date

Ерда яна музлик даври бошланиши мумкин

Ерда яна музлик даври бошланиши мумкин

Ер ҳароратининг ортиши инсоният кутмаган йўналишда – глобал исиш эмас, балки янги совуқ даврга олиб келиши эҳтимолини кўрсатмоқда. Германиянинг Бремен шаҳрида жойлашган MARUM денгиз ва атроф-муҳит фанлари маркази тадқиқотчилари шундай хулосага келишди.

Мутахассислар фикрича, сайёра иқлимидаги мувозанат фақат тоғ жинсларининг аста-секин емирилиши орқали карбонатни ушлаб туриш ва ҳароратни барқарорлаштириш билан чегараланмайди. Ердаги биологик жараёнлар, айниқса сув ўтлари, фосфор айланмаси ва океаннинг кислород тизими ҳам глобал ҳароратга жиддий таъсир кўрсатади.

Одатда ёмғир сувлари ҳаводаги карбонат ангидридни ютиб, тоғ жинсларини еритади. Бу жараёнда ажралган моддалар океанга бориб, маржон ва чиғаноқлар шаклида юз миллионлаб йиллар давомида тубда сақланади. Шу орқали Ер табиий “термостат” ролини бажаради. Аммо олимлар таъкидлашича, тарихда бундай табиий механизм ишламай қолган даврлар бўлган — шунда бутун сайёра муз билан қопланган.

Янги тадқиқотлар эса бу жараёнга сув ўтлари ва фосфор айланмаси кучли таъсир қилганини кўрсатади. Ҳаво исиши билан сувларга кўпроқ фосфор кириб келади, бу эса сув ўтларининг тез кўпайишига сабаб бўлади. Улар фотосинтез орқали ҳаводан карбонатни ютади ва ўлгач, углеродни океан тубига олиб кетади. Шу билан бирга, сувдаги кислород миқдори камайиб, айланма жараёнда фосфор тўпланиши ортиб кетади.

Натижада океанларда катта миқдорда углерод сақланиб қолади, бу эса Ернинг совишига олиб келади. Тадқиқотчилар Ҳюлсе ва Энди Риджвеллнинг модели шундай “тескари цикллар” қадимги даврларда кескин музлик даврларига сабаб бўлганини кўрсатди.

Ҳозирги кундаги атмосферада кислород даражаси юқори бўлгани сабабли, бундай сценарий қайталанса ҳам, у қадар қаттиқ совуқ бўлмаслиги тахмин қилинмоқда. Аммо олимлар узоқ муддатли нуқтаи назардан бу жараён инсоният учун янги иқлим мувозанати даврини бошлаши мумкинлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, БМТ маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши сабаб Ер юзида ҳар йили 10 миллион гектардан ортиқ ўрмон майдони йўқолмоқда. Бу жараён, олимлар таъбири билан айтганда, “Ер нафаси тортаётган манбалар” учун жиддий таҳдид солмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ерда яна музлик даври бошланиши мумкин