22:05 / 31.10.2024
67

Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади

Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади
Дмитрий Ягодкин / ТАСС / Profimedia
Донецкдан ғарбдаги Селидове шаҳри эгалланганидан кейин Россия армияси Кураховони ўраб олиш бўйича амалиётга киришди — бу Украина қўшинининг Донбасс жанубий қисмидаги асосий логистик ҳаби ҳисобланади. РФ қуролли кучлари аллақачон механизациялашган колонна билан ушбу шаҳар шарқий чеккасига кириб келган, бу ҳужум давомида кўплаб техникалар бой берилган. Худди шу вақтда бошқа гуруҳлар Кураховога шимол (Селидове томондан) ва жанубдан (Вуҳледар орқали) ҳужум қилмоқда.

Украина мудофааси айниқса жанубдан қилинаётган ҳужум қаршисида ожиз кўринмоқда — Вуҳледардан тартибсиз чекинган ва эндиликда Курахово жанубини қўриқлаётган бригадалар ҳолдан тойган ҳолатда. Запорижжя областидан олиб келинган захира кучлар ҳам ёрдам бермаяпти. Бу вақтда эса Курск областида Украина қуролли кучлари Россия қўшинининг чегара бўйлаб Суджа томон юришини тўхтатишга муваффақ бўлган.

Курск области
Владимир Путин ўтган ҳафтада Курск областида икки минг украиналик ҳарбий хизматчи қуршовга тушиб қолгани ҳақида айтганди. Катта эҳтимол билан, у Коренево райони марказидан шимоли-ғарбдаги Олговка қишлоғидан чекиниб, Коренево — Суджа йўли ёқасидаги ўрмонзорга яширинган бир неча юз кишини назарда тутган.

Эълон қилинган видеоларга кўра, Украина қуролли кучлари Кореневодан Суджага олиб кетувчи йўл устидан назоратни бой берган бўлса ҳам, ҳеч қандай қуршов ҳолати йўқ: Малая Локнядан далалар ва жарликлар оралаб ўтувчи йўлни ҳамон Украина қуролли кучлари назорат қилмоқда.

Украина қўшини Олговка томон қарши ҳужум қилишга уринишларини давом эттирмоқда, бунда Покровск атрофидан олиб келинган ҳамда Abrams танклари ва Bradley зирҳли машиналари билан қуролланган 47-механизациялашган бригада баталёнлари жангга ташланмоқда. Аммо Новоивановка қишлоғи ва в Зелений Шлях хутори учун жанглардан кейин Россия қўшини ўз позицияларини сақлаб қолмоқда.

Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Курск областидаги плацдармига шарқдан ҳам ҳужум қилмоқда. Бир ҳафта олдин Суджадан жанубдаги Плехово қишлоғига зирҳли техникалар колоннаси билан юриш қилиш муваффақиятсизликка учраганди, энди эса РФ қуролли кучлари зирҳли техникалари украинлар шиддат билан ўққа тутганига қарамай, шаҳардан шарқдаги Русская Конопелкага бостириб киришган.

Россия юришининг асосий мақсади — Украина қуролли кучларининг Курск областидаги гуруҳига таъминот етказиб бериладиган, Сумидан Суджага олиб борувчи йўл ҳамда чегарадаги «Суджа» назорат-ўтказиш пунктидир. РФ қуролли кучлари бу мақсадга эришишдан ҳали анча узоқда: юриш аста-секинлик билан кечмоқда — Украина қуролли кучлари позицияларига сентябрдан буён ҳужум қилаётган Россия қўшини беш—етти километр масофани босиб ўтганидан кейин ҳар сафар пауза қилишга, артиллерия, фронт орти базалари ҳамда захира кучларни тортиб келишга мажбур бўлмоқда. Бу эса Украина қуролли кучлари Суджа атрофидаги мудофаа чизиғини яхшироқ ташкил этиш имконини беради, катта эҳтимол билан, улар бу ерда Россия кучларини ушлаб туришга ҳаракат қилади.

Селидове, Курахово ва Вуҳледар
Россия армия Покровск жанубидаги каттагина Селидове шаҳрини осонлик билан эгаллаб олди. Бунинг учун сўнгги ойлардаги стандарт оператив усул қўлланди: шаҳар уч томондан қуршаб олинди, унинг чеккаларидаги тепаликлар эгалланди, шундан кейин Украина бўлинмалари тўлиқ қуршовга тушмаслик учун позицияларини тарк этишди.

Селидоведан жануби-шарқдаги Горняк шаҳарчаси ҳам шу тарзда эгаллади. Энди Россия армияси деярли қуршов ҳолатидаги Кураховка посёлкаси ҳамда Селидове ва Курахово сув омбори оралиғидаги қишлоқларни штурм қилмоқда.

РФ қуролли кучлари яқин вақтлар ичида шимолдан кенг фронт бўйлаб Курахово сув омбори томон ҳаракатланиб, унинг ғарбий қисмидаги украин қўшинини чекинтириши кутилмоқда.

Сув омборидан кейин Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубий қисмидаги энг йирик транспорт ҳаби — Курахово шаҳри жойлашган. Россия қўшини аллақачон унинг шарқий чеккаларига етиб келган, аммо шаҳар «рўпарадан» штурм қилиниши даргумон.

Катта эҳтимол билан, шаҳар шимол (сув омборининг ғарбий чеккасига етиб бориш билан), шарқ ва жанубдан ўраб олинади — Кураховога жанубдан Россиянинг яқинда Вуҳледарни эгаллаб олган Шарқий ҳарбий округига мансуб йирик қўшини жадал ҳаракатланмоқда.

Вуҳледар эгаллангач, фронтнинг жанубий участкасида бир неча ҳафталик сукунат ҳукм сурди. Аммо октябр ойи охирида РФ қуролли кучлари янгидан кучли юриш бошлади. Россия бўлинмалари шимолга, Курахово томонга уч гуруҳга бўлиниб ҳаракатланмоқда. Йўл-йўлакай Вуҳледар бой берилганидан кейин Украина баталёнлари чекинган қишлоқлар ҳам эгалланди: Шахтерске ва Богоявленка. Бунинг ортидан Шахтерскедан шимолдаги Ясная Поляна қишлоғи мудофааси ҳам қулади. Богоявленка ва Шахтерске оралиғидаги Новоукраинка учун жанглар давом этмоқда. Умуман олганда, рус қўшини шимол томон саккиз-тўққиз километр илгарилаган.

Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Шахтерске мудофааси учун Запорижжя атрофидан 128-тоғ-штурм бригадаси бўлинмаларини олиб келган, аммо улар ҳозирча Россия юришини тўхтата олмаяпти.

Курахово бой берилиши билан амалда Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубида Велика Новосилкадан Селидовега қадар ҳудуддаги қаршилигига бутунлай барҳам берилади.

Часив Яр
РФ қуролли кучлари бир неча ой олдинроқ Часив Яр яқинидан ўтган Северский Донец — Донбасс каналини кечиб ўтганди. Аммо шаҳар чеккасидаги бинолар оралаб ҳаракатланиш ҳаддан ташқари секин бўлди: сўнгги ойларда Россия қўшини шаҳар шарқидаги фақат бир неча кўчани эгаллай олди.

20 октябрда РФ қуролли кучлари кутилмаганда канал орқали Часив Яр жанубига ўтиб, унинг жанубий чеккаларини эгаллади. Энди Украинанинг Часив Ярдаги гуруҳи таъминоти амалга ошириладиган, Торецк ва Константиновкага олиб бориладиган асосий йўллар хавф остида қолган.

Купянск ва Сватове
РФ қуролли кучлари бир неча ой давом этган «судралувчи» юришдан кейин бу амалиётнинг биринчи галдаги вазифасини ҳал қилиб, Оскол дарёсига етиб келди, ушбу дарё ёқалаб Украинанинг Купянскнинг шарқий соҳилидаги қисмидаги қўшинини Боровая посёлкаси билан боғловчи таъминот йўли ўтган.

Бу муҳим йўл ҳисобланади, чунки Россия авиацияси мунтазам равишда Оскол орқали ўтувчи кечув мосламаларини яксон этади — бу эса Украина қуролли кучларини таъминотни ва қўшимча кучлар етказиб беришни шарқий соҳил бўйлаб амалга оширишга мажбур қилади.

Энди РФ қуролли кучлари кейинги вазифани ҳал қилиш имкониятига эга: Купянскка уч йўналишда ҳужум қилиш ва дарё бўйлаб жанубга, Боровая томон ҳаракатланиш. Оскол дарёсини кечиб ўтишга ҳам уриниб кўриш мумкин.

Ҳозирча Россия қўшини Оскол соҳилидаги Колесниковка ва Кругляковка қишлоқларидаги плацдармни кенгайтириш билан машғул.


Фронтдаги вазият, Россия, Украина, Курахово Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади