Қўшма Штатларда тегишли рухсатномаларсиз яшаётган мигрантларни қўлга олиш ва депортация қилиш бўйича рейдлар янги маъмуриятнинг илк иш кунидан бошланади, деб хабар бермоқда Америка нашрлари.
АҚШнинг янги маъмуриятида чегара назорати учун жавоб берадиган Том Ҳоумэн ноқонуний иммигрантларга қарши катта «ов» ўтказишни ваъда қилмоқда. Фото: Reuters
New York Times ва Wall Street Journal аниқлик киритишича, Трампнинг янги жамоасида чегара муҳофазаси учун масъул бўладиган Том Ҳоумэн муҳожирлар улуши юқори бўлган шаҳар Чикагода (бу шаҳарга 2022 йил августдан бери 51 мингдан зиёд мигрант келган) ноқонуний муҳожирларни таъқиб қилиш сешанба куниёқ бошланиши мумкинлигини ваъда қилган.
Бундан олдинроқ, Fox News учун берган интервюсида, Ҳоумэн бутун мамлакат бўйлаб ноқонуний мигрантларга қарши «катта рейд» ўтказилишини анонс қилганди. У Чикаго оммавий депортациялар учун «бошланғич нуқта» деб атаган. Амалиётни ўтказишга 100-200 нафар ходимни жалб этилади.
Нашрнинг ёзишича, рейднинг мақсади «жиноий ўтмишга эга мамлакатдаги ноқонуний мигрантларни аниқлаш»дан иборат. Улар йўл ҳаракати қоидаларини бузган ёки Байден маъмурияти жиноий жавобгарликка тортиш учун жиддий эмас деб ҳисоблаган бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган бўлиши мумкин.
Трампнинг ўзи ҳам аввалроқ мамлакат тарихидаги энг кенг кўламли депортация дастурини шахсан назорат қилмоқчи эканини айтганди.
Ноқонуний мигрантларга қарши курашиш Трампнинг Оқ уйга қайтиш бўйича кампаниясининг асосий мавзуларидан бири бўлганди
Фото: Nic Antaya/Getty Images
Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) мунтазам равишда ноқонуний мигрантларни тутиш ва депортация қилиш билан шуғулланади.
Аммо душанба куни, Трампнинг инаугурациясидан кейиноқ, идора федерал иммиграция расмийлари билан чекланган даражада ҳамкорлик қилувчи «бошпана шаҳарлар»га қарши қаратилган амалиётни бошлаши кутилмоқда
Чикагодан ташқари Американинг бошқа ўнлаб шаҳарлари, жумладан Лос-Анжелес ва Ню Йорк каби йирик шаҳарларда ҳам ноқонуний мигрантларга нисбатан шундай «юмшоқ» сиёсатга амал қилинади.
«21 январ куни сизнинг шаҳрингизда жиноятчилар ва жиноий тўдаларнинг аъзоларини қидириш билан шуғулланувчи ICE агентлари пайдо бўлади, — деганди Ҳоумэн ўтган ойда Чикагода ўтказилган республикачилар йиғилишида. - Буни эътиборга олинг. Чунки шундай бўлади».
ICE’нинг шу каби рейдлари Ню Йорк, Лос-Анжелес, Денвер ва Майамида ҳам ўтказилади, деб ёзади Wall Street Journal вазиятдан хабардор манбасига таяниб.
Оқ уйни Байден маъмурияти бошқарган сўнгги тўрт йилликда ICE’нинг биринчи навбатдаги эътибори фақат оғир жиноятлар содир этган, чегарани энди кесиб ўтган ёки миллий хавфсизликка хавф туғдирадиган ноқонуний мигрантларга қаратилганди.
Трампнинг жамоаси ҳам биринчи галда жиноят содир этган муҳожирлар билан шуғулланишини билдираётган бўлса-да, сайловолди кампанияси чоғида шу нарса бир неча бор такрорланган: қўлга олиш ва депортация истисносиз барча муҳожирларга — жумладан, кўп йиллардан буён АҚШда ишлаб яшовчи ва жиноий ўтмиши бўлмаганларга ҳам таҳдид солади.
ICE’нинг мунтазам рейдлари Америкадаги ноқонуний мигрантлар ишлайдиган қурилиш ҳудудлари бўйлаб тикланиши кутилмоқда. Жо Байден раҳбарлигидаги олдинги маъмурият бу амалиётни бекор қилганди.
АҚШ сиёсатида кутилаётган кескинлашув олдидан фермерларнинг хўжаликларида ишловчи ноқонуний муҳожирлар юристларга иммиграция расмийлари билан тўқнашганда ўзини қандай тутиши лозимлиги ва ҳар эҳтимолга қарши фарзандлари учун вақтинча васийларни қандай тайинлаш бўйича маслаҳат сўраб мурожат қилмоқда.
Ноқонуний мигрантлар асосан жисмоний куч талаб этиладиган ишларда ишлашади: ёки далада, ёки қурилишда
Фото: CHANDAN KHANNA/AFP via Getty Images
«Маъмурият ҳали ваколат олмади, аммо одамлар аллақачон жуда қўрқиб кетишган», — дея Калифорниядаги мексикалик қишлоқ хўжалиги ишчиларига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи Centro Binacional para el Desarrollo Indígena Oaxaqueño ташкилоти ижрочи директори Сараит Мартинеснинг сўзларини келтиради Reuters.
Миллионлаб ноқонуний мигрантларни депортация қилиш ҳамда иш жойларида рейдлар ўтказиш ваъдаларидан ташқари, айрим маълумотларга кўра, Трамп черковлар ҳудудида ҳеч қандай ҳибсга олиш амалга оширилмаслиги бўйича анъанавий сиёсатдан ҳам воз кечмоқчи эканига ишора қилган.
Шу билан бирга, режалаштирилаётган рейдлар маҳаллий ва минтақавий амалдорлар учун жиддий қийинчиликлар туғдириши муқаррар ҳол, қўлга олинган ноқонуний мигрантларни қаердадир ушлаб туриш керак бўлади, уларни жойлаштиришга мўлжалланган жойларда эса ўринлар сони анча чекланган.
Бу вақтда эса кейинги ҳафтада Конгресс федерал ҳукуматдан АҚШда яшовчи муҳожирларни, улар жиноий фаолиятда гумон қилинган тақдирда, уларга нисбатан расмий айбловлар қўйилмаган бўлса ҳам, қўлга олиш мажбуриятини юкловчи қонунчилик нормасини маъқуллаши кутилмоқда.
Қонун ўтган йили Жоржияда бунга қадар дўкондаги ўғирлик учун ҳам қўлга олинган венесуэлалик мигрант томонидан ўлдирилган талаба Лейкен Райли шарафига номланган.
Трамп сайловолди кампанияси давомида бир неча бор ўзининг асосий вазифаларидан бири ноқонуний мигрантларга қарши курашиш эканини таъкидлаб, АҚШ тарихидаги энг катта оммавий депортацияни ўтказишга ваъда берганди.
Доналд Трамп 2016 йилги президентлик кампанияси бошидан буён ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш ниятида эканини айтиб келади. 2024 йил май ойида TIME журнали билан суҳбатда у Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантлар сонини 15-20 миллион кишига баҳолаган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар