Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида гиёҳванд моддаларнинг йирик миқдорда тарқатилиши олди олинди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 25 килограммдан ортиқ наркотик воситалар мусодара қилинди.
Маълумотларга кўра, аввалроқ наркокурьерлар орқали Сурхондарё вилоятидан Фарғона вилоятига олиб кирилган 9 кг 896 грамм “гашиш” моддаси махсус кузатувда бўлган. Ушбу моддаларни дала майдонидаги яширин жойдан олишга уринган пайтда Марғилон шаҳрида яшовчи хусусий тадбиркор (1983 йилда туғилган) ва унинг 1989 йилда туғилган жиноий шериги ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тадбир пайтида уларнинг ёнидан 14 минг 500 АҚШ доллари ва 6,25 миллион сўм пул маблағи ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, терговга қадар текширув жараёнида учинчи шахснинг яшаш хонадондан 110 грамм “опий”, икки электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ва 28 миллион сўм ҳам топилди. Аниқланишича, моддалар Фарғона водийсида истеъмолчиларга тарқатилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, Афғонистон йўналиши бўйича наркотрафикка қарши курашиш доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам махсус операция ўтказилди. Тергов маълумотларига кўра, Тўрткўл туманида яшовчи, аввал ҳам гиёҳванд моддалар савдоси учун жиноятга тортилиган шахс Хоразм вилояти Хазорасп туманида истиқомат қилувчи шериги билан тил бириктириб, Афғонистондан катта миқдорда “опий” олиб келишга буюртма берган.
Натижада наркокурьерлар воситасида олиб келинган 6 кг 149 грамм “опий” ва 9 кг 814 грамм кўкнори сомони Тўрткўл туманидаги яширин жойдан чиқариш вақтида улар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотича, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси (Контрабанда) ва 273-моддаси (Гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва тарқатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Суд қарорига кўра, гумонланувчилар қамоқ эҳтиёт чораси билан қўриқланмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши жамият хавфсизлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Шу боис ҳуқуқ-тартибот органлари бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун тезкор чораларни кучайтиришда давом этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!