date
views 352

Россия нега Сурияни бой берди? Асад режими қулашининг асосий сабаблари...

Россия нега Сурияни бой берди? Асад режими қулашининг асосий сабаблари...
Фото: Михаил Климентьев / РИА Новости
8 декабрга ўтар кечаси Сурияда Башар Асад режими қулади. Мухолифат байрам қилаётган бир пайтда Асад оиласи билан Москвага қочди ва бошпана олди. Берлиннинг Россия ва Евросиёни ўрганувчи Карнеги марказининг катта илмий ходими Александр Баунов Путин шу қадар Украинага ўралашиб қолгани ва Сурия йўқотилишини бамайлихотир қабул қилаётганини тушунтириб берди.

Асад режими қулаши – бошланганига 10 йилдан ортиқ вақт ўтган «араб баҳори»ни якунлаб берди. Агар Асад Ибн Али (Тунис), Ҳусний Муборак (Миср) ва Муаммар Қаззофий (Ливия) билан бирга ютқазганида бу унинг ўз режими ожизлигини кўрсатган бўларди. Лекин у Россия Эрон билан бирга ғарб ҳукуматларининг хоҳишига қарши ўлароқ, унга ҳокимиятини сақлашга ёрдам берганидан сўнг маълум вақт ўтиб барибир қулади. Бундай кечиккан таназзул Россия ва Эроннинг заифлиги сифатида қабул қилинмаслиги мумкин эмас.

Путинда ҳам энди ўз «Афғонистони» бор, аммо уни қўрқитадиган кўринишда эмас. 2015 йилда у ўз қўшинларини Сурияга юбораётганда, унга бутун сунний олами билан душманчилик ва совет иттифоқининг Афғонистондаги тажрибасини такрорлаш хавфи айтилган эди — СССР Афғонистонда ўралашиб қолган, одамларини йўқотган ва охир-оқибат ўзи ҳам заифлашган эди. Аммо Сурия Россия учун кўпроқ Америка Афғонистонига ўхшаш бўлиб чиқди. Аввал тезкор ҳарбий зафарга эришилди, қўллаб-қувватланаётган режим мустаҳкамланди, кейинроқ унинг армияси тезда парчаланиб кетди. Россия Асад учун йиллар давомида эгаллаб ва сақлаб келган нарсаларни у бир саноқли кунлар ичида йўқотди.

Байденнинг Афғонистони билан боғлиқ ўхшашликлар — гарчи АҚШнинг у ердан чиқиши аввалдан эълон қилинган бўлса-да — Кремл учун жуда ёқимсиз бўлиши керак. Сўнгги йилларда Кобулдан келаётган тасвирлар Америка учун нохуш қиёслашлар, ҳатто қўпол ҳазилларга сабаб бўлаётган, ундан-да ёмони, Украинага қарши ҳаракатларга ўтиш учун имконият яратган эди. АҚШнинг Афғонистондаги ошкора муваффақиятсизлиги Россия раҳбариятида америкаликлар заиф ва иродасиз, деган фикрни пайдо қилди, улар жанг қилиш ўрнига Киевдан ўз иттифоқчиларини эвакуация қилишни афзал билади, деган хулосага келишга сабаб бўлди. Энди Кремл тушуниб етмоқдаки, янги Америка маъмурияти русларнинг «қўрқитиш стратегияси барбод бўлгани»ни кузатмоқда ва хулоса чиқармоқда. Худди шу тарзда, уларнинг ортидан бу жараённи кўп қутблиликнинг россияча версиясига қўшилган ҳукуматлар ҳамда глобал миқёсдаги кўпчилик ҳам кузатмоқда.

Башарга ишонган Россия

Суриядаги иттифоқчи режим қулаши — Владимир Путиннинг Украинадаги диққат-эътиборининг рационал сиёсий меъёри ошиқча, тўғрироғи, ҳаддан зиёд эканининг яққол намунасидир. Бунинг учун у ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёр, ҳаттоки ўзининг аввалги муваффақиятларини ҳам. Гарчи Россия режими раҳбарияти ўзларини мудом совуққон реалистлар сифатида тақдим этишга интилиб келишаётган бўлса ҳам, Кремлда реал сиёсат ўрнини аллақачон геосиёсат эгаллаган, уни эса, ўз навбатида, Украина йўналишидаги сиёсат.

Сўнгги йиллардаги энг йирик ҳарбий-сиёсий ютуқ йўқотилди. Россия з тарихидаги узоқ хориждаги куч аралашув билан эришган ягона муваффақиятидан айрилди. У яна жон-жаҳди билан ўзининг собиқ чегаралари атрофида, жаҳон савдо йўлларидан йироқда курашаётган давлатга айланди, афтидан, Кремлда бу ҳол ҳеч кимни ташвишлантирмаяпти. Фақат жаҳонни бўлиб олиш ва рус қуроли шуҳратига қайғурадиган ҳарбий блогерларгина ташвишда ва хафа. Чунки Палмирани сақлаб қолиш, Москвага тарихан дўстона ҳукуматни ва Шарқ насронийларини қутқариш, рангли инқилобларни тўхтатиш, рус қуроли билан жаҳондаги барча террорчиларни йўқ қилиш устига дабдабали пропагандистик кампаниялар, парадлар ва концертлар уюштирилган эди. Маълум бўлишича, ташлаб кетилмайдиган ўзиникилар ва ташлаб кетса бўладиган бегона ўзиникилар бор экан. Энди улар орасидаги чегара қаердан ўтади?

Т-55 танки Суриядан бошқа ўлжалар билан бирга Ғалаба кунигача пойтахтга етиб келиши учун Москва—Владивосток—Москва йўналиши бўйлаб отланмоқда. 2019 йил 23 феврали. Фото: Александр Земляниченко / AP
Ҳозирги Путин Украинага диққат-эътиборини шу қадар жамлаганки, ўз чегараларидан узоқдаги яккаю-ягона ҳарбий-сиёсий муваффақитга ҳам бепарволигича қолмоқда. Келиб чиқишидан локал можаро ҳисобланадиган Украинадаги уруш барчасини четга суриб, глобал миқёсдаги урушга айланди. Сурия муҳим эмас, ҳеч нарса муҳим эмас, чунки барчаси, жумладан, Россиянинг тақдири Херсон ва Вовчанск остоналарида ҳал бўлмоқда.

Расмий спикерлар эса буларнинг барчаси бошлиқнинг ваколатида эканини англаганча, сукут сақлашмоқда. Натижада, Россия азалдан ва чуқур алоқадор бўлган жаҳондаги муҳим бир воқеа изоҳсиз қолмоқда. Ҳаттоки Эрон содир бўлган воқеаларга нисбатан ўз тахминларини илгари сураётган бир пайтда, Россиянинг ўнғайсиз паузаси Пригожин исёни кунидагидек, тайёргарлик ва ишонч йўқлиги таассуротини уйғотмоқда.

Украина урушига тикилган дов шу қадар юқорики, бу Россиянинг тарихий реванши, унинг zeroʼси, бор ёки йўқ бўлишидек кўринмоқда. Украина урушидаги потенциал ғалаба глобал кўпчиликнинг эски жаҳон элитасига қарши курашдаги зафари сифатида тақдим этилади: шундан сўнг Сурия ҳам, Гуржистон ҳам, умуман истаган нарса бўлади, дейилаётганди. Энди эса, Суриядаги қулашдан сўнг Украинада ғалаба қозонишдан ўзга чора йўқ. Шу сабабли, Суриядан қочиш Украина учун тўғридан тўғри енгиллик бўла олмайди.

Россия ғалабаси образи ҳамон жуда шувашган ҳолда тақдим этилмоқда, шу сабабли Украинадаги жуда чекланган ва локал муваффақият ҳам узоқ кутилган ва умумқамровли сифатида тақдим этилиши мумкин. Лекин фақат ички аудитория учун. Жаҳоннинг кўпчилик давлатларини ўз аҳолисини ишонтиргани каби осонгина ишонтириш қийин, айниқса Дамашқ қўлдан бой берилгач. Ўз чегараларидан узоқда ҳам кучли эканини яна исботлашга тўғри келади.

Сурия Украинаси

Россиянинг Сурияга ҳарбий интервенцияси сюжети аввал бошдан Украинаники билан боғлиқ эди. «Араб баҳори» Россияда Киевдаги Майданнинг давоми, яъни Россия режимини ўзгартириш репитицияси сифатида тақдим этиб келинган. «Араб баҳори»ни куч билан тўхтатиш — хавф ҳали узоқдалигида бундай сценарийга тўсиқ қўйиш янглиғ эди.

Путиннинг худди қилич ютгандек камгап, ҳиссиётлардан холи Асад билан учрашувлари доим совуққина ўтган. Путиннинг кўпгина ғарб етакчилари, жумладан, об-ҳаводек ўзгариб турадиган Эрдўған билан учрашувлари ҳам илиқроқ ўтарди. Бу ўзининг дўстига ёрдам эмас, соф геосиёсий бизнес — Ғарбга ёқмаган режимларни ўзгартириш тўлқинини тўхтатишга уриниш, Сурияда ҳам Ливиядагидек бўлишига йўл қўймаслик эди. Қаззофий учун, сал кейинроқ Янукович учун ўч олиш эди.

Қаззофий ва Янукович тақдири алал-оқибатда Россия режими етиб келган шакл учун ниҳоятда муҳим. Қаззофий ядровий дастурдан воз кечди, терактда айбланаётганларни ғарбга ушлаб берди, теракт қурбонлари учун тўлов қилди ва мамлакатга хорижий компанияларни киритди. Лекин дастлабки жиддий қийинчиликлар чоғида уни ўлдиришга қўйиб беришди. Януковични эса мухолифат ва уларнинг ғарбдаги иттифоқчилари билан сулҳ шартномаси имзолагани ҳамоно ағдаришди. Унинг қочишини шарҳлар экан, Путин бир неча бор уни ўлдирмоқчи бўлишганини, Ғарб эса буни индамай қабул қилганини айтган. Ғарб билан муносабатларда бир неча бор иккиланган Россия етакчилари бундай ҳолатларни ўз танасида синаб кўрган. Қаззофий ва Янукович тақдири совет иттифоқи тарқалиши билан боғлиқ ҳолатдан ҳам кўра принципсиз ва айёрона кўринган. Асадни ҳимоялашда Медведев қўли билан Ливия умумий душманга топширилгани учун айбни ювиш туси ҳам бор эди.

Шу сабабли Сурияга ёрдам ҳам бирданига эмас, 2014 йилда — Украина ютқаза бошлагач (унинг айрим ҳудудлари эгалланганидан сўнг) кела бошлаган, Асад эса Москванинг хоҳишларига терс ўлароқ Януковичда бўлмаган мухолифатга нисбатан қаршилик ва шафқатсизликка ирода намойиш этди. Кейинроқ Лукашенко ана шундай сифатларни намоён этди ва Кремлдаги иккиланишларга чек қўйди.

Россия қўшинлари Сурияга жўнатилиши ва Украинадаги воқеалар дебочаси ўртасида яна бир бошқа, жиддийроқ сабаб ҳам бор эди. 2014 йилда ядровий барқудрат давлат томонидан ўзи халқаро чегараларини тан олган қўшни давлат ерлари аннексия қилиниши, ўзга давлат ҳудудига шошилинч тайёргарликдан ўтган ва ҳеч нарса билан маскировка қилинмаган қўшинларини жўнатиши, учинчи давлат фуқаролик самолёти жанговар ракета билан уриб туширилиши, санкциялар ва аксилсанкциялар — буларнинг барчаси Россияни ташқи сиёсий меъёр соҳасидан, одатий ва хатти-ҳаракатларини олдиндан айтса бўладиган давлатлар доирасидан чиқарди.

Гарчи Путин ғарблик етакчилар билан Минск музокараларида бирга ўтирган, улар билан Норманд форматларида қатнашган, «йигирматалик» йиғилишларига келган бўлса-да, Россия ғарб йўналишида мисли кўрилмаган изоляцияга тушиб қолди, шарқ ва жануб эса унга бир нарсани кутгандек таажжуб билан тикилиб турарди. Қрим аннексия қилингач, Россия зудлик билан «катта саккизлик»дан тепилди. Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтган «йигирматалик» йиғилишига бора туриб, қўллов истаб Хитойга кириб ўтди, кейин барибир Брисбендан эртароқ кетишга мажбур бўлди — чунки у ерда яккаланиб қолганди. Ўшанда Россия дипломатияси ҳозирга келиб асосийга айланган вазифасига киришди — Россия ҳеч қанақасига изоляцияда эмаслиги, ҳеч ким ундан юз ўгирмагани, ҳаммаси авввалгидек, ҳаттоки яхшироқ эканини исботлаш билан машғул.

Ғарб билан муносабатларда «катта саккизлик»нинг кенг кун тартиби муҳокамасидан локал можаро мавзусигача тушиш – Москва учун тор ва ноқулай йўл, глобал элита сафидан чиқиб, исталмас давлат роли эса – унинг учун хос эмасди. Сурияга қўшин жўнатиш расмий Москвага Украина саҳифасини ёпиб, Ғарб билан муносабатларни «Қрим—Донбасс—Боинг» тор коридоридан доирасидан кенгроқ майдонга олиб чиқиш имкониятини тақдим этди.

2015 йилда Сурияда Путин Ғарбни умумий душманга қарши урушда қатнашиш факти билан юзма-юз қилди. Иттифоқчиликни таклиф этиш ва шу орқали яқинлашиш тактикаси, аввалдан Путиннинг ўзи томонидан — у 11 сентябр терактларида Бушга энг биринчилардан бўлиб ҳамдардлик билдирган чоғларда танланган. Душманнинг умумийлиги ўхшашлик доирасида, институтлар ва қадриятлар базасида эмас, худди иккинчи жаҳон уруши давридаги — ҳар бир томон иттифоқчини у хоҳ мустамлакачи империя, хоҳ доҳий етакчилик қилаётган тоталитар репрессив диктатура бўлсин, боридек қабул қилишга тайёр бўлган даврлардагидек яқинлашув доирасини яратарди.

Ҳарбий хизматчилар Суриянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Россиянинг Ҳмаймим авиабазасида. 2015 йил 16 декабр.
Фото: Paul Gypteau / AFP

Айнан шундай иттифоқчилик Сталин СССРига ғарб барқудрат давлатлари билан дунёни бўлиб олишга йўл очган ва Москва геосиёсий чўққига чиқиши учун дебоча бўлган. Замонавий Россия қандайдир йўл билан уни такрорламоқчи бўлди. Умумий душман сифатида Путин Ғарбга энг аввало диндорларни — чечен жангарилари ва толиблардан тортиб, «Ал-Қоида» ва ИШИДгача, шунингдек, Сомали қароқчилари, иқлимий таҳдидлар ва ҳаттоки ковидни таклиф қилиб кўрди. Барбод бўлишга маҳкум бўлган Шарқий Европада нацизмни реабилитация қилишга биргаликда қарши курашишга ҳам уриниб кўриш бўлди.

Сурияда эса Россиянинг умумий кураш таклифи қисман ишлади. Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки бу фуқаролик урушининг бошқа ташқи қатнашчиларига нисбатан кечроқ бошланди ва формал жиҳатдан ИШИДга қарши қаратилган эди, шу сабабли Россия интервенцияси Асад кимёвий қуроллардан фойдаланганликда, Россия авиацияси эса Ҳалаб шаҳрини тартибсиз бомбалаганликда айбланганидан сўнг ҳам янги санкциялар учун сабаб бўла олмади.

Ғарб Россиядан иттифоқчилик тўғрисидаги таклифни қабул қилмади, бироқ умумий ёки кесишаётган душманга қарши курашаётганлик факти қабул қилинди: ҳарбий каналлар бўйича биргаликда ҳаракат йўлга қўйилди, глобал даражада Россия фақат Украинадаги уруш мавзусида гапириладиган давлат бўлмай қолди. Хуллас, 2014 йилда торайган рамкаларни кенгайтиришга муваффақ бўлинди.

Сурияга қўшин жўнатиб, Путин учта масалани ечаётганди: Қримдан кейинги изоляциядан сўнг кўзланаётган глобал даражага чиқиш, СССР тарқалгач Москва ўз таъсирини йўқотган Яқин Шарққа қайтиш ва Россияни жаҳон харитасида режим алмаштирилишини тўхтатувчи ва ўз иттифоқчисини жаҳоннинг исталган нуқтасида қўллаб-қувватлай оладиган куч сифатида тақдим этиш.

Россия ҳарбийлари Сурия шимолидаги Амуда шаҳрида патруллик қилмоқда. 2019 йил 24 октябр. Фото: Baderkhan Ahmad / AP
Сурияга интервенцияга қўшимча равишда Россия ўзи учун анъанавий бўлган, Европанинг бошқа ҳукуматлари воз кечган, шарқ насронийлари ҳимоячиси ролини ўзига қайтараётганди. 2012 йилда Кремлга қайтгач, Путин ўз Россиясини ички ва ташқи бозорда Европадаги насроний қадриятларининг сўнгги яловбардори сифатида сота бошлади, шу сабабли «исломчилардан насронийларни асраш» роли унга жуда зарур бўлди. Бу ролни ҳаттоки Рим папаси Франциск ҳам қисман эътироф этди.

Асадни қўллаб-қувватлаш замирида Россия аввал ҳеч кузатилмаган тарзда Эрон билан яқинлашди ва аҳён-аҳёнда Туркия билан жанжаллашиб турди: савдо санкциялари қўллаш, элчи ўлдирилиши ва туркларнинг рус ҳарбий самолётини уриб тушириши каби воқеалар тўлқинида. Лекин кўплаб прогнозларга терс ўлароқ, Россия Сурияга Асад томонда туриб кириб келиши минтақанинг сунний давлатлари билан можарога сабаб бўлмади. Туркия билан муносабатлардаги шўнғишлар юқорилаш билан ўрин алмашиб турди, Кўрфаз монархиялари билан муносабатларда эса шарқда кучни ҳурмат қилишаркан, деган тезис мустаҳкамланди. Энди эса, Сурияга тикилган дов қўлдан кетгач, Москва у ердагилар ожизликни нечоғлик ҳурмат қилишини ҳам текшириб кўришига тўғри келади.

Таклифлар тақчиллиги

Гарчи бу термин нисбатан янги бўлса-да, Глобал жануб билан муносабатлар 2022 йилгача Россиянинг Суриядаги муваффақиятларига асосланиб қурилган эди. Жумладан, «Москва ўзига дўстона режимни ҳимоялай олади», деган қараш билан.

Совет давридан буён ўз ҳудудидан ташқарида куч проекциясининг биринчи ва муваффақияти Глобал Жануб давлатларида ҳам сезилмасдан қолмаганди. Россия ҳамон инвестор ёки ишлаб чиқариш ва технология экспортчиси сифатида ишончли кўринмасди, агар ҳарбий, энергетика ва ядровий технологияларнинг кичикроқ тўплами ҳисобга олинмаса. Лекин у ўз қуролли кучлари билан расман, шунингдек, хусусий ҳарбий компаниялар кўринишида норасмий равишда ўзини оғир вазнли хавфсизлик экспортчиси сифатида тақдим эта олди.

Айнан шунинг учун Асад режими қулаши Россия учун жуда оғриқли. Хавфсизлик экспорти ва иттифоқчилар манфаати учун қуролли кучлар Яқин Шарқ ёки Африкада ундан сўраладиган кам сонли товарлардан бири эди. Боз устига, бу экспорт кўпинча Суриядаги Россия базаларига таянарди, энди уларнинг тақдири номаълум, худди Москванинг Африкадаги ишлари логистикаси ҳам номаълум қолиб кетгани каби.

Асад режими таназзули Россия таклифининг бир томонлама эканига тўғридан тўғри боғлиқ. Башар Асад ўз карьерасини сиёсий ва иқтисодий ислоҳотчи сифатида бошлаган, мамлакатини ғарб капиталлари ва инвестициялари учун очган, Россия уларнинг ўрнини боса олмади ва иқтисодий ривожланишни етказиб берувчи ролини барбод қилди.

Сурия армиясининг ҳарбий жиҳатдан мағлубияти рўйхати жуда мантиқли кўринади. Россия Украина билан урушга тўлиқ шўнғиб кетгани учун Асадга аввалгидек ҳарбий ёрдам кўрсата олмади. «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан урушда яраланди. Суриянинг Идлиб вилоятидаги Асадга қарши кучлар тинчлик давридан қайта қуролланиш ва тайёргарлик кўриш учун фойдаланди, жумладан дронларни қўллашни ўрганишди.

Лекин кўпгина ҳолатларда Сурия армияси жангни ютқазмаган, шунчаки жангни қабул қилмагани кўриниб турибди. Яъни, мағлубият сабаблари жанговар тайёргарлик эмас, сиёсий. Эҳтимол шу сабабли Эрон ўз иттифоқчисига қуруқликдаги қўшинларни ёрдамга жўнатишга шошмади. Теҳрон ёрдам учун зарур қатъият йўқлигига гувоҳ бўлди. Зеро, иттифоқчи билан биргаликда жанг қилиш мумкин, бироқ, унинг ўрнига жанг қилиб бўлмайди.

Суриядаги воқеалар Россиянинг Глобал Жануб давлатлари билан муносабатларидаги асосий муаммони юзага чиқарди. Россиянинг таклифлари фақат хавфсизлик соҳаси билан чекланган, бироқ ҳаттоки шу экспорт ресурси ҳам етарли эмас экан. Масалан, Россия бир вақтнинг ўзида иккита фронда самарали ҳаракат қила олмаслиги ойдинлашди.

Бироқ, энг асосийси — Россия дўстона давлатнинг ҳудудларини куч ишлатиб сиёсий назорат қайтариб олиб бера олиши мумкин, лекин ҳаёт ва ривожланиш учун ҳеч нарса қилиб беролмайди. Эрон ва Россия биргаликда жанг қилиб қайтариб олинган олинган ҳудудларда маҳаллий аҳолини Дамашқ назоратига қайтганидан хурсанд қила олувчи ҳеч нарса рўй бергани йўқ. Ҳукумат ва алоҳида жамоатчилик бинолари қайта тикланиши, ҳарбий шаҳарчалар қурилиши қудратга тўла коррупциялашган кучишлатарлар босими билан гуманитар фалокат ёқасида қолган миллионлаб инсонлар ҳаёти умумий манзарасини ўзгартира олгани йўқ.

Сурия фуқаролик уруши бошланиши ҳамоно ўзи қулаган иқтисодий жарликдан чиқиб кетолмади, гарчи бунда фақат ҳукуматнинг айби бўлмаса ҳам. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 3000 доллардан 1000 доллардан ҳам пастроққа тушди, анча вақт шу рақам атрофида тебраниб туриб, ковид эпидемиясидан сўнг 500 долларгача шўнғиди. Иқтисодий ўсиш ҳам шу аҳволда — фуқаролик урушининг дастлабки йилларида таназзул 50 фоизни ташкил этган, сўнгра кичикроқ ўсишлар рўй бериб, улар кейинги йилллардаги таназзуллар билан йўқ қилинган, 2020 йилдан сўнг фалокатли тарзда пастга шўнғиш рўй берган.

Туркия шафелиги остида гуруҳлар томонидан бошқарилиб келган Идлиб вилоятидаги ҳаёт расмий ҳукумат назорати остидаги ҳудудларга нисбатан анча яхшироқ эди. Идлибда электр таъминоти, бензин ва сув бор эди, озиқ-овқатлар билан боғлиқ муамолар йўқ эди. Албатта, Идлиб Ҳалабдек вайрон бўлмаган, аҳолиси ҳам «Катта Сурия»га нисбатан каррасига камроқ, Туркия ҳам ундан витрина ясашга уриниб келган, бироқ бу фарқни сурияликлар пайқамаслиги мумкин эмасди.

Суриялик аёл Ҳалабнинг эски шаҳар қисмига қараб турибди. 2019 йилнинг 13 апрели. Фото: Omar Sanadiki / Reuters
Туркия Идлибни ривожлантирар экан, Ҳалабда турғунлик ва коррупция ҳукмрон эди. Россиянинг расмий Сурия билан товар айланмаси Туркиянинг Асад рақиблари назорати остидаги ҳудудлар билан айланмасидан ҳам пастроқ эди. Ҳаттоки Путиннинг 2021 йилги ғалаба нутқида 203 млн доллардек арзимас сумма тилга олинган.

Россия ёки Эрон ўз иттифоқчиларининг иқтисодий ўсиши учун ҳаракатга келтирувчи куч бўлиб бера олмагани етмаганидек, бунга бошқаларни ҳам жалб қила олишмади. Кўрфаз давлатлари, Ҳиндистон ёки Хитой каби давлатларнинг инвесторлари Россия ёки Эрон хавфсизлик кафолати остида Сурияга киришни исташмади.

Ўз навбатида, сунний исломий кучлар ўз хатоларини тўғрилаш учун маълум бир ишларни амалга оширишди. Бу гуруҳлар Суриянинг алавийлар ва насронийлардан иборат аҳолиси билан муносабатларда ўзларини ИШИДга нисбатан яхшироқ тутишмасди. Кўп конфессияли Дамашқ, Ҳомснинг алавийлардан иборат этник озчилиги ва Ўрта Ер денгизи соҳилидагилар бундай ҳолатда алавий Асаднинг полицияча, бироқ дунёвий диктатурасини маъқул кўришарди. Энди эса мухолифатчилар диний озчиликлар вакилларини тинчлантиришмоқда ва черковларни ҳам қўриқлашмоқда.

Бундан нима келиб чиқиши ҳозирча маълум эмас. Кремл пропагандаси исломий Эронни диний муштараклик ва конфессиялараро тинчлик намунаси сифатида келтирмоқда, жумладан, маҳаллий насронийлар учун ҳам. Масалан, Москвада ҳам, Ғарбда ҳам айни пайтдаги толиблар аввалгиларининг замонавийлашган версияси эканини тан олишади.

Дурбинларни тозалаш

Асад режими қулаши ёки Россия Ўрта Ер денгизидаги базаларини йўқотиши мамлакат учун қайғули, лекин ҳалокатли бўлмайди. Россия ўз тарихида ҳарбий иттифоқларини, дунё бўйлаб қатор базалари ва иттифоқчиларини, шунингдек, ўз ҳудудларининг катта қисмини йўқотган ҳолда ҳам омон қолган. Путин айни пайтда Украина билан машғул, Россия раҳбарияти учун эса Суриядаги ғалабалар ўтмишга айланган, айниқса, фавқулодда эркатойликни тарк этган Шойгу, Суровикин ва йўқ қилинган Пригожин билан бирга.

Россия фуқаролари Сурия экспедициясига доимо эҳтиёткор ва бепарво муносабатда бўлишган. Сурияга интервенция ҳақидаги хабарлар Россия махсус ҳарбий амалиётидан ғалаба кутувчи кайфиятни шакллантиришга ёрдам берди. Бу юқори технологияли ғалаба қаердадир узоқда рўй бериши, фахрланиш учун сабаб бўлиши керак эди, қурбонлар ёки ҳаваскорларнинг иштироки талаб қилинмас эди гўё. Аслида, ҳаммаси тескари бўлиб чиққанда, узоқ Суриядаги ютуқлар Украина урушидаги аччиқ ҳақиқатга ёқимсиз контраст бўлиб қолди ва яқингинада зарур бўлган кучларнинг узоқда ушлаб турилишига нисбатан эслатмага айланди.

Бироқ ташқи дунёдаги профессионал кузатувчилар ва маҳаллий элита Россия махсус хизматларининг яна бир муваффақиятсизлигини қайд этишади: аввалига Украина қаршилик кўрсатишга тайёр экани уларни ҳайратда қолдирди, сўнгра Пригожиннинг исёни, ундан кейин Курск областига ҳужум ва энди Сурия тезда қўлдан бой берилиши. Ҳолбуки, ҳозирги Россия турли соҳаларда махсус хизматларнинг бевосита иштироки билан бошқарилмоқда. Агар улар бу соҳаларда ҳам худди шундай самарасиз бўлса-чи?

Россия, Эрон ва Глобал Жанубнинг бошқа қатор давлатлари ҳукуматлари Америка ҳарбий интервенцияларини, узоқдан келган, маҳаллий нозик масалалардан хабари йўқ саводсиз босқинчилар дея айблаб, шу сабабли келган жойларида барқарор режимлар ёки самарали кучишлатар тузилмалар тузолмайди, дейишган. Аммо Яқин Шарқда анъанавий ролга эга Россия ёки Эрон каби минтақавий нозик масалаларнида чуқур тушунадиган давлатлар ҳам бу борада шундай муваффақиятсиз экани аён бўлмоқда.

Россиянинг Украина билан урушга ўта диққат жамлаши Путин ва Россия аҳолисига Сурия кампанияси билан боғлиқ кўплаб нохуш саволлардан четлаб ўтишга ёрдам беради: сарфланган ресурслардан тортиб, гўёки Яқин Шарқда қўлга киритилган жанговар тажрибагача. Агар дунё тақдири Дон ва Днипро дарёлари ўртасида ҳал бўлаётган бўлса, демак, Суриянинг келажаги ҳам ўша ерда ҳал бўлади. Аммо Россияда бу қараш қабул қилинса, Глобал Жануб давлатларини бу фикрга ишонтириш қийин. Улар учун Украинадаги уруш узоқдаги европача можаро, унга «алоҳида аҳамиятга эга бўлмаган», деб қарашга ўрганиб қолган. Шу сабаб улар санкцияларга қўшилмаяпти ва можаро томонларидан бирининг тарафига ўтишмаяпти.

Россиянинг Суриядаги иттифоқчиси бу қадар тез қулаши Глобал Жануб мамлакатларини ўз дурбини кўзини артишга мажбур қилмоқда. Дамашқ маҳв этилишига Марказий Осиё ҳукмдорлари кўзи билан ҳам қараш етарли, чунки бу ерда ҳам Россия ўзини сиёсий барқарорликнинг ўзгармас кафолати сифатида тақдим этади. Бу ўзгариш нечоғлик узоқ муддатли ва ортга қайтмас эканини айтиш ҳозирча қийин, аммо бу Россия Украинага босқин қилиш билан сингдирмоқчи бўлган йўналишнинг ғирт тескарисидир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия нега Сурияни бой берди? Асад режими қулашининг асосий сабаблари...