
Житомир областидаги титан карери. Фото:Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Россия-Украина урушида тинчликка эришиш масаласи кўп жиҳатдан нодир ерости металларини қазиб олиш бўйича келишувларга боғлиқ. Киев иқтисодиётни тиклаш учун маблағ ва хавфсизлик кафолатлари олиш мақсадида ўз ҳудудида бу металларни қазиб олишни таклиф қилмоқда. Москва эса ўз жавобида Россияда бу металларнинг захираси бир неча баробар кўплигини таъкидлаб, уларни қазиб олишни яқинда аннексия қилинган Украина ҳудудларида ҳам йўлга қўйиш мумкинлигини билдирмоқда.
Ўзи бу металлар АҚШга нега керак? Нима учун уларнинг аҳамияти эҳтимолий тарзда ортиқча баҳоланмоқда?
Белград Хавфсизлик сиёсатлари маркази илмий ходими Михаил Коростиков Carnegie Politika лойиҳаси учун бу масалага аниқлик киритди.
АҚШГА нодир ерости металлари нима учун керак?
Доналд Трампнинг нодир ерости металларига бўлган эътибори тасодиф эмас. Бу 17 элементдан иборат гуруҳ электромобиллар ва қуёш панелларидан тортиб, қайта ишлатиладиган ракеталар ва самолётларгача бўлган юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, ҳар бир F-35 самолётида тахминан 400 кг нодир ерости металлари ишлатилган. Шу билан бирга, АҚШ бу металларнинг 70 фоиздан ортиғини фақатгина Хитойдан импорт қилади.
Вашингтон бу қарамликни енгишга уринаётганига анча вақт бўлди, аммо бу саъй-ҳаракатлар ҳозирча муваффақиятсиз бўлмоқда. 2018 йилда АҚШ Хитойдан келадиган нодир металларга божларни оширишга ҳаракат қилди, лекин тез орада бу ғоядан воз кечишга мажбур бўлди. Чунки Хитой дунёдаги нодир ер металларининг 60 фоизини қазиб олади ва 90 фоизини қайта ишлайди — бу соҳада унинг ўрнини босадиган муқобил мавжуд эмас.
2019 йилда Пекин савдо урушига жавобан АҚШга нодир ерости металларини етказиб беришни чеклашини маълум қилганди. Бу эса қисқа муддатли ваҳимага ва айрим металлар нархи 150 фоизга кўтарилишига сабаб бўлди.
Вашингтон бу таҳдидлардан сўнг дарҳол «Муҳим минераллар етказиб беришни кафолатлаш бўйича федерал стратегия»ни эълон қилди. Бу ҳужжатда ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш режалари белгиланди. Шу вақтдан бери АҚШнинг турли давлат агентликлари бу йўналишда миллиардлаб доллар сарфлади. Энг йирик лойиҳалар қаторида Техасда Lynas Rare Earths Ltd заводи қурилиши ва Калифорниядаги Mountain Pass кони имкониятларини кенгайтириш киритилган.
Бу саъй-ҳаракатлар бесамар кетмади. АҚШ 2019 йилда 28 минг тонна нодир металларини ишлаб чиқарган бўлса, 2024 йилга келиб бу рақам 45 минг тоннага етди. Бироқ, истеъмол ҳажми ўсиши туфайли умумий баланс ўзгармади: 2019–2024 йилларда Хитойнинг АҚШ нодир ер металлари импорт борасидаги улуши ўртача 72 фоизни ташкил қилди.
Нега нодир металларни қазиб олиш қийин?
Кўплаб минераллар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнида назорат ўрнатиш — Хитойнинг АҚШ билан савдо урушидаги асосий кузирларидан бири ҳисобланади. 2024 йил декабрида — Доналд Трамп президентликка қайта сайланишидан олдин — Пекин Хитой яримўтказгичларига қарши АҚШ санкцияларига жавобан сурма, галлий, германий ва графит экспортини тўлиқ тақиқлади ёки жиддий чеклади. Бу металлар нодир ерости элементларига киритилмаган бўлса ҳам, Вашингтон уларни саноат учун энг муҳим минераллар рўйхатига киритганди.
Бу чеклов АҚШ учун жиддий иқтисодий йўқотишларга олиб келди – сурма нархи 200 фоизга ошиб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 3,4 миллиард долларга камайди. Шу билан бирга, Хитой дунёдаги сурма ишлаб чиқаришнинг фақат 48 фоизини назорат қилади, демак, бу фақат огоҳлантириш эди. Агар Пекин ҳақиқатан ҳам АҚШга нодир металларни етказиб беришни чекласа, бу смартфонлардан тортиб ҳарбий самолётларгача АҚШнинг барча юқори технологияли тармоқларига катта зарба бўларди, йўқотишлар эса юзлаб миллиард долларни ташкил этарди.
АҚШнинг Хитойдан нодир ер металларига бўлган қарамлигини камайтириш муаммосини ҳал қилишнинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, бундай металларга эга конларнинг хусусияти. Нодир ерости металлари номидан фарқли ўлароқ, улар Ер юзасида кенг тарқалган, аммо уларнинг қазиб олиш учун иқтисодий жиҳатдан мантиқий бўлган концентрацияси (масалан, ҳар бир тонна чиқиндили тупроққа 1-2 фоиз металлар миқдори) жуда кам учрайди. АҚШда тасдиқланган захиралар 1,9 миллион тоннани ташкил қилади, Россияда — 3,8 миллион тонна. Аммо бу рақамлар Хитойнинг 44 миллион тонналик улкан захираси олдида ҳеч нарса эмас. Бундан ташқари, Хитойда нафақат захира кўп, балки уларнинг руда таркибидаги концентрацияси ҳам юқори.
Иккинчидан, уларни ўзлаштириш хусусиятлари. Нодир ерости металларини қазиб олиш ва қайта ишлаш улкан сармоя талаб қилади. Лойиҳанинг дастлабки босқичларида камида 500–700 миллион доллар сарфлаш керак бўлади, бу ҳали қўшимча харажатлар ҳисобга олинмаганда. Шу билан бирга, металларнинг бозордаги нархи жуда ўзгарувчан бўлиб, бу лойиҳаларни хавфли инвестицияга айлантиради. Шу сабабли 2024 йилда жаҳон бўйлаб нодир ер металлари бўйича амалга оширилган лойиҳаларнинг 84 фоизи давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилди, хусусий сектор эса бунга катта қизиқиш билдирмади.
Учинчидан, бу металлар табиатда ҳеч қачон тоза ҳолда учрамайди, улар ажратиш қийин бўлган мураккаб бирикмалар кўринишида жойлашган. Бу жараён учун махсус технологиялар талаб этилади. Охирги 30 йил ичида бу соҳага Хитойдан бошқа деярли ҳеч ким жиддий инвестиция киритмади. Хитой раҳбарлари нодир ер металларини замонавий технологиялардан фойдаланиш имкони сифатида кўриб, бу йўналишда исталган нархни — молиявий, ижтимоий ва экологик — тўлашга тайёр бўлган. 1992 йилда Дэн Сяопин Ички Мўғулистонга ташриф буюрганида шундай деган эди: «Яқин Шарқда нефт бор, Хитойда эса нодир ерости металлари».

Ички Мўғулистон ғарбидаги Баян-Обо тоғ-кон минтақаси. 2010 йил
DigitalGlobe / Getty Images
Ниҳоят, тўртинчидан, нодир ерости металларини қазиб олиш атроф-муҳитга жиддий зиён етказади. Уларни ажратишнинг энг кенг тарқалган усули — турли кучли кимёвий моддалар, шу жумладан кучли кислоталар ёрдамида ювишдир. Бу жараён йирик миқёсда қўлланганда тупроқ, сув ва ҳавони заҳарлайди.
Дунёдаги энг йирик кон — юқорида тилга олинган Ички Мўғулистондаги Баян-Обо кони бунинг ёрқин мисоли. У ердаги сув, ҳаво ва тупроқ заҳарли металлар, кислоталар ва радиоактив изотоплар билан тўла. Бу нафақат экологик, балки катта ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Ғарб давлатларидаги экологик стандартлар сабабли бундай ишлаб чиқариш узоқ вақт давомида ривожланмаган. Фақат сўнгги йилларда нисбатан тоза технологиялар пайдо бўлгач, бу соҳада ўзгаришлар кузатилмоқда.
Металлар бўйича келишувлар музокаралар учун нега муҳим?
Нодир ерости металларини қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёни жуда мураккаб ва катта харажат талаб қилади. Шу сабабли, уларни қисқа ёки ўрта муддатли истиқболда Россия ёки Украина ҳудудида ишлаб чиқариш АҚШ учун амалга ошиши қийин.
Украинадаги конларнинг катта қисми Россия назоратида қолаётган ёки унинг артиллерия зарбаси етиб борадиган ҳудудларда жойлашган. Ҳатто бу ҳудудлар қайтариб олинган тақдирда ҳам, узоқ муддатли тинчлик кафолатисиз бу минтақаларда конларни ривожлантириш хавфи инвесторлар учун жуда юқори бўлади.
АҚШ ҳукумати бу лойиҳаларга сармоя киритишга рози бўладими — бу ҳам катта савол. Агар Харкив областидаги Америка объектларига тасодифий снаряд тегса, Вашингтон буни тўғридан тўғри ҳужум сифатида баҳолаши ва жавоб қайтариши мумкинми? АҚШ кейинги йилларда бундай хатарли вазиятлардан қочишга ҳаракат қилмоқда.
Агар узоқ муддатли тинчлик келишуви имзоланса ҳам, масалалар ечимсиз қолаверади. Нодир ерости металларини қазиб олиш жуда катта энергия талаб қилади ва бунинг учун Украина энергетика тизими етарли эмас. Россиянинг уч йиллик урушидан сўнг, мамлакат энергетика тизими деярли бутунлай вайрон бўлган. Бу эса конларни ишга тушириш харажатларини янада оширади — чунки ҳар бир завод учун алоҳида электр станцияси керак бўлади.
Бундан ташқари, муҳокама қилинаётган келишувларда Украина учун АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатлари мавжуд эмас. Доналд Трамп бу борада аниқ фикрини билдирган: «Мен хавфсизлик бўйича ортиқча кафолат бермайман. Буни Европа қилсин». Бу эса шундай вазиятни юзага келтирмоқдаки, Украина бойликларидан фойдани АҚШ кўради, аммо уларни муҳофаза қилиш харажатларини Европа кўтариши керак.
Россия таклиф этган лойиҳа назарий жиҳатдан осонроқ туюлиши мумкин, лекин у ҳам деярли ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келади.
АҚШ чегарадан узоқроқда жойлашган Россия конларига сармоя киритиши мумкин эди, лекин бунда транспорт инфратузилмаси масаласи юзага келади — бу конлар асосий савдо йўлларидан узоқда жойлашган. Шунингдек, технологиялардан фойдаланиш муаммоси мавжуд — уларнинг аксарияти санкциялар остида. Лекин энг катта тўсиқ — мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш муаммосидир. Охирги икки йил ичида Россия бир қанча хорижий инвесторларнинг активларини деярли ҳеч қандай компенсациясиз миллийлаштирди.

Мурманск областидаги Ковдорск темир руда кони карери
Лев Федосеев / ТАСС / Profimedia
Бундан ташқари, Путин таклифи Россиянинг энг муҳим ҳамкори — Хитой манфаатларига зид. Хитой Россия иқтисодиётини барқарорлаштиришда ҳал қилувчи рол ўйнаётгани ҳисобга олинса, Москва Пекин манфаатларига қарши боради, деб тахмин қилиш жуда қийин.
Шунинг учун бу келишув амалга ошиши эҳтимоли жуда паст. Трамп маъмурияти АҚШ сиёсий тизимидаги ноёб ҳодиса ҳисобланади ва келгуси президент унинг энг баҳсли қарорларини қайта кўриб чиқишга уринади. Агар Россия билан бу каби келишувга эришилса ҳам, у узоқ яшамайди ва бекор қилинади.
Ҳозирча эса, Москва ва Киевда муҳокама қилинаётган барча нодир ерости металларига оид лойиҳалар фақатгина музокараларда тактик устунликка эришиш учун ишлаб чиқилаётганга ўхшайди. Ҳатто расмий ҳужжатлар имзоланса ҳам, улар тезда унутилиши турган гап. Бу соҳада ҳақиқий лойиҳалар фақат Россия-Украина уруши барқарор тинчлик билан якунланган тақдирдагина амалга ошиши мумкин. Ҳаттоки шунда ҳам бу тез амалга ошмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар