06:50 / 22.01.2025
230

Сурия Россия билан Тартус порти бўйича шартномани бекор қилди

Сурия Россия билан Тартус порти бўйича шартномани бекор қилди
Суриянинг янги ҳукумати “Стройтрансгаз” компанияси билан Россия ҳарбий-денгиз флотининг ягона хорижий базаси жойлашган Тартус портига сармоя киритиш тўғрисидаги келишувни бекор қилди.

Тартус божхона директори Риёд Жудийнинг сўзларига кўра, порт фаолиятидан тушган барча даромадлар энди “Сурия манфаати учун” йўналтирилмоқда, денгиз бандаргоҳига хизмат кўрсатувчи ишчилар эса давлат бошқарувига қайтмоқда. Жудий, шунингдек, Россия келишувларга зид равишда порт механизмларини модернизация қилмаганига эътибор қаратди. Эндиликда ҳокимият эскирган иншоотларни тиклаш билан мустақил шуғулланади.

Россия ҳукумати 2019 йил апрелида Сурия собиқ президенти Башар Асад билан Тартус портини 49 йилга ижарага бериш бўйича келишув тузган эди. Шу билан бирга, “Стройтрансгаз” билан инвестиция шартномаси имзоланган, унинг шартларига кўра, Москва кейинги тўрт йил ичида портни модернизация қилишга 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритишни ваъда қилган. Дамашқда порт унумдорлиги йилига 4 миллион тоннадан 38 миллион тоннагача кўпайиши тахмин қилинган эди. Россия ҳукумати қанча сармоя киритганлиги номаълум.

Фото: Reuters
2024 йилнинг декабрь ойида Россия ўз кемаларини Тартусдан олиб чиқишни бошлади. Суриянинг янги ҳукумати ҳанузгача портдан қурол-яроғ ва ҳарбий техникани тўлиқ олиб чиқиб кетишга рухсат бермаяпти. Тартус порти Суриядаги иккинчи йирик портдир. У ерда жойлашган ҳарбий база Россияга Ўрта ер денгизига тўғридан-тўғри чиқиш имконини берган ва Хмеймимдаги аэродром билан бир қаторда Кремлнинг Яқин Шарқ ва Африкага таъсирини кенгайтириш учун асосий нуқта бўлиб хизмат қилган, шунингдек, қўшинлар, ёлланма аскарлар ва қуролларни ташиш учун марказ бўлиб хизмат қилган.

Аввалроқ Сурия Молия вазирлиги Россиядан товарлар импортини тақиқлади. Худди шундай чекловлар Эрон ва Исроил маҳсулотларига нисбатан ҳам жорий этилган. Бунинг ўрнига Сурия дўконларига Туркия, АҚШ ва Саудия Арабистонидан товарлар кела бошлади. Янги ҳукумат молиявий ҳисоб-китобларни долларда ўтказишга рухсат берди ва ягона божхона тўловларини тасдиқлади, уларни 50-60 фоизга пасайтирди. Қайд этилганидек, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун хом ашё импортини енгиллаштиради ва саноатни рағбатлантиради.

Сурияда Асад режимининг қулаши

Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.

Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирган, одамлар буюмларни талон-торож қилган. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланган. Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди.

10 декабрь куни Идлиб шаҳрида исёнчиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган телевидение мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сурия Россия билан Тартус порти бўйича шартномани бекор қилди