
Чоршанба куни кечқурун Украина ва АҚШ келишув имзолади, унга кўра Вашингтон Украина табиий ресурсларининг бир қисмидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳужжат имзолангач, АҚШ расмийлари Украина учун кутилмаган мақтовли баёнотлар билан чиқди, Киевдагилар эса мазкур ҳужжат Вашингтон томонидан узоқ муддатли қўллаб-қувватловни таъминлашига умид билдирди.
BBC томонлар бир неча ой давомида ишлаб чиққан ва Украинани тиклаш учун инвестиция жамғармаси яратишни назарда тутувчи келишувнинг еттита асосий жиҳати ҳақида сўз юритди.
Украина пулларни АҚШга қайтариши шарт эмас
Бунгача АҚШ президенти Доналд Трамп Украина Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери Вашингтон уни қўллаб-қувватлагани, жумладан, ҳарбий ёрдам учун ажратган маблағларни қайтариши кераклигини таъкидлаган эди.
Трамп ўз баёнотларида Америка 350 миллиард долларлик ёрдам кўрсатганини айтган, бироқ экспертлар ва Украина расмийлари бу миқдорни жуда юқори деб ҳисоблайди. Американинг нуфузли Халқаро алоқалар бўйича таҳлилий кенгаши (Council on Foreign Relations) кенг кўламли уруш бошланганидан бери Американинг Украинага кўрсатган умумий ёрдамини 175 миллиард долларга баҳолаган.
Вашингтон томонидан кўрсатилган кўмак ҳажми қандай бўлганидан қатъи назар, улар тузилган шартномада ҳисобга олинмайди. Украина президенти Володимир Зеленский АҚШнинг олдинги президенти Жо Байден маъмурияти ёрдамни беғараз асосда ажратгани, шунинг учун уни қарз деб бўлмаслигини таъкидлаган.
Вашингтонда имзоланган ҳужжатга кўра, АҚШ бу масалада ён берган. Украина бош вазири Денис Шмигал келишувда унинг мамлакати қарзни қайтариши кераклиги назарда тутилмаганини айтди.
Трампнинг ўзи шартномани ўз мамлакати учун фойдали деб кўрсатишга уриниб, унинг мамлакати «назарий жиҳатдан ўзидан олдинги президент Украинага берган миллиардлардан анча кўпроқ пулни қайтариб олиши»ни айтди.
Вашингтон Россияга нисбатан риторикани яққол кучайтирди
Америка расмийлари Украина билан тузилган битимни эълон қилганида, баёнот оҳанги Россияга нисбатан шу вақтгача бўлганидагига қараганда танқидий эди.

Трампнинг элчиси Стивен Уиткофф Владимир Путин билан бир неча бор учрашган ва Россия пропагандаси тезисларини такрорлаган.
АҚШ молия вазирлиги сайтида эълон қилинган пресс-релизда ушбу шартнома «Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин АҚШ халқи Украинани ҳимоя қилиш учун кўрсатган катта молиявий ва моддий ёрдамни тан олиш учун» тузилгани айтилган.
Бунгача Оқ уй расмийлари бир неча бор Россияни тажовузкор деб аташдан бош тортган, Трамп эса бир неча бор Украинани «урушни бошлаганлик»да айблаганди.
«Президент [Доналд Трамп] айтганидек, АҚШ бу шафқатсиз ва маъносиз урушни тугатишга ёрдам бермоқчи. Бу келишув Россияга Трамп маъмурияти – эркин, суверен ва фаровон Украинага асосланган тинчлик жараёнига содиқ экани ҳақида аниқ сигнал беради», – деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент.
У «Россия ҳарбий машинасини молиялаштирган ёки унга ёрдам етказиб берган бирор давлат ёки шахсга Украинани тиклаш жараёнида пул ишлаб олишга рухсат берилмаслиги»ни қўшимча қилган.
Бундай сўзлар, шубҳасиз, бир неча бор Вашингтондан сулҳ бўйича музокараларда Россияга босимни кучайтиришни талаб қилган Киевга маъқул келди.
Битимга фойдали қазилмалардан ташқари нефт ва газ ҳам киритилган
Келишув ҳақидаги хабарларда мунтазам равишда фақат Украинадаги ўта муҳим минералларнинг бой захиралари тилга олинган бўлса-да, келишув нефт, газ ва бошқа углеводородларга ҳам тегишли.
Гарчи АҚШ улардан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса ҳам, ушбу ресурсларнинг барчаси Украина мулки бўлиб қолмоқда.

Экспертлар фикрича, ҳужжатга нефт ва газ киритилиши Украина томонидан ён берилиши бўлган, чунки бу табиий ресурслар шартноманинг аввалги версияларига киритилмаганди.
Битим Украинанинг Европа Иттифоқига киришига тўсқинлик қилмайди
Украина Европа Иттифоқига қўшилишни ўзининг стратегик мақсади деб билади ва бу борадаги музокаралар расман ўтган йилнинг июн ойида бошланган.
Бунгача Киевдагилар АҚШ билан табиий ресурслар бўйича келишув, агар унда америкалик инвесторларга устунлик берилса, Украинанинг Европа томон интилиши истиқболларига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар билдирилганди. Украина аллақачон Европа Иттифоқи билан хомашё ҳамкорлиги бўйича келишувга эга ҳисобланади.
Бироқ, тузилган битим матнида АҚШ Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш ниятини тан олиши айтилган ва ҳужжат бу ниятга зид бўлмаслиги кераклиги қайд этилган.
Шартномада, шунингдек, агар Украина Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнидаги «қўшимча мажбуриятлар» билан боғлиқ шартларни қайта кўриб чиқиши керак бўлса, АҚШ бу борада хайрихоҳлик билан музокаралар олиб боришга тайёрлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, Киев баёнотларига кўра, АҚШ Украинага, жумладан, Европа Иттифоқи ва дунёнинг бошқа қисмларидан қўшимча инвестициялар ва технологияларни ўтказишни қўллаб-қувватлашга тайёр.
АҚШ ҳарбий ёрдами яна кун тартибида
АҚШ Украинанинг Америка ҳарбий ёрдамини олишда давом этиши кўп жиҳатдан табиий ресурслар бўйича келишувга боғлиқлигини айтди.
Шартномани имзолаш учун Вашингтонга учиб кетган Украина ҳукумати бош вазири ўринбосари Юлия Свириденко келажакда АҚШ Киевга ҳарбий ёрдам, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тақдим этиши мумкинлигини маълум қилди.

АҚШ Украинага кўплаб қурол-яроғ тизимларини, жумладан, HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларини тақдим этган.
Шартномада АҚШ инвестиция фондига қурол-яроғ етказиб бериш шаклида ҳам ҳисса қўшиши мумкинлиги кўрсатилган.
Агар Вашингтон томонидан ҳарбий ёрдам ҳақиқатан ҳам қайта тикланса, бу Трампнинг стратегиясида муҳим ўзгариш бўлади, у илгари Байденни Украинага маблағ ажратгани учун бир неча бор танқид қилганди.
Трамп Оқ уйга қайтганидан бери Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратмади (бу даврда фақат аввалги маъмурият томонидан маъқулланган траншларни Киевга етказиб бериш давом эттирилди).
Украинанинг Kyiv Post нашри ўз манбаларига таяниб, Трамп маъмурияти ерости бойликлари бўйича келишув имзоланганидан кейин Украинага қурол-яроғнинг тижорий савдосини блокдан чиқаргани ҳақида хабар берди.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Оқ уй Конгрессга тўғридан тўғри тижорат дастурлари (DCS) дастури доирасида Украинага 50 миллион доллардан ортиқ мудофаа маҳсулотларини экспорт қилишга рухсат бериш нияти ҳақида маълумот берган.
Ушбу дастур аввал ҳам ишлаган, гарчи қуролларнинг катта қисми бепул берилган бўлса ҳам. 2015 йилдан 2023 йилгача Украина ушбу дастур бўйича етказиб берилган ҳарбий товарлар учун тахминан 1,6 миллиард доллар тўлаган.
Kyiv Post маълумотлари ҳозирча бошқа манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Бироқ, битим имзолангандан сўнг, битта муҳим савол жавобсиз қолмоқда – бу урушнинг умумий йўналиши учун қандай оқибатларга олиб келади. Россия ҳозирча бу битим тузилиши юзасидан изоҳ бермади.
Трамп маъмурияти чиндан ҳам Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ниятида экани ҳозирча номаълум.
...лекин АҚШ исталган вақтда ёрдамни тўхтатиши мумкин
Шартнома матнига кўра, ҳужжатда АҚШ томонидан Украина учун ҳеч қандай аниқ хавфсизлик кафолатлари йўқ, ҳолбуки Киев ва Европа давлатлари пойтахтларида узоқ вақтдан бери Вашингтондан буни талаб қилиб келишган.
Трамп Байденнинг ёндашувини танқид қилган ва Киевга ўзидан олдинги президент каби ёрдам бермоқчи эмас.
Бунинг ўрнига, унинг маъмурияти расмийлари Украина хавфсизлиги АҚШ бу мамлакатда ресурслар битими билан мустаҳкамланган иқтисодий манфаатларга эга бўлиши орқали кафолатланишини таъкидламоқда.
Аммо амалда бу Украина барибир ўзининг энг муҳим иттифоқчисидан аниқ кафолат олмаганини англатади.
Фойда Украинага инвестиция қилинадими?
Украина ҳукуматининг таъкидлашича, инвестиция фонди фаолиятининг дастлабки ўн йилида фойда тўлиқ Украина иқтисодиётига – янги лойиҳаларга ҳам, мамлакатни тиклашга ҳам қайта инвестиция қилинади.
Бу муҳим жиҳат, чунки у дастлабки ўн йил ичида АҚШ битимдан сезиларли молиявий фойда ололмаслигини англатади.
Бу банд, афтидан, Вашингтонда имзоланган битим матнида йўқ, аммо у қўшимча «техник» ҳужжатларга киритилиши мумкин.
Дастлабки 10 йилдан сўнг, Киев маълумотларига кўра, фойда шериклар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.
Пайшанба куни Оқ уй «бу ҳамкорлик Россияга АҚШ [Украина масаласида] ўз манфаатларига эга экани ва Украинанинг муваффақиятли ривожланишини изчил қўллаб-қувватлашини аниқ кўрсатиши»ни маълум қилди.
АҚШ УкраинаТабиий РесурсларҲужжат ИмзолашИнвестиция ЖамғармасиЕвропа ИттифоқиҲарбий Ёрдам Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар