўналиши бўйича фойдаланилди. Россия Курск йўналишида 4 та самолёт ва 3 та вертолёт йўқотди. Бундан ташқари, Украина кучлари Россия ҳудудидаги 7 та аэродромни дронлар ёрдамида ўққа тутди. Бунинг натижасида 20 та рус ҳарбий самолёти йўқ қилинди. Тарозининг бир палласига битта F-16 самолётини, иккинчи палласига Россия йўқотган самолётларни қўйсак, булар ҳеч ҳам бир-бирига мутаносиб бўлмайди.
Катта эҳтимол билан октябрь ойининг охирида Ғарб томонидан Украинага 40-50 та F-16 самолётлари берилиши мумкин. Бу самолётларни нафақадаги Ғарб ҳарбий учувчилари бошқаради. Ҳозир учувчиларни топиш ҳаракатлари кетмоқда”, деди Шуҳрат Расул.
Сиёсатшунос Ойбек Сирожов эса Ғарб мамлакатлари Украинага F-16 самолётларини катта миқдорда бериш нияти йўқлигини таъкидлади.
“Шу вақтга қадар урушдаги ҳаво жангларида Россиянинг қўли баланд келаётган эди. Мана шу мувозанатни тенглаштириш учун Ғарб давлатлари Украинага F-16 самолётларини беришга қарор қилди. Аммо 2023 йилда АҚШ 100 та F-16 самолётини утилизация қилган. Яъни бутунлай йўқ қилинган. Агар АҚШни Украинага катта миқдорда F-16 самолётларини бериш нияти бўлганида, 100 та F-16 самолётини йўқ қилмасдан Украинага берган бўларди.
Бу ерда асосий масала – Ғарбни қанча миқдорда F-16 самолётларини беришида! Ҳарбий мутахассислар ҳозир Украина қўли баланд келиши учун камида 150-200 та F-16 кераклигини айтишмоқда. Лекин 150 та F-16 самолётига Украина қандай қилиб техник ёрдам кўрсатади? Масалан, Украинада F-16 ҳалокатга учраганидан кейин, АҚШ тақдим этилган учоқларга техник ёрдам кўрсатмаслигини маълум қилди. Аслида келишув бўйича, Америка техниклари Украинадаги самолётларга техник ёрдам кўрсатиши керак эди. Самолёт ҳар битта парвоздан кейин техник кўрикдан ўтиши зарур. Ҳозир бу иш билан Европа шуғулланмоқчи.
Шунингдек, ҳарбий учоқларни бошқариш учун учувчилар зарур. Лекин бугунги кунгача F-16 самолётини бошқара оладиган 20 та украин учувчиси тайёрланган. Ҳалокатга учраган F-16 ни энг моҳир деб эътироф этилган учувчи бошқарган эди. Лекин нима бўлди? Мана бу масала ҳам Ғарбни Украинага кўп миқдорда самолёт беришини чеклайди”, дея ўз фикрини билдирди сиёсатшунос.
Тhе Тime нашри Украинанинг Покровск шаҳридаги қуролли кучлари Россия армияси қуршовида қолиши мумкинлигини ёзди. Ҳарбий экспертлар ҳам Покровск шаҳрини руслар Бахмутдан кўра тезроқ эгаллашини тахмин қилди. “Дарё” билан суҳбат давомида Шуҳрат Расул бу масалага тўхталиб ўтиб, Ғарб матбуоти бундай хабарларни атайин Европа давлатлари Украинага кўпроқ ёрдам кўрсатиши учун эълон қилишини таъкидлади.
“2023 йилнинг куз ойида ҳам Ғарбнинг кўплаб обрўли нашрлари Украина фронтда курашни бой бераётгани ҳақида ёзганди. Бу Ғарб мамлакатларидаги ҳукуматларни Украинага кўпроқ ёрдам беришга ундаш учун чиқарилаётган хабарлар бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, Украина кучлари Россиянинг Курск ҳудудига бостириб кирганида, Ғарб нашрлари Украина бу ерларни ушлаб қолишига кучи етмаслиги ҳақида ёзди. Бундан мақсад – октябрь ойидан бошлаб Америка Конгрессида кейинги йил учун бюджет тақсимоти бўлиб ўтади. Ана шу жараёнда Украинага берилаётган ёрдамни кучайтириш. Бу сиёсат. Шунинг учун Тhе Тime нашрининг хабарларини рост экан деб қабул қилмаслигимиз керак”, деди Шуҳрат Расул.
Шунингдек, у Россия президенти Владимир Путин армия олдига жорий йилнинг октябрь ойигача Донбасс ва Луганск вилоятларини тўлиқ эгаллаш вазифасини қўйганини қўшимча қилди.
“2024 йилнинг март ойида Россия президенти армия олдига Донбасс ва Луганск вилоятларини тўлиқ эгаллаш вазифасини қўйган. Лекин Россия қўшинлари икки ярим йил ичида 42 километр олдинга силжий олди. Ҳали Донбасс вилоятининг 40 фоиз ҳудуди бор. Агар Россия Донбасс ва Луганск вилоятларини қўлга киритса, сулҳ тузишга ҳаракат бошлайди. Лекин ҳарбий жиҳатдан устунлик Украина томонда. Чунки Курск вилоятида Россиянинг 3 мингга яқин ҳарбийси қуршовда қолиб кетди. Бундан ташқари, Путин армия олдига 1 октябрь кунигача Покровск шаҳрини эгаллашни ҳамда Курскдан Украина кучларини ҳайдаб чиқаришни вазифа қилиб қўйган. Аммо катта эҳтимол билан бу 2 та вазифа бажарилмайди. Чунки Россия қўшинларида ресурс йўқ”, дея фикр билдирди иқтисодий таҳлилчи.
Фронтдаги уруш чизиқлари
Фото: “аиф.ru”
Суҳбатда қатнашаётган иккинчи эксперт Ойбек Сирожов Покровск шаҳри геостратегик муҳим ҳудуд эканлигини таъкидлаб, агар бу ҳудуд Украина қўлидан кетадиган бўлса, Угледардаги қўшинларга ҳарбий таъминот узилиб қолишини айтди.
“Покровск йўналишида 3 та ҳимоя чизиғи мавжуд эди. Биринчиси – Бахмут. Иккинчиси – Очеретино. Учинчиси – Покровск. Ҳозир Покровск атрофида ҳимоя чизиғи мавжуд эмас. Шу боисдан Россия қўшинлари Покровск шаҳрига ҳужум бошлагач, Украина президенти Владимир Зеленский Ғарб мамлакатларидан 28 та ҳимоя чизиғини чизадиган экскаватор сўради. Мана шу жиҳатдан Покровск хавфли ҳисобланади. Шу билан бирга, Покровск – Угледардаги Украина қўшинларини ҳарбий таъминот билан таъминлаб турадиган йўналиш. Агар Покровск қўлдан кетса, Угледаргача бўлган ҳудудлардаги Украина қўшинларига ҳарбий таъминот етказиш масаласи мураккаблашади. Шунингдек, агар Россия томонидан Покровск эгалланса, фронт иккига ажралади. Бу Украинага ноқулайлик туғдириши мумкин”, дейди Ойбек Сирожов.
Сентябрь ойининг бошида Украина ҳукуматида 6 нафар вазир истеъфога чиқди. Хусусан, Украина ташқи ишлар вазири Димитрй Кулеба ҳам ишдан бўшатилди. Шу билан бирга, Россия мудофаа вазирлигида бир қанча генераллар коррупция билан айбланиб, қамоққа олинди. “Дарё” суҳбат давомида экспертлардан Украина ҳукумати ва Россия мудофаа вазирлигида содир бўлаётган жараёнлар ҳақида сўради.
Полтава ҳарбий билим юртига берилган ракета зарбаси
Фото: “poltava-news.ru”
“Украина ҳукуматидаги ўзгаришлар унчалик янгилик эмас. Зеленский Дмитрий Кулеба ўз вазифаларни уддалай олмагани учун ишдан бўшатилганини парламентдаги чиқишида айтиб ўтди. Кулеба олдига Ғарбдан узоқ масофага уча оладиган ракеталарни олиш ва улардан Россия ҳудудига ҳужум қилишда фойдаланиш учун рухсат олиш вазифаси қўйилган эди.
Лекин бундан қизиқроқ воқеалар Россияда содир бўляпти. Бугунги кунда Россия мудофаа вазирлигида Сергей Шойгу (собиқ Россия мудофаа вазири)нинг 5 та ўринбосари қамоққа ташланди. Уларнинг барчаси армия генераллари. Сергей Шойгу мудофаа вазири бўлиб келганидан бери жами – 11 триллион рубль ўғирлангани аниқланди. Бу маблағни 2023 йилдаги доллар курси бўйича ҳисобласак, 24 миллиард доллар бўлади. Бу фантастик миқдордаги маблағ! Яъни охирги 10 йилда Россия армиясида мисли кўрилмаган ўғрилик содир этилган”, деди иқтисодий таҳлилчи. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди