13:32 / 16.01.2025
84

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув нималардан иборат?

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув нималардан иборат?
Фото: AP Photo
Исроил ва ҲАМАС ҳаракати 460 кундан ортиқ давом этган урушдан сўнг ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Мазкур келишув нималарни ўз ичига олишини кўриб чиқамиз.

Қатар бош вазири шайх Муҳаммад ал-Танига кўра, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим 19 январь куни кучга киради. Томонлар ўртасида битимни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда. Исроил айрим тафсилотлар ҳали ҳал қилинмагани, 16 январда ҳукумат овоз беришини билдирди.

2023 йил октябрь ойида Ғазо секторига қарши уруш бошланганидан бери Исроил ҳужуми туфайли 46 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.

Битим вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олади, бу ҳозирча Ғазодаги вайронагарчиликларга чек қўяди. Шунингдек, Ғазодаги гаровдагилар эвазига Исроилдаги кўплаб маҳбуслар озод қилинади. Битим кўчирилган фаластинликларга ўз уйларига қайтиш имконини беради, бироқ уруш туфайли аксариятининг уйи вайрон бўлган.

Фото: AP Photo
Биринчи босқич

Дастлабки босқич 6 ҳафта давом этади ва чекланган асирлар алмашинуви, Ғазодаги Исроил қўшинларининг қисман олиб чиқилиши ва секторга ёрдамнинг кўпайишини ўз ичига олади.

2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС бошчилигидаги Исроил жанубига ҳужум пайтида ушланган 33 нафар исроиллик асирлар, жумладан аёллар, болалар ва 50 ёшдан ошган тинч аҳоли озод қилинади. Бунинг эвазига Исроил ушбу босқичда кўпроқ фаластинлик маҳбусларни, шу жумладан умрбод қамоқ жазосини ўтаётганларни озод қилади. Озод қилинган фаластинликлар орасида 7 октябрдан кейин ҳибсга олинган 1000 га яқин киши бор.

Исроил ўз қўшинларини Ғазонинг аҳоли яшайдиган марказларидан чиқариб, Ғазо-Исроил чегарасидан 700 метрдан ошмаган ички ҳудудларга жойлаштиради.

Исроил тинч аҳолига секторнинг қамал қилинган шимолий қисмидаги уйларига қайтишга рухсат беради. Бу ҳудудда ёрдам ташкилотлари очарчилик юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Исроил анклавга кунига 600 тагача юк машинасида ёрдам етказиб берилишига рухсат беради.

Бундан ташқари, жароҳатланган фаластинликлар даволаниш учун Ғазо секторидан чиқиб кета олади. Келишувнинг биринчи босқичи амалга оширила бошлаганидан етти кун ўтгач, Миср билан Рафаҳ чегарасини очилади.

Исроил кучлари Миср ва Ғазо ўртасидаги чегара ҳудудида жойлашган Филаделфия йўлагидаги ўз иштирокини қисқартиради. Келишув кучга кирганидан сўнг 50 кун ичида бу ҳудуддан тўлиқ чиқиб кетади.

Биринчи босқичдан сўнг нима бўлади?

Иккинчи ва учинчи босқичлар тафсилотлари, асосан келишилган бўлса-да, биринчи босқич давомида музокаралар орқали аниқланиши керак. АҚШ президенти Жо Байденга кўра, кейинги босқичлар бўйича музокаралар биринчи босқичнинг дастлабки 6 ҳафтасидан ўтиб кетса ҳам, келишув давом этаверади.

Муҳим жиҳати шундаки, Исроил биринчи босқич якунлангач ва гаровдагилар қайтарилганч, ҳужумларини қайта бошлаш имкониятини истисно қиладиган ҳеч қандай ёзма кафолат берилмаслигига туриб олган.

Бироқ, Associated Press ахборот агентлиги келтирган Миср манбасига кўра, музокараларда иштирок этаётган уч воситачи — Миср, Қатар ва АҚШ ҲАМАСга оғзаки кафолатлар берган. Бу кафолатларга кўра, музокаралар давом этади ва учала воситачи ҳам дастлабки 6 ҳафталик муддат тугашидан олдин иккинчи ва учинчи босқичларни амалга оширадиган келишувга эришиш учун ҳаракат қилади.

Фото: Human Rights Watch
Иккинчи босқич учун нима режалаштирилган?

Агар 2-босқич учун шартлар бажарилгани аниқланса, ҲАМАС қолган барча гаровдагилар, асосан эркак ҳарбийларни, Исроил қамоқхона тизимида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш эвазига қўйиб юборади. Бундан ташқари, амалдаги ҳужжатга кўра, Исроил Ғазо ҳудудидан “тўлиқ чиқиб кетиш”ни бошлайди.

Бироқ, бу Исроил ҳукуматининг, бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг позицияларига ҳам зид келади. У аввалги позицияларида можарони чўзиш учун бир неча бор ҲАМАСнинг Ғазодаги мавжудлигидан фойдаланган.

Учинчи босқич

Учинчи босқичнинг тафсилотлари ноаниқлигича қолмоқда. Агар иккинчи босқич шартлари бажарилса, учинчи босқичда гаровдагиларнинг жасади халқаро назорат остида амалга ошириладиган уч-беш йиллик реконструкция режаси эвазига топширилади.

Ҳозирда ўт очиш тўхтатгандан кейин Ғазони ким бошқариши бўйича келишув йўқ. АҚШ буни амалга ошириш учун Фаластин маъмуриятининг ислоҳ қилинган версиясини талаб қилди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, вақтинчалик бошқарув ҳокимиятини шакллантиришга “халқаро ҳамкорларни” таклиф қилиш мумкин.

Фото: Getty Images
"Бошқа ҳамкорлар, хусусан, араб давлатлари қисқа муддатда хавфсизликни таъминлаш учун кучларни тақдим этади", деди у.

Бундай режанинг амалга ошиши учун у араб давлатлари, жумладан Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Улар эса фақат Фаластин давлатчилигига йўл очилсагина бу режани қабул қилишини айтган. Бу эса, 1990 йиллардаги Осло битимларида Исроил икки давлат ечимига рози бўлганига қарамай, Исроил қонун чиқарувчилари учун яна бир баҳс-мунозарали масалани келтириб чиқаради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув нималардан иборат?