
Буюк Британияда фаолият юритаётган мутахассисларнинг деярли ярми (48 фоизи) агар иш берувчилар уларни ҳафта давомида тўлиқ офисга қайтишга мажбур қилса, ишдан бўшаш аризасини ёзишга тайёр. Бу ҳақда Hays рекрутинг компанияси тадқиқотларига таяниб, The Guardian нашри хабар берди.
Аёл ходимлар орасида эса бу кўрсаткич янада юқори бўлиб, 58 фоизни ташкил қилади. Тадқиқот 8 мингдан ортиқ ходимга эга компаниялар орасида ўтказилган.
Гибрид ишлаш режими оммабоп бўлиб қолмоқда
Ходимларнинг 75 фоизи гибрид иш жадвалини афзал кўриши аниқланган. Бу режимга кўра, ходимлар ҳафтанинг маълум бир қисмини офисда, қолган қисмини эса уйда ишлашади. Айни пайтда Британиядаги компанияларнинг 77 фоизи айнан шу моделдан фойдаланмоқда. Энг кенг тарқалган вариант ҳафтада уч кун офисда ишлаш бўлиб, бу режимни 25 фоиз компаниялар қўлламоқда.
Мутахассисларнинг 77 фоизи уйда кўпроқ ишлашни хоҳлашининг асосий сабаби иш жойига боришдаги транспорт харажатларининг юқорилигидир.
Иш берувчилар хавотирда
Иш берувчиларнинг 66 фоизи ходимларни тўлиқ офисга қайтишга мажбур қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Шу билан бирга, компанияларнинг 52 фоизи офисда ишлайдиган ва уйдан ишлайдиган ходимларнинг самарадорлиги бир хил эканини таъкидлаган. Шунга қарамай, сўровда иштирок этган компанияларнинг 25 фоизи ходимларни офисга тез-тез келишга чақирган.
Hays компаниясининг операцион директори Пэм Линдси-Данннинг фикрича, иш берувчилар офисга мажбурий қайтишни жорий қилса, энг яхши мутахассисларни йўқотиш хавфи катта бўлади. Шу сабабли, у компанияларга иш муҳитини ходимлар учун қулайлаштиришни тавсия этган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар